АҚШ Украинага 90 тоннага яқин қурол жўнатди
Олам
−
22 Январь 2022
8582АҚШнинг Украинага қўшимча ҳарбий ёрдамининг биринчи партияси Киевга етиб келди. Бу ҳақда АҚШнинг Украинадаги элчихонаси Twitter’да хабар берган.
“Президент Байден томонидан яқинда Украина учун қабул қилинган бир неча ёрдам партияларининг биринчиси бугун кечқурун Киевга етиб келди. Бу юкда 90 тоннага яқин ўлдирувчи қуроллар, жумладан, фронтдаги Украина ҳимоячилари учун ўқ-дорилар бор. Бу ёрдам Россия томонидан кучайиб бораётган тажовуз фонида АҚШнинг Украинанинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга содиқлигини намойиш этади”, дейилади дипломатик миссия баёнотида.
Аввалроқ, АҚШ Украинага Россияда ишлаб чиқарилган Ми-17 вертолётларини бериши айтилганди. Улар Афғонистонда “Толибон” ҳокимият тепасига келгунига қадар афғон армиясига топшириш учун мўлжалланганди.
Россия Ғарбда Украинага нисбатан ўзига хос тажовузкор режаларни инкор этмоқда. Бироқ унинг НАТОга қўшилиш имкониятини “қизил чизиқлар”дан ташқарига чиқиш деб билади ҳамда Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларидан бундай бўлмаслиги учун кафолат талаб қилмоқда.
Ўтган ҳафтада Россия Ғарб давлатлари билан Украина атрофидаги вазият ва Европа хавфсизлиги бўйича учта музокара ўтказди. Женева, Брюссель ва Венадаги учрашувлар томонларнинг НАТОни кенгайтириш масаласига ёндашувларидаги фарқни тасдиқлади ва алоқаларни давом эттириш бўйича келишувларсиз якунланди.
Маълумот ўрнида, АҚШ Россиянинг Украинага “босқини” жорий йил январь-февраль ойларининг ўрталарида бошланиши мумкинлигини маълум қилди.
Бунга жавобан Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси Оқ уйнинг Украинага босқин уюштириш вақти ҳақидаги баёнотини сохта ва ахборот босими дея атаган.
“Conflict Intelligence Team” (CIT) эса Россия “Искандар” ракеталар мажмуасини ва яна бошқа оғир техникаларни ғарбий чегаралари томон ташиётганини маълум қилди. Унга кўра, ракеталар комплекси ва зирҳли артиллерия ортилган поездлар мамлакат Шарқий ҳарбий округидан ғарбга томон ҳаракатланган.
Шу ўринда, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили ҳам Британия Украинага қурол юбораётганини, аллақачон олтита рейс келганини айтди.
Бундан ташқари, Канада ҳам махсус топшириқлар бўлинмасининг кичик контингентини НАТО ҳарбий альянси ва Россия ўртасидаги зиддият кучайган бир пайтда Украинага жойлаштирди. Шунингдек, Буюк Британия Қуролли Кучларининг махсус операциялар учун ташкил этилган элита ҳарбий бўлинмасининг 30 нафар жангчисини Украинага юборди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь