Агрессор изоляция қилиниши керак – Зеленский хорижий компанияларга илтимос билан чиқди

Олам

image

Халқаро компаниялар Россия бозорини бутунлай тарк этиши керак. Улар Россия Федерациясини изоляция қилишда ва шунга мос равишда Украинага ёрдам беришда асосий роллардан бирини ўйнайди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский “The Wall Street Journal” нашрига берган интервьюсида сўз очган.

"Агрессор изоляция қилиниши керак. Тўлиқ, мутлақ иқтисодий изоляция. Бу Украинага ўз ҳуқуқлари учун курашиш имконини беради. Россия бозорини тарк этиш - мажбурий", дейди Зеленский.

Президентнинг сўзларига кўра, Россия Федерациясининг иқтисодий блокадаси нуқтаи назаридан компанияларнинг ўрни алоҳида мамлакатлар каби муҳим.

Айтиш жоизки, Зеленский жорий йилнинг 4 март куни АҚШ Сенатида нутқ сўзлаганида ҳам глобал бизнесни Россия бозорини тарк этишга чақирганди.

“Агар бирон-бир компания Россия бозорида қолса, демак сиз ушбу уруш машинасини, Россия террористик  жанговар машинасини бевосита қўллаб-қувватлаган бўласиз”, дея сўзида давом этган Украина раҳбари.

Бундан ташқари, Президент нима учун Россия Федерациясида ишончли бизнесни қуриш мумкин эмаслигини тушунтирган. 

"Сиз ўзингизни Россия билан бизнесингиз бордек ҳис қилинг... фойдали бизнес, лекин бир куни сиз уйғонасиз ва Россиядан сизнинг томонингизга ракета учаётганини кўрасиз ва ҳамма нарса ўзгаради. Бундай давлат билан ишлай олмайсиз”, дея хулоса қилган Зеленский.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг