Афғонистон Президентлигига собиқ номзод Абдулла Абдулла Ўзбекистонга келди

Жамият

image

Афғонистон Президентлигига собиқ номзод – айни вақтдаги Олий миллий ярашув кенгаши раиси Абдулла Абдулла Ўзбекистонга келди. У бугун, 11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди. 

Ўзбекистон ташқи идорасининг расмий хабарига кўра, суҳбат чоғида турли соҳалардаги кўп қиррали Ўзбекистон-Афғонистон муносабатлари ҳолати ва уларни янада фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ўрнатиш ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг муҳим жиҳатлари юзасидан фикр алмашилган.

Шунингдек, транспорт, логистика, энергетика, савдо ва таълим соҳаларида инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Афғонистонда тез орада тинчлик ва барқарорликка эришиш учун мазкур мамлакатни Марказий Осиёдаги интеграция жараёнларига жалб қилишни жадаллаштиришнинг муҳимлиги қайд этилган. 

Музокараларда икки томон кун тартибининг ўзаро манфаатли бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилгани айтилмоқда. 

Маълум ўрнида, жорий йилнинг 19 февраль куни бўлиб ўтган Афғонистон президентлиги учун сайловда мамлакатнинг амалдаги раҳбари Ашраф Ғани ғалаба қозонган эди. Аммо Абдулла Абдулла ва унинг тарафдорлари сайлов натижаларини тан олмади. Орадан бир неча ой ўтиб, Президент Ашраф Ғани ва Абдулла Абдулла бир неча ой давом этган сиёсий келишмовчиликдан кейин ҳокимиятни тақсимлаш тўғрисидаги битимни имзоладилар. Абдулла Олий миллий ярашув кенгаши ижроия ҳокимияти билан бошқаради ва унинг жамоаси кабинетда 50 фоиз улушга эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 10 ноябрь куни Шайхай ҳамкорлик ташкилотининг видеоанжуман шаклидаги саммитида иштирок этиб, аъзо ва кузатувчи давлатлар делегатлари эътиборини яна бир бор Афғонистон масаласига қаратиб, Афғонистон муаммосини ҳал этиш имконини қўлдан чиқармасликка чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Абдулазиз Комилов Абдулла Абдулла

Баҳолаганлар

76

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг