“Аэрофлот” санкциялар туфайли самолётларини қисмларга ажратишни бошлади – ОАВ
Олам
−
09 Август 2022
10957Ғарб санкцияларига учраган Россия авиакомпаниялари, жумладан, “Аэрофлот” эҳтиёт қисмлар захирасини таъминлаш учун самолётларни демонтаж қилишни бошлади. Бу ҳақда “Reuters” авиация соҳасидаги тўртта манбага таяниб, хабар берди.
Агентлик суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, ҳозирда “Аэрофлот” компаниясига тегишли битта Superjet 100 ва Airbus A350 самолётлари ерда бўлиб, демонтаж қилинмоқда. Манбанинг аниқлик киритишича, Airbus A350 деярли янги.
“Аэрофлот”нинг бир нечта Boeing 737 ва Airbus A320 самолётларидан ҳам жиҳозлар олиб қўйилган, чунки жиҳозлар ушбу русумдаги қолган самолётларга керак”, дея қўшимча қилган манба.
“Flightradar” хизмати маълумотларига кўра, июль ойи охиридан бери “Аэрофлот” ўзининг 50 га яқин самолётларини ишлатмаган.
“Компаниянинг еттита Airbus-А350 самолётидан учтаси (жумладан, биттаси ҳозирда эҳтиёт қисмлар учун ажратилган) уч ойдан бери учмаган”, деб ёзади “Reuters”.
Маълумот учун:
• февраль ойи охирида Европа Иттифоқи рус самолётлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди, улар учун эҳтиёт қисмларни етказиб беришни, техник хизмат кўрсатишни ҳамда суғурталашни тақиқлади, шунингдек, лизинг компанияларини Россия авиаташувчилари учун ижарага олинган самолётларни қайтаришни мажбур қилди.
• май ойида “Bloomberg” агентлиги эксперт ҳисоб-китобларига таяниб, Boeing ва Airbus авиалайнерлари учун бутловчи қисмлар етишмаслиги сабабли “Аэрофлот” ёз охиригача ўз самолётларини қисмларга ажратишни бошлаши кераклигини хабар қилган эди.
• июль ойида Бош вазир ўринбосари Юрий Борисов транспорт вазирлиги Россия авиакомпаниялари мавжуд Airbus ва Boeing самолётлари паркини беш йил давомида хавфсиз бошқариши мумкинлигини ҳисоблаб чиққанини айтган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси