Абдуқодирнинг Тошкентдаги “саргузаштлари” ўйинга таъсир қилди – Хайрулла Ҳамидов (видео)
Спорт
−
27 Март
19498Ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов футболчи Абдуқодир Ҳусановнинг Тошкентдаги “саргузашти” ҳақида гапирди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
“Абдуқодир Ҳусановнинг Тошкентдаги “саргузаштлари” барибир унинг ўйинига таъсир қилди. Буни кўпчилик айтяпти, буни биргина одамга йўлламоқчимасман. Мен кеча бир нарсани эшитиб хурсанд бўлдим. Яъни тўғри хулосалар чиқарилган, деб ўйлайман. “Zo'r TV” телеканалига ўйиндан олдин меҳмон таклиф қилиниши керак эди. Меҳмонга турли хил вариантларни келтиришди. Охири Муҳаммадали Ўринбоев келди ва у биринчи бўлимда Ҳасан Турдалиев билан ўйинни шарҳлади. Муҳаммадалидан олдин жуда кўпчиликка таклиф билдирилди. Таклифлар орасида Ҳусановнинг отаси Ҳикмат Ҳошимов ҳам бор эди. Телеканал масъулларининг айтишича, Ҳикмат ака рози бўлмабди ва интервью беришни тўхтатибдилар. Мен хурсанд бўлдим. Биринчидан, бу отанинг тўғри хулоса чиқаргани. Чунки бўлди, воқеалар бўлиб ўтди. Балки бошқа нарсалар бўлади, деб ўйлаган бўлиши ҳам мумкин. Тошкентга келишидаги Ҳусановнинг автомобиль билан бўлган воқеаси негатив эффект бериб юборишидан тўғри хулоса чиқарди”, дейди Ҳамидов.
Шунингдек, шарҳловчи Ҳусановнинг ўйиндан олдин етарлича дам олмагани ҳам сезилганини айтди.
“Аввало, танқидлар кўпроқ журналистларнинг чекига тушди. Абдуқодирнинг етарлича дам олмагани бутун ўйин давомида сезилиб турди. Ҳусановда позицияларни йўқотишда муаммолар кўп бўлди. Айниқса, Таремининг голидаги вазиятда у ўз жойини топа олмади. Исталган футболчи жисмоний ҳолатини ташлаб юборадиган бўлса, бу ўйинда яққол сезилади. Шуни билиб олди ва шундан етарлича сабоқ оляпти. Интервьюга рози бўлмаганининг ўзи буни исботлайди. Ҳусанов Тошкентга янаги сафар келишида бундай муаммолар бўлмайди, деган умиддаман”, дейди Хайрулла Ҳамидов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ҳусанов Эронга қарши ўйинда Ўзбекистоннинг энг ёмон футболчиси бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
LiveБарчаси