Эрон-Ўзбекистон – ЖЧга йўл. Ҳусанов энг ёмон ўйинчи бўлди
Спорт
−
26 Март
22648Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралаш босқичларида бу йилгисини қўшганда 8 маротаба иштирок этмоқда. QALAMPIR.UZ Ўзбекистоннинг мундиал саралашларидаги иштироки ҳақида тўхталиб ўтади.
Жаҳон чемпионати-1998, Ўзбекистоннинг илк уриниши
1998 йилги мундиал саралашида илк марта Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирок этди. Дастлабки уринишда Ўзбекистон “B” гуруҳидан ўрин олди. Ушбу гуруҳда Япония, Жанубий Корея, БАА, Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари кейинги босқич учун кураш олиб борган. Ўзбекистон 8 ўйинда 1 ғалаба, 3 дуранг ва 4 мағлубият қайд этиб, 6 очко жамғарган ҳолда 4-ўринни эгаллаган ва Франция мезбонлигидаги мундиал йўлланмасидан бебаҳра қолган.
Жаҳон чемпионати-2002, яхши иштирок, аммо йўлланма йўқ
Ушбу мундиал саралашини Ўзбекистон терма жамоаси 1-раунддан бошлаган ва Туркманистон, Иордания ва Хитой Тайпейини ортда қолдириб 2-раундга йўл олган. Иккинчи босқичда Ўзбекистон “В” гуруҳидан ўрин олди. Ушбу гуруҳда Хитой, БАА, Ўзбекистон, Қатар ва Уммон терма жамоалари кейинги босқич учун кураш олиб борган. Мазкур босқичда Ўзбекистон 8 та ўйинда 3 ғалаба, 1 дуранг ва 4 мағлубият қайд этган ҳолда 10 очко жамғариб, 3-ўринни банд этган. Бу натижа эса Жанубий Корея ва Японияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун етмас эди.
Жаҳон чемпионати-2006, ўтиш ўйинидаги муваффақиятсизлик
Ушбу мундиал саралашида Ўзбекистон 2-босқичдан курашга қўшилган. Мазкур босқичда Ўзбекистон Ироқ, Фаластин ва Хитой Тайпейини ортда қолдириб, гуруҳда 16 очко жамғариб, 3-босқичга йўл олди. Учинчи раундда Ўзбекистон Саудия Арабистони, Жанубий Корея ва Қувайт термалари билан бир гуруҳдан жой олди. Олти ўйинда 1 ғалаба, 2 дуранг ва 3 мағлубият қайд этиб, 5 очко жамғарган Ўзбекистон гуруҳда 3-ўринни эгаллади ва ўтиш ўйинида иштирок этадиган бўлди. Ўтиш баҳсида Баҳрайнга қарши майдонга тушган Ўзбекистон меҳмонда урилган гол эвазига кейинги босқичдан бебаҳра қолди. Яъни дастлабки ўйин Тошкентда бўлиб ўтган ва унда 1:1 ҳисоби қайд этилган. Баҳрайнда бўлиб ўтган жавоб баҳсида 0;0 ҳисоби қайд этилган. Шу тариқа, Ўзбекистон Германияда бўлиб ўтадиган мундиал йўлланмасини қўлга кирита олмади.
Жаҳон чемпионати-2010, муваффақиятсиз иштирок
Ўзбекистон ушбу саралашни биринчи босқичдан бошлади ва дастлабки босқичда Хитой Тайпейини икки ўйин натижасига кўра 11:0 ҳисобида мағлуб этди. Тўғридан тўғри учинчи раундга йўл олган Ўзбекистон ушбу раундда Саудия Арабистони, Сингапур ва Ливанни ортда қолдириб, 4-босқичга йўл олди. Тўртинчи раундда “А” гуруҳида Австралия, Япония, Баҳрайн, Қатар ва Ўзбекистон мундиал йўлланмаси учун кураш олиб борди. 8 турда 1 ғалаба, 1 дуранг ва 6 мағлубият қайд этган Ўзбекистон гуруҳда сўнгги 5-ўринни эгаллаб, мундиал йўлланмасидан қуруқ қолди.
Жаҳон чемпионати-2014, пенальтилар сериясидаги омадсизлик
Ушбу мундиал саралашини Ўзбекистон иккинчи раунддан бошлаган ва унда Қирғизистонни икки ўйин натижасига кўра 7:0 ҳисобида мағлуб этди. Учинчи босқичда Ўзбекистон “С” гуруҳидан жой олди ва Япония, Шимолий Корея ва Тожикистонни ортда қолдирди. Тўртинчи босқичда эса Ўзбекистон “А” гуруҳида Эрон, Жанубий Корея, Қатар ва Ливанга қарши кураш олиб борди ва 8 турда 14 очко тўплаб, 3-ўринни банд этди. Бу натижа билан ўтиш ўйинига йўл олди. Ўтиш баҳсида Иорданияга қарши майдонга тушган Ўзбекистон пенальтилар сериясида мағлуб бўлиб, Бразилияда бўлиб ўтадиган мундиал йўлланмасидан қуруқ қолди.
Жаҳон чемпионати-2018, биргина гол йўлланмадан мосуво қилди
Ўзбекистон 2018 йилги Жаҳон чемпионати саралашини иккинчи босқичдан бошлаган ва “H” гуруҳида 21 очко тўплаб, гуруҳ етакчиси сифатида кейинги босқичга йўл олди. Учинчи босқичда Ўзбекистон “А” гуруҳида Эрон, Жанубий Корея, Сурия, Қатар ва Хитойга қарши кураш олиб борди. Сўнгги турда гуруҳнинг яққол етакчиси бўлган Эрон ўз уйида Сурия билан 2:2 ҳисобида дуранг қайд этган. Ўзбекистон эса Жанубий Корея билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Якунда Сурия ва Ўзбекистон 13 тадан очко тўплади, аммо сурияликлар Ўзбекистонни урилган бир дона кўп гол эвазига ортда қолдирди. Шу тариқа, Ўзбекистон аламли тарзда яна бир бор мундиалдан қуруқ қолди.
Жаҳон чемпионати-2022, саралаш босқичларидаги энг ёмон иштирок
Қатарда бўлиб ўтадиган турнир саралашида Ўзбекистон 2-босқичдаёқ юришини тўхтатди. Терма жамоа “D” гуруҳида етакчи Саудия Арабистонидан 5 очко ортда қолди ва мундиал учун курашдан эрта чиқди. Бу эса саралаш босқичлари тарихида энг ёмон натижа сифатида ёдда қолди.
Жаҳон чемпионати-2026, Осиё минтақаси саралаши
Азалий орзу учун жиддий қадам ташлаган Ўзбекистон 3-саралаш босқичида “А” гуруҳида 16 очко жамғарган ҳолда 2-ўринни банд этмоқда. Етакчи Эрон билан орадаги фарқ 3 тани ташкил этса, таъқибчилар БАА ва Қатар билан орадаги фарқ 3 тани ташкил этмоқда. Агар 8-турда сафарда Ўзбекистон Эронни мағлуб этадиган бўлса, мундиал учун катта қадам ташлаган бўлади. БАА ва Қатар ўз ўйинида очко йўқотадиган бўлса, Ўзбекистон узоқ кутилган Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.
Маълумот ўрнида, 8-тур ўйинлари 25 март куни бўлиб ўтди.
LiveБарчаси