4 июлда Столтенбергнинг ваколат муддати узайиши мумкин
Олам
−
30 Июнь 2023
2849НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергнинг ваколатини бир йилга узайтириш ҳақидаги қарор расман 4 июль куни тасдиқланиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 30 июнь куни Шимолий Атлантика альянсидаги манбаларга таяниб, DPA агентлиги хабар берди.
Айтилишича, ҳарбий-сиёсий блок вакиллари альянс Бош котиби лавозимига НАТОнинг барча давлатлари учун мақбул бўладиган янги номзод бўйича келиша олмаган.
Шу ҳафта бошида “Politico” нашри Столтенбергнинг ваколат муддати расман узайтирилгани ҳақидаги маълумотларни эълон қилган. Мақолада кейинги ҳафтада қабул қилинувчи қарори ҳақида сўз юритилган, аммо аниқ сана айтилмаган.
НАТО матбуот котиби Оана Лунгеску эса Столтенберг сентябрда тугайдиган ваколат муддатини узайтирмоқчи эмаслигини айтган.
Маълумот учун, Йенс Столтенберг 2014 йилдан бери НАТО Бош котиби лавозимида ишлаб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ НАТО Бош котиби лавозимига Эстониянинг амалдаги Бош вазири Кая Каллас, Литва ҳукумати раҳбари Ингрида Шимоните, Словакия Президенти Зузана Чапутова, Руминия Президенти Клаус Йоханнис, Италия собиқ бош вазири Марио Драги, Буюк Британия собиқ Бош вазири Тереза Мэй, Канада Молия вазири Христя Фриланд, Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйенлар даъвогарлик қилаётгани айтилганди.