Фон дер Ляйен ҳам Столтенбергнинг ўрнини кўзлаяпти
Олам
−
01 Апрель 2023
4635Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен НАТО Бош котиби лавозимига номзодлар қаторига қўшилди. Бу ҳақда “The Sun” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, НАТОга аъзо баъзи давлатлар 2022 йилнинг октябридаёқ фон дер Ляйенни альянсга раҳбарлик қилишга чақирган. Эътиборли жиҳати шундаки, унинг Еврокомиссия раиси сифатидаги ваколатлари ҳам кейинги йилда тугайди.
Бироқ фон дер Ляйеннинг тайинланишига евроскептик кучлар, биринчи навбатда, Буюк Британия қаршилик кўрсатиши мумкин. Манбага кўра, Лондон бошқа НАТО аъзолари эътиборини фон дер Ляйеннинг 2013–2019 йилларда Германия Мудофаа вазирлигида ишлаган давридаги паст кўрсаткичларига қаратмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ амалдаги НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг жорий йилнинг сентябрь ойида ўз ваколатини тугатишини маълум қилган эди. Унинг ўрнини эгаллаш учун Эстония Бош вазири Кая Каллас, Канада Бош вазири ўринбосари ва Молия вазири Христиа Фриланд ҳамда Буюк Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес даъвогарлик қилаётгани айтилганди.