Столтенберг кетяпти. Унинг ўрнига кимлар кўз тиккан?

Олам

image

Аввал хабар берганимиздек, НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг жорий йилнинг сентябрь ойида ваколат муддати тугашини эълон қилган эди. Столтенбергнинг баёнотидан кейин Брюсселдаги альянс бош қароргоҳида альянснинг ўн тўртинчи раҳбари ким бўлиши ҳақида мунозаралар бошланди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Қайд этилишича, альянсга аъзо 30 га яқин давлат элчиларининг деярли ярми сўзсиз ўз номзодини илгари сурмоқда. Бу лавозимни илк бор аёл киши эгаллашини истаётганлар ҳам кўп. 

Бош котиб қандай танланади?

НАТО раҳбари лавозимига номзод аввал давлат ёки ҳукумат раҳбари сифатида фаолият юритган бўлиши керак. Ундан инглиз тилини мукаммал билиш талаб қилинади. Америка Қўшма Штатлари иттифоқнинг муҳим аъзоси сифатида, ҳатто бош котиб анъанага мувофиқ европалик бўлса ҳам, якуний сўзни айтишга ҳақли. АҚШ асосан альянсдаги энг юқори офицерлик лавозими – НАТОнинг Европадаги Иттифоқчи Кучлари бош қўмондони (SACEUR) лавозимини ўзида сақлаб келади. 

Янги бош котиб барча 30 мамлакат ҳукуматларининг келишуви билан тасдиқланиши керак. Шу маънода, унинг минтақавий манфаатлари, келиб чиқиши ва сиёсий кун тартиби, қолаверса, номзодни кўрсатган мамлакатнинг ҳарбий ва дипломатик аҳамияти муҳим роль ўйнайди. Масалан, Туркия вакилининг бу лавозимни эгаллашини ҳозирча тасаввур қилиб бўлмайди – бу мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Швециянинг альянсга қўшилишига тўсқинлик қилмоқда.

Асосий даъвогарлар кимлар?

Исмини ошкор қилишни истамаган НАТО дипломати ҳозир Россия таҳдидига учраётган Болтиқбўйи давлатларидан бўлган аёл номзодни қўллаб-қувватлашини айтган. Гап Эстониянинг амалдаги Бош вазири Кая Каллас ёки Литва ҳукумати раҳбари Ингрида Шимоните ҳақида кетаётган бўлиши мумкин. Альянснинг шарқий қанотидаги мамлакатлардан кўрсатилган аёл номзод шубҳасиз, НАТОдаги ҳарбий аҳамияти ортиб бораётган Польша томонидан қўллаб-қувватланади. Шунингдек, Словакия Президенти Зузана Чапутова ҳам тилга олинмоқда. Бу давлат Украина билан бевосита чегарадош. Унинг номзодини бирдамлик ҳаракати сифатида талқин қилиш мумкин.

Аммо НАТОнинг жануби-шарқий қаноти ҳам ўз номзодини илгари сурмоқда. Хусусан, Руминия Президенти Клаус Йоханнис ҳам альянснинг кейинги раҳбарлигига даъвогарлик қилмоқда. Шунингдек, Италия жанубликларнинг бу лавозимга даъволарини кучайтириш учун собиқ бош вазир Марио Драгини НАТОнинг янги раҳбари сифатида тавсия қилган. Миш-мишларга кўра, Буюк Британия Brexit’дан кейин халқаро майдонда кўпроқ кўриниши учун ҳам мамлакат ушбу лавозимга ўз номзодларини таклиф қилган. Собиқ ҳукумат раҳбари Тереза Мэй Буюк Британиядан номзод бўлиши мумкин. Йиллар давомида Тереза Мэй билан Brexit бўйича қизғин мунозаралар олиб борган Европа Иттифоқининг кўплаб сиёсатчилари учун буни тасаввур қилиш қийин, албатта.

Канада Молия вазири, украиналик муҳожирларнинг набираси Христя Фриландда ҳам муайян имкониятлар бор. Аммо бир неча йил олдин Россия оммавий ахборот воситаларида Фриланднинг бобоси Иккинчи жаҳон уруши пайтида нацистлар билан алоқада бўлгани ҳақидаги маълумотлар тарқалган. Фриланднинг бобоси Михайло Хомиак чиндан ҳам Краковда украин тилидаги газетанинг муҳаррири бўлган, у оккупацион режимга содиқ қолган. Аммо Христи Фридланд бу ҳақиқатни ҳеч қачон яширмаган – аксинча у бобоси ва унинг газетаси ҳақидаги тарихий тадқиқотда қатнашган. Шундай қилиб, Фридланднинг рус ОАВлари томонидан “фош қилиниши” Канадада катта жанжал чиқармаган ва унинг истеъфоси ҳақида жиддий гап бўлмаган. Канада россиялик дипломатларни Фриланднинг обрўсига путур етказишга уринишда айблаб ҳудудидан чиқариб юборган. Бироқ ҳозирда Канада Молия вазирининг НАТО Бош котиби бўлишига биргина муаммо тўсқинлик қилмоқда. Бу унинг европалик эмаслиги. НАТОнинг Европадаги аъзолари унинг номзодини қабул қилиши даргумон. Бироқ канадалик вазир АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётгани ҳақида гаплар бор.

Столтенбергнинг ўзи яна қолиши мумкинми?

Столтенбергнинг истеъфога чиқиши ҳақидаги баёнотига қарамай, у ишини давом эттириши ҳам мумкин. Чунки ҳозирги оғир ҳарбий-сиёсий вазият кадрлар масаласи билан шуғулланишни ортга сурилишига олиб келиши мумкин. Йенс Столтенберг ўз ваколатини 2024 йилнинг апрелигача узайтириши ҳам мумкин. Ўша пайтда НАТО 75 ёшга тўлади ва бу Вашингтондаги саммитда нишонланади. Йенс Столтенберг даъвогарлик қилган Норвегия марказий банки раҳбари лавозими аллақачон эгаллангани ҳам унинг альянсда қолишига сабаб бўлиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Столтенберг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made