Украина НАТОга аъзо бўлиш эвазига ўз ҳудудларидан воз кечадими? Зеленский жавоб берди

Олам

image

Украина Россия томонидан босиб олинган ҳудудлардан воз кечиш эвазига НАТОга қўшилиш сценарийсини кўриб чиқиши мумкин. Бироқ маълум шартлар бажарилган тақдирдагина Киев бунга рози бўлиши мумкин. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский америкалик подкастер Лекс Фридманга берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фридман Президентдан Украина НАТОга аъзо бўлиш таклифи эвазига Луганск, Донецк, Запорожье ва Херсон вилоятлари, шунингдек, Қримдан воз кечишга рози бўладими, деб сўради.

"Қонунга кўра, НАТОга таклиф Украинага берилади ва биз Украинанинг бошқа барча ҳудудларини тан олмаймиз, аммо НАТО Украина назорати остидаги қисмида ҳаракат қилиши керак – бу ҳақда келишиб олиш мумкин. Ишончим комил",  деди Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, Украина урушни тўхтатишнинг дипломатик йўлини кўрсагина, бундай сценарий юзага келиши мумкин.

“Бу биринчи нарса. Иккинчиси – қурол пакети. Мен бу нима эканлигини очиқ айтишга тайёр эмасман, лекин президент Трамп учун бу борада ҳеч қандай сир йўқ. Бу асосан Қўшма Штатлар иродасига боғлиқ. Бу пакет бирликка муҳтож”, деди у.

Зеленскийнинг қўшимча қилишича, АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп ҳам Россия энергетикасининг бозорга киришига йўл қўймаслик учун Россия Федерациясига қарши санкциялар жорий қилиши керак. Унинг таъкидлашича, бу, биринчи навбатда, Вашингтон учун фойдали бўлади.

"Менимча, у мамнун бўлади (Дональд Трамп), АҚШ Президенти ва халқи хурсанд бўлади", деб тушунтирди Президент.

Қайд этиш жоиз, НАТОнинг Украинадаги ваколатхонаси раҳбари Патрик Тёрнернинг айтишича, альянс 2024 йилда Украинадаги иштирокини 3 баробарга оширган ва келаси йилда ҳам кўпайтирмоқчи. 2025 йилда НАТОнинг Украинадаги ваколатхонаси жамоасига яна 20 га яқин киши қўшилиши мумкин.

Маълумот учун, кеча, 5 январь куни Украина Президенти Владимир Зеленский америкалик подкастер Лекс Фридманга интервью берди. Зеленский билан суҳбат уч соатдан ортиқ давом этди.

Эслатиб ўтамиз, Зеленский мазкур интервьюда Украинада президентлик ва парламент сайловлари уруш тугаган йилда ўтказилишини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ НАТО Россия Дональд Трамп Украина Владимир Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг