Украинада сайловлар уруш тугаган йилда ўтказилади – Зеленский

Олам

image

Украинада президентлик ва парламент сайловлари уруш тугаган йилда ўтказилади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Владимир Зеленский америкалик подкастер Лекс Фридман билан суҳбатда сўз очди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, уруш даврида ҳам сайлов ўтказиш мумкин, аммо бунинг учун қонунчиликни ва овоз бериш тизимини ўзгартириш керак бўлади.

“Бу жуда қийин бўлади, чунки жамият бунга қарши. Нима учун қарши? Чунки, биз ишончли сайлов ўтказишни хоҳлаймиз. 8,5 миллион одам чет элга кетган. Уларнинг овоз бериши учун шароит яратиш керак. Миллионлаб одамлар босиб олинган ҳудудларда қолмоқда ва энг адолатсиз жиҳатларидан бири – бир миллиондан ортиқ ҳарбийларнинг овоз бериш имкониятисиз қолишидир. Бу имконсиз”, деди Украина Президенти.

Шунингдек, Зеленский ўзининг иккинчи президентлик муддатига номзодини қўйиш масаласи ҳозирча очиқ эканини таъкидлади.

“Бу уруш қандай тугашига боғлиқ. Асосан бу халқ қарорига, биринчи навбатда оиламга ҳам боғлиқ. Биз мазкур масалани ҳали муҳокама қилганимиз йўқ, чунки ҳозир бу ҳақида ўйламаяпмиз”, дейди у.

Бундан ташқари, Владимир Зеленский АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампга Украинага қурол сотиш учун Россиянинг музлатилган 300 миллиард долларлик активларини ишлатишни таклиф қилганини билдирди.

“Сизга катта маблағ керакми? Демак, савол туғилади: уларни қаердан оласиз? Менинг жавобим Трампга йўналтирилган эди. Мен шундай дедим: бу хавфсизлик кафолатларидан бири. Россиянинг музлатилган 300 миллиард долларини олинг. Биз уларни оламиз. Биз ички ишлаб чиқаришимиз учун зарур бўлган маблағни олиб, АҚШдан барча керакли қуролларни сотиб оламиз. Бу Америка ҳарбий саноати учун жуда фойдали бўлади”, деди Зеленский.

Маълумот учун, 2024 йил 20 майдан кейин Владимир Зеленский ваколат муддати тугади, бироқ мамлакат конституциясининг 108-моддасида Президент янги давлат раҳбари сайлангунга қадар ўз вазифаларини бажариши кераклиги айтилган. Кенг миқёсли уруш бошланишидан олдин навбатдаги сайловлар 2024 йил 31 мартда ўтказилиши режалаштирилган эди, бироқ ҳарбий ҳолат туфайли сайловлар қолдирилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “The Economist” нашри ўз манбаларига таяниб, Украинада президент сайловига тайёргарлик бошлангани ва унинг тахминий ўтказилиш санаси 2025 йилнинг 25 май куни бўлиши ҳақида хабар берганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина сайлов Владимир Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг