Украинада президент сайловига тайёргарлик бошланди – “The Economist”
Олам
−
13 Ноябрь
9115Украинада президент сайловига тайёргарлик бошланди ва унинг тахминий ўтказилиш санаси 2025 йилнинг 25 май куни. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “The Economist” хабар берди.
Нашрга кўра, сайловларга тайёргарлик аллақачон бошланган. Хусусан, ҳудудий сайлов штаблари ишга тушган ва номзодлар рўйхати тузилмоқда. Сайловда амалдаги Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг эҳтимолий рақибларидан бирининг вакиллари Украинага сайловлар кераклигини таъкидлаяпти. Аммо улар бу масалада жамоатчилик олдида баёнот беришга иккиланмоқда. Чунки улар давлат раҳбарияти бунга кескин муносабат билдиришидан хавотирда.
Нашр танишган ички сўров натижаларига кўра, агар ҳозир сайлов бўлса, Зеленский ютқазиши мумкин. Чунки Россия босқинидан уч йил ўтиб, халқ уни уруш қаҳрамони сифатида қабул қилмай қўйгани айтилмоқда.
Қайд этилишича, асосий фаворит собиқ Украина Қуролли Кучлари бош қўмондони, ҳозирги кунда Буюк Британияга элчи этиб тайинланган генерал Валерий Залужний ҳисобланмоқда. Унинг сиёсий амбициялари ҳозирча аниқ эмас, лекин кўпчилик уни президентликка номзодини қўйишга чақирмоқда. Бироқ Залужнийдан ташқари бошқа мухолифат номзодлари билан таққослаганда, Зеленскийни қўллаб-қувватлаш салмоғи юқорироқ.
Маълумот учун, 2024 йил 20 майдан кейин Владимир Зеленский ваколат муддати тугади, бироқ мамлакат конституциясининг 108-моддасида Президент янги давлат раҳбари сайлангунга қадар ўз вазифаларини бажариши кераклиги айтилган. Кенг миқёсли уруш бошланишидан олдин навбатдаги сайловлар 2024 йил 31 мартда ўтказилиши режалаштирилган эди, бироқ ҳарбий ҳолат туфайли сайловлар қолдирилди.