“Украинада уруш узоқ давом этади”. Столтенберг Ғарбни хушёрликка чақирди

Олам

image

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Ғарб Украинада узоқ муддатли можарога тайёрланиши кераклиги, чунки уни ҳал қилиш истиқболлари ҳали кўринмаётганини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 22 март куни Британиянинг “The Guardian” газетасига берган интервьюсида айтди. 

Қайд этилишича, Столтенберг Украинадаги можарони вайронкор уруш деб атаган ва Россия раҳбарияти тинчликни режалаштирмаётганини айтган. Бош котибнинг айтишича, Ғарб давлатлари Украинага янги ўқ-дорилар ва қуроллар етказиб бериш учун ишлаб чиқариш қувватларини ошириши керак. Чунки ҳозирги ўқ-дориларни сарфлаш даражаси ишлаб чиқариш тезлигидан анча юқори.  

Жанг майдонидаги воқеалар контекстида Столтенберг НАТО томонидан етказилаётган ёрдам Украинанинг қарши ҳужумини амалга оширишга қаратилганини айтган. Шу билан бирга, у яна бир бор ҳарбий қарорларни альянс эмас, Украина қўмондонлиги қабул қилишини эслатган. Украинага Америка F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш эҳтимоли ҳақида гапирар экан, Бош котиб ҳеч қандай қарор қабул қилинмаганини маълум қилган.

Бундан ташқари, Столтенберг Ғарб давлатлари ўз мудофааси учун кўпроқ маблағ ажратиши кераклигини таъкидлаган. 

“Июль ойида Вильнюсда бўлиб ўтадиган саммитда иттифоқчилар мудофаа соҳасига янада улуғвор инвестициялар – ЯИМнинг камида 2 фоизини олишга рози бўлишларини кутаман”, деган НАТО Бош котиби.

Шунингдек, у Хитойнинг Украинадаги можарони ҳал қилишга ёрдам бериш истаги Украина позициясини тушуниш ва Президент Владимир Зеленский билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишга уриниши билан бирга бўлиши кераклигини айтган. Шу билан бирга, Столтенберг Пекин Москванинг Украинадаги ҳаракатларини қораламаганидан афсусда эканини билдирган.

Бундан ташқари, Столтенберг жорий йилнинг сентябрь ойида ваколат муддати тугашини ҳам эълон қилган. У 2014 йилдан бери НАТО Бош котиби лавозимини эгаллаб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Чехия Президенти Пётр Павел Прага Украинага максимал даражада ёрдам бергани ва бу борада ўз имкониятлари чегарасига етганини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия Украина Столтенберг Украинада уруш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг