Ёнаётган аёллар, боғчаларда ўлаётган болалар, ухлаётган амалдорлар – Ҳафта қандай ўтди?
Таҳлил
−
06 Август 2022
36620Ўзбек тинмайди. Одамлар бирим икки бўлармикин, рўзғоримнинг ками тўлармикин, ўғлим-қизимни эплию сепли қилармикинман, деб қуёш бош кўтармасидан ишга отланади. Меҳнатдан чарчамайди, ўзбек. Бозорда халта кўтариб пиёз-у картошканинг арзонини қидираётганлар талай. Ўзим ҳам ҳар якшанба бозордаман. Ёз, айни пишиқчилик даври бўлса ҳам пиёзнинг нархи кўтарилиб қолган. Сабабини сўрасам сотувчилар йўл очилган, ҳаммаси четга кетяпти, дейди. Сотувчилар бир-икки сўм дардида овозга дам бермай харидорни чорлаш билан банд. Офтоб бошдан уряпти, чилла тугади, лекин иссиқ қайтай демаяпти. Сизда ҳам ҳафта бўйи кўрган кечирганларингиз талай. Сиз уларни изоҳларда ёзиб қолдиринг. Мендан эса ҳафта ҳисоботини эшитинг.
Қимматчиликка куюнманг. Асосийчи тинчлик бўлсин. Фаровонликнинг қадри ҳам, қиймати ҳам шу кунларда роса ортган. Дунёни кўряпсиз, нотинч. Буёқда 5,5 ярим ойдан бери Россия-Украина уруши тинмаётгани етмагандек, дунёда янги урушлар ўчоғини очмоқчи бўлганлар ҳам ғимирлаб қолган.
Тугаётган ҳафтада бутун дунё нигоҳи Тайванда бўлди
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси 2 август куни Тайванга келди ва орол маъмурияти раҳбари Цай Ингвен билан учрашди. 3 август куни ортига қайтиб кетди. Бу расмийларининг сўнгги 25 йилдан бери оролга қилган илк сафари бўлди.
Бу воқеа АҚШ ва Хитой муносабатларини таранглаштирди. Расмий Пекин Пелоси келишидан олдин Тайвань яқинида ҳарбий машғулотлар бошлади. Ташрифдан кейин эса орол атрофида бир қанча ҳудудларда машғулотларга старт берилди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сиёсатчининг ташрифига кескин норозилик билдирди ва уни қоралади. Унинг сафари “Ягона Хитой” тамойили ва учта Хитой-АҚШ коммюникелари қоидаларини жиддий равишда бузиши урғуланди. Пекин, шунингдек, Вашингтонни Хитойни назорат қилиш учун Тайвандан фойдаланишни тўхтатишга чақирди. Бундан ташқари, дипломатик департамент мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришга ишонтирди.
Оқ уйнинг фикрича, Пелосининг Тайванга ташрифи Хитой суверенитетини бузмаган. Америка расмийлари минтақада кескинликнинг кучайишига ҳеч қандай сабаб йўқлигини таъкидламоқда.
Кремль Пелосининг сафарини минтақадаги кескинликни кучайтирувчи провокация деб атади. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков дунёнинг барча давлатлари буни қайд этаётганига эътибор қаратди ва Россиянинг Хитой билан бирдамлигини қайд этди.
Расмий Тошкент эса Тайвань атрофида юзага келган кескинлик тезроқ бартараф этилишига умид билдирди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларига мувофиқ “Ягона Хитой” сиёсатини, ушбу мамлакат суверенитети, ҳудудий яхлитлигини изчил қўллаб-қувватлайди.
Хитой ҳукумати эса Пелоси ва унинг яқин қариндошларига Тайванга ташрифи туфайли санкциялар жорий этишга қарор қилди.
Сербия ва Косово чегарасида ҳам вазият нотинч
31 июль куни Сербия ва Косово чегарасида юзлаб этник серблар Сербия чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари йўналишидаги йўлларда транспорт ҳаракатини тўсиб қўйди.
Косово Бош вазири Альбин Курти минтақадаги кескинлашувда Сербия Президенти Александр Вучични айблади.
Косово маъмурияти раҳбари унинг Косово шимолида яшовчи сербларга Сербияда берилган автомобилларни қайта рўйхатдан ўтказиш ва давлат рақамларини Косовоникига алмаштириш тўғрисидаги буйруғи Косоводан Сербияга кираётган фуқароларга худди шундай талаб қўйган Белграднинг ҳаракатларига жавоб бўлганини таъкидлаган.
Косово ҳудудида хавфсизликни таъминлаш учун масъул бўлган НАТО бошчилигидаги халқаро кучлар Косово барқарорлигига таҳдид туғилган тақдирда Белград ва Приштина ўртасидаги чегара можаросига аралашишга тайёрлигини билдирди.
Расмий Приштина Косово ҳукуматининг Сербия фуқаролари минтақага киришда олишлари керак бўлган вақтинчалик ҳужжатларни жорий этиш, шунингдек автомобилларни қайта рўйхатдан ўтказиш ва Косово шимолида яшовчи сербларга берилган давлат рақамларини алмаштириш тўғрисидаги буйруғини бажаришни 1 сентябргача қолдирмоқда.
Қорабоғда томонларда ҳам ўқ овози эшитиляпти
2020 йилнинг ноябрь ойида катта қирғинбаротлар билан Озарбайжон қўлига ўтган Қорабоғда яна вазият қалтис. Шундоқ ҳам ҳар ойда бир неча бор Озарбайжон томони чегараларда Арманистон ҳарбийлари ва ноқонуний арман қуролли гуруҳлари томонидан ўт очишлар бўлаётгани, баъзан қурбон берилаётгани ҳақида маълумот очиқлаб келади.
3 август куни Озарбайжон армиясининг Лочин вилояти йўналишидаги позицияларига арман қуролли тузилмалари кучли ўт очди. Оқибатда 1 ҳарбий қурбон бўлди. Ўз навбатида Баку қуролли жавоб қайтарган. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги “Қасос” амалиёти ўтказилгани ва Қорабоғдаги қатор тепаликлар назоратга олинганини маълум қилди.
Хуруж оқибатида тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасида қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинди.
Расмий Баку Ереванни 2020 йил 10 ноябрда қабул қилинган уч томонлама келишувларни яна бир бор бузиш ва икки томонлама муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга путур етказишда айблади.
5 август куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги республика Қуролли Кучларининг Арманистон билан чегараси ва Қорабоғдаги позициялари 12 марта ўққа тутилгани ҳақида хабар берди
“Россия тинчликпарвар кучлари вақтинча жойлашган Озарбайжон ҳудудидаги ноқонуний арман қуролли тузилмалари аъзолари” снайпер милтиқлари ва турли калибрли ўқотар қуроллардан Ағдам, Хўжаванд ва Хўжайли туманлари йўналишида Озарбайжон Қуролли Кучларининг позицияларига тўққиз марта ўқ узган.
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2,9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия мулоқот формати
Қорабоғда вазият қалтислашган бир вақтда Ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов бошчилигидаги Озарбайжон делегацияси Ўзбекистонга келди ва ушбу ташриф 49 яшар Байрамов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи 67 яшар Владимир Норовга “укам”, деб мурожаат қилгани билан ёдда қолди.
Гап шундаки, 2 август куни Тошкентда “Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия” мулоқот форматининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда иштирок этиш учун Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли ҳам Ўзбекистонга келди.
Аввалги репортажларимизда кўрган бўлсангиз керак, уч туркий, қардош давлатлар вазирлари учрашувида Норов инглиз тилида сўз олди. Озарбайжонлик вазир Байрамов ва унинг делегацияси ҳам Норов борган йўлни тутди. Чавушўғли, Савдо вазири Меҳмет Муш, Транспорт ва савдо вазири Одил Караисмоилўғли турк тилида нутқ қилди. Ўзбекистон ҳайъатидан фақат Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ўзбек тилида сўз олди ва тармоқ фойдаланувчиларининг меҳрига сазовор бўлди. Бошқа тарафдан Ўзбекистон ва Озарбайжон вазирларининг инглиз тилида гапиргани унчалик ваҳимали ҳодиса эмас. Чунки бунгача ўтган бу катта йиғилишларда, ҳатто, рус тилида нутқ қилинган пайтлар ҳам бўлган.
Вазирлар Ўзбекистон учун Баку-Тбилиси-Карс темир йўлининг транзит салоҳиятидан фойдаланишнинг аҳамияти, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўл қурилиши лойиҳаси, “Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар” темир йўли лойиҳасини амалга ошириш, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия учун умумий аҳолиси 1,9 миллиард ва ялпи ички маҳсулоти $3,5 триллион бўлган Жанубий Осиёнинг истиқболли бозорларига тўғридан-тўғри кириш учун ноёб имконият яратиши каби масалаларни муҳокама қилдилар. Якунда Тошкент декларацияси қабул қилинди.
Мажлисдан сўнг ўтказилган брифингда озарбайжонлик Байрамов яна инглиз тилида нутқ қилди ва ўзбек тилида илтифот кўрсатаман деб, бироз қовун туширди. У Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Норовга “укам”, деб юзланди. Чавушўғли Байрамовнинг хатосини тўғрилашга ҳаракат қилди ва жиловни қўлига олди. У сўзини Норовга қараб, “акам”, деб бошлади.
Украина дони ва Россиянинг янги денгиз доктринаси
Украина дони ортилган илк кема 1 август куни Одесса бандаргоҳидан йўлга чиқди. У 2 август куни Истанбулга етиб келди ва лангар ташлади.
Ўша куни эса Россия Президент Владимир Путин Ҳарбий-денгиз флотининг кема уставини ва мамлакатнинг янги денгиз доктринасини тасдиқлади.
Путинга кўра, доктринанинг янги таҳририда Россия чегаралари, жумладан, Арктика ва Қора денгиз чегаралари белгилаб қўйилгани, ҳужжат уларнинг чегаралари хавфсизлигини қатъий ва ҳар томонлама таъминлашга тайёр.
Ҳужжат Россияга қарши “коллектив Ғарбнинг умумий гибрид уруши”, Украинадаги “махсус операция” ва санкциялар контекстида қабул қилинди.
Янги доктринада “АҚШнинг жаҳон океанида ҳукмронлик қилиш курси”, “АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг Россиянинг дунё океанлари ресурсларига ва ҳаётий денгиз транспорти коммуникацияларига киришини чеклаш истаги”, НАТОнинг Россия Федерацияси чегараларига яқинлашуви ва Россияга халқаро босим расмий Москва учун асосий таҳдидлар сифатида белгиланган. Бундан ташқари, таҳдидлар қаторига Россиянинг қирғоқбўйи ва орол ҳудудларига нисбатан “қатор давлатларнинг ҳудудий даъволари” киритилган. Қайсилар экани ҳужжатда кўрсатилмаган.
Ҳужжатга кўра, Россия Осиё-Тинч океани минтақасида ҳарбий-денгиз флотига хизмат кўрсатиш бўйича янги пунктларни қуришни режалаштирмоқда, бу эса “ушбу минтақада денгиз транспорти коммуникациялари фаолияти хавфсизлиги устидан назоратни амалга ошириш” имконини беради. Ҳужжатда яна бир қатор ўзгаришлар ифодаланган.
Ўзбекистонда блокланган тармоқлар ноқонуний тарзда очилди...ми?
Россияда санкциялар ортидан қатор ижтимоий тармоқлар ёпиқлигича қолаётган ва Facebook, Instagram каби платформалар аллақачон” террористик ташкилот” деб тан олинган бир пайтда Ўзбекистонда Twitter, WeChat, VKontakte’га қўйилган блок олиб ташланди. Бироқ, TikTok ҳамон тақиқлар остида қолмоқда. Юқорида уч ижтимоий тармоқнинг блокдан чиқарилиши ҳам аслида ноқонуний бўлиши мумкин.
Чунки 2019 йил 2 июль куни қабул қилинган “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-1-моддасига кўра, биз фойдаланаётган ижтимоий тармоқлар, яъни Telegram, Instagram, Facebook, Twitter, Tik-tok, Odnoklassniki, WhatsApp, VKontakte’ларнинг сервери ўзбекистонда жойлашган бўлса, фойдаланиш мумкин. Бу маълумотлар базаси бошқа давлатда бўлган тақдирда, барча сервери йўқ тармоқлар блокланиши ҳақида сўз боради. Шу ўринда савол туғилади: хўш, қонундан ушбу модда чиқариб ташландими ёки боя саналган ижтимоий тармоқлар серверини олиб келиб Ўзбекистонга жойлаштирдими? Ҳозиргача расмий идоралар ижтимоий тармоқлар нима асосда блокдан чиқарилгани изоҳламаяпти. Буёғи оқ чойнакка кўк қопқоқ, кўк чойнакка қопқоқни ўзингиз топиб олинг.
15 яшар қизни жинсий алоқага мажбурлаганлар озодликда шаталоқ отмоқда
Тошкентдаги мактаблардан биридаги 15 ёшли ўқувчи қизни жинсий алоқага мажбурлаган уч эркак шартли равишда озодликка чиқарилди. Уларнинг икки нафари атиги ярим йил қамоқда ўтириб чиққан. Асосий ташаббускор – собиқ жисмоний тарбия ўқитувчиси эса қамалганидан 12 ой ўтиб, озодликка чиққан.
Мактаб ўқитувчиси ўз ўқувчисини аввалдан ижарага олинган квартирага олиб борган, у ерга икки танишини ҳам чақирган ва улар қизни жинсий алоқага кўндирган.
Тергов бу жараёнда “қиз қаршилик кўрсатмаган” деб топиб, жиноятни гуруҳ бўлиб зўрлаш моддаси эмас, 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш моддаси билан малакалаган. Она берган апелляция кўриб чиқилиб, рад этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ушбу ҳолатни қоралаб чиқди.
“Вояга етмаган қизнинг номусига тегган уч киши шартли равишда озодликка чиқарилгани ҳақида хабар топгач, қаттиқ тушкунлик ва оғриқни ҳис қилдим. Бу одамлар нормал ҳаётга қайтишди, яна болалар билан ишлашда давом этишмоқда. Бизнинг вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонунчилигимиз болалардан кўра кўпроқ жиноятчилар ҳақида қайғуради ва менинг фикримча, бу адолатсизликни зудлик билан тузатиш зарур”, дейди Мирзиёева.
Унга кўра, Жиноят кодексининг 128 ва 129-моддалари болалар ва ўсмирларни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартларга жавоб бермайди. Бундай жиноятлар учун, истисно тариқасида, озодликни чеклаш ёки аҳлоқ тузатиш ишлари тарзида жазо қўлланилмаслиги керак. Ушбу моддаларни кучайтириш керак, уларга барвақт озод бўлиш имкониятисиз жиддий муддатлар қўлланилиши лозим.
Биринчи хонимлар ҳам кўз ёш тўкади.
Тўккандаки. Яна ким-ким, Шимолий Корея Президентининг рафиқаси Ри Сол Жу. У эри Ким Чен Иннинг ёнида давлат мадҳиясини куйлаб, йиғлади. Ҳолат Корея урушидаги сулҳнинг 69 йиллигига бағишланган тадбирда кузатилган.
Нуксда гўшт 45 минг сўм
Очиғида давлат статистика қўмитаси томонидан берилган мана бу хабарни эшитиб мени ҳам йиғлагим келди. Айтилишича, ҳудудлардаги марказий деҳқон бозорларида суякли мол гўшти 49 минг 500 cўмдан 78 минг сўмгача сотиляпти. Қаерда ўша гўшт? Айтворинглар, илтимос. Жавоб ўзимда: Нукус шаҳридаги деҳқон бозорида мол гўшти 45 минг сўмдан сотиляпти экан. Энди 2-3 кг гўшт оламан, деб Нукусга бораманми?
Энг кам ўртача иш ҳақи Фарғона ва Сирдарёда. Энг кўпи-чи?
Бу хабарга ҳам кўз юмиб тургандим, давлат солиқ қўмитаси мамлакатдаги ўртача иш ҳақи ҳақидаги маълумотларни эълон қилиб қолди. Январь ойидан бери 35 миллион зиёд аҳолиси бор Ўзбекистонда 5 млн 372 мингдан ортиқ фуқарога расман иш ҳақи ҳисобланаётган экан. Уларга жами 82 трлн 498 млрддан ортиқ ойлик тўланган. Қўрқиб кетманг!. Сўмда.
Қайд этилишича, мамлакатда ўртача ойлик иш ҳақи 2 млн 776 минг сўмни ташкил қилмоқда. Ҳудудлар кесимидаги энг кўп ўртача ойлик иш ҳақи Тошкент шаҳрида кузатилган,4 млн 400 минг сўм. Кейинги ўринлардан Навоий ва Тошкент вилоятлари жой олган. Энг кам ойлик эса Фарғона ва Сирдарё ҳиссасига тўғри келган. У ерларда ўртача ойлик 2 млнга ҳам бормайди.
Фарғонада аёл ўзини нега ёқиб юборди?
Бир пайтлар Президент Мирзиёев “фарғоналик келинлар еб битирган” дея таъриф берган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ишловчи 47 ёшли аёл ўз устига бензин сепиб, ёқиб юборди.
32-сонли цехда 2-тоифали бўёқчи сифатида фаолият юритаётган Санобархон Ҳайдарова заводга кириш 1-секторида корхона ҳудудига киритилмаган. Чунки тегишли рухсатномаси бўлмаган. Қўриқчилар ўз хизмат вазифаларига амал қилган ҳолда ҳамкасбларининг ичкарига киришига рухсат беришмаган. Бунга жавобан Санобархон Ҳайдарова қўриқчиларга нисбатан ғазабини агрессив тарзда билдирган. Заводга кираверишдаги қисқа мулоқотдан сўнг, у бинони тарк этган.
Орадан бир соат ўтиб, соат 8:31 да аёл қайтиб келган ва 1-секторга кираверишдаги назорат пункти олдида пластик идишдаги бензинни ўзининг устидан қуйган ва ўзини ёқиб юборган. Таъкидланишича, ҳозирда у шифохонада шифокорлар ҳамда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги ҳамкасблари назорати остида бўлиб турибди.
Медведевнинг СССР орзуси
Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведевнинг Vkontakte саҳифасида Россиянинг босқинчилик режалари ҳақида пост тарқалиб кетди. Унда айтилишича, “Киев ва Кичик Россиянинг барча ҳудудлари миллатчилардан озод қилинганидан кейин Рус диёри яна бирлашади”. Таъкидланишича, 1801 йилгача Грузия каби давлат мавжуд бўлмаган ва у фақат Россия империяси чегараларида пайдо бўлган.
Постда Қозоғистон ҳақида ҳам бир неча сўз бор: бу “сунъий давлат” ва “собиқ Россия ҳудудларидир” ва мамлакат ҳукумати “рус геноциди сифатида таснифланиши мумкин бўлган” турли этник гуруҳларни кўчирмоқда.
Медведев эса бу постни тўлиқ рад этди. Унга кўра, “ВКонтакте” саҳифаси расмий Москвани Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари билан уриштириб қўйиш учун бузиб кирилган.
“КХШТ, ЕОИИ ёки ШҲТдаги иттифоқчиларни қарама-қарши қўйишдан манфаатдор кўплаб душман давлатлар ва сиёсатчилар бор. Биз уларга бундай завқни бермаймиз”, дейди у.
“Ал-Қоида” раҳбари йўқ қилинди
Тугаётган ҳафтада АҚШ Афғонистон пойтахти Қобулда “Ал-Қоида” террор ташкилоти етакчиси Айман аз-Завоҳирийни йўқ қилиш бўйича операция ўтказди. Президент Жо Байденга кўра, у ҳар томонлама муваффақиятли ўтган.
Унда Завоҳирийнинг оила аъзоларидан ҳеч ким жабрланмаган, жумладан оддий фуқаролар орасида ҳам қурбонлар йўқ.
Америка раҳбарининг таъкидлашича, аз-Завоҳирий 2001 йил 11 сентябрь хуружларини режалаштиришда фаол иштирок этган, шунингдек, АҚШ ва бошқа давлатлар фуқаролари қурбон бўлган бошқа терактлар ташкилотчиси бўлган.
Мисрлик аз-Завоҳирий ушбу тармоқ асосчиси саудиялик Усама бин Лодин 2011 йилда америкаликлар томонидан йўқ қилинганидан кейин “Ал-Қоида”га раҳбарлик қилган. Аз-Завоҳирий АҚШ разведка идоралари томонидан энг фаол қидирилаётган террорчилар рўйхатида бўлган ва Вашингтон унинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумот учун 25 миллион долларгача пул мукофоти таклиф қилган.
Бу орада айтиб қўяй, бехабар қолманг. АҚШнинг 80 ёшни қаршилаётган Президенти Байден бобо яна коронавирусга чалинди. Президентнинг шахсий шифокори Кевин О’Коннор тарқатган баёнотга кўра, касаллик белгилари унчалик аниқ эмас, ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда, вақти-вақти билан йўталяпти, холос. У изоляцияда қолади ва бу даврда ҳам ўзига юкланган барча вазифаларни масофадан туриб, тўлиқ бажаради.
Ухлаётган сенаторлар ёхуд ухлаб чиқарилаётган қонунлар
Одам ёши катта бўлгандан кейин шу-да. Ё тез касал бўладиган бўлиб қолади, ё ўтирди дегунча пинакка кетади. Кексалик аломатлари бу. Тугаётган ҳафтанинг 4-5 август кунлари бўлиб ўтган Сенатнинг 29-ялпи мажлисидаги ҳолат ҳам бу гапимизни тасдиқлайди.
Аввал ялпи мажлис ҳақида гаплашсак. Унда муҳокамага қўйилган 6 та қонундан иккитаси қабул қилинди. Улардан бири “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун. Қонун билан давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати 60 фоиздан ошмаслиги белгиланди. Айни вақтда эса бу кўрсаткич 37 фоизни ташкил этмоқда. Бошқача қилиб айтганда, умумий давлат қарзимиз 25,9 млрд доллар. Шундан 23,2 млрд доллари ташқи қарз. Хўш, бу пулар нимага ишлатиляпти? Шунча пулни қаерга қўйяпмиз?
Шунингдек, ялпи мажлисда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов, Бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг ахборотлари тингланди.
Сенат ялпи мажлисида, ҳатто, уйқуга кетганлар ҳам бўлди.
16 яшар ўғил ўз онасини ўлдирди
Одамларга нима бўляпти ўзи? Ўтган ҳафта Тошкентда 33 яшар эркак турмуш ўртоғи, қайнонаси, синглиси ва 7 яшар ўғлини пичоқлаб, тилка-тилка қилганди. Бу ҳафтада эса 16 яшар бола ўз онасини пичоқлаб ўлдирди. Айтиш оғир. Шунчаки нафратланасан киши.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, бола уйида онасини оилавий келишмовчилик сабабли қасддан ўлдириш мақсадида икки нафар вояга етмаган ўртоқларини ёрдамлашиш учун чақирган.
Сўнг, у жиноий шериклари билан онасини қасддан ўлдириб, мурдани яшаш уйининг ертўласига кўмиб қўйган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумондорлар процессуал тартибда ушланган.
Охирги 7 кунда да боғчаларда 3 нафар бола нобуд бўлди
Гап шундаки, 28 июль куни Шаҳрисабз шаҳридаги 1-Давлат мактабгача таълим ташкилотига бу боғчага қатнамайдиган 2014 йилда туғилган қизча синглиси билан келган. Тайёрлов гуруҳи тарбиячиси қонунга зид равишда уни олиб қолган.
Тушлик пайтида опа-сингил ташкилот ҳожатхонасига чиқишган. Опаси ҳожатхона ичкарисига кирган пайтда, синглиси ташқаридан ҳожатхона эшигини очиб-ёпиб ўйнаган. Оқибатда ҳожатхона эшигининг ойнаси синиб, шиша бўлаклари қизалоқни жиддий жароҳатлаган. У кўп қон йўқотиш оқибитида вафот этган. Ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар прокуратураси ўрганиш олиб бормоқда.
1 август куни эса Наманган вилояти Чуст туманидаги 64-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 2017 йилда туғилган бола тилини чайнаб юбориб, вафот этди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ишлари амалга оширилмоқда. Тергов натижалари бўйича қўшимча маълумот берилиши айтилди.
Хоразмдаги боғчадан ҳам боланинг жасади чиқди.
Хонқа тумани “Тома” маҳалласидаги 24-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида 5 ёшли тарбияланувчиси 3 август куни вафот этди.
Ўша куни тушликдан кейин бола ўзини ғалати тута бошлаган. Мактабгача таълим ташкилот ходимлари ва ҳамшираси тез тиббий ёрдамни чақирган, аммо тез тиббий ёрдам ходимларининг уринишларига қарамай боланинг ўлими қайд этилган.
Марҳум болакайнинг ота-онаси берган кўрсатмаларга кўра, боланинг тутқаноғи тутиб турган. Бироқ, бу ҳақда мактабгача таълим муассасаси ходимларини огоҳлантиришмаган, шунингдек бола эпилепсия ёки бошқа касаллик билан тиббиёт бирлашмасида ҳисобда турмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Хонқа туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда, текширув вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Тошкентдаги мактабда ўқувчи девор тагида қолиб вафот этди
Ўзбекистондаги мактабларда нафақат таълим сифати ҳамин қадар, балки деорлар ҳам сифатсиз ва авария ҳолатида. Бўлмаса, мактаб ўқувчиси девор тагида қолиб вафот этармиди?! Жорий йилнинг март ойида содир бўлгани айтилаётган воқеа орадан 5 ой ўтиб, шу ҳафта оммага ошкор бўлди.
Тошкентнинг Олмазор туманидаги 234-сонли мактабда ўқувчини мактаб девори босиб қолган. Ижтимоий тармодаги гапларга қараганда, мактаб маъмурияти бу ҳолатни ва ўқувчи ўлимини яширишга уринган. Фаоллар мактабнинг авария ҳолатда экани, умуман, мактаб директори фаолиятини танқид қилмоқда.
LiveБарчаси