Косово ва Сербия чегарасида вазият таранглашди. НАТО можарога қўшилишини билдирди
Олам
−
01 Август 2022
15615Кеча, 31 июль куни кутилмаганда Сербия ва Косово чегарасида кескинлик юзага келди. Кечқурун юзлаб этник серблар Сербия чегарасидаги “Ярине” ва “Брняк” назорат-ўтказиш пунктлари йўналишидаги йўлларда юк машиналари, нефть цистерналари бўлган юк машиналари ва бошқа оғир транспорт воситаларини тўхтатиб, транспорт ҳаракатини тўсиб қўйди. Кўп сонли маҳаллий серблар у ерда қолиш ниятида баррикадалар атрофида тўпланишди.
Косово Бош вазири Альбин Курти минтақадаги вазиятнинг кескинлашувига Сербия Президенти Александр Вучич айбдор эканини айтиб чиқди. Унинг фикрича, чегарада автомобиль йўлини тўсиб қўйиш режали ҳаракатдир.
Косово маъмурияти раҳбари унинг Косово шимолида яшовчи сербларга Сербияда берилган автомобилларни қайта рўйхатдан ўтказиш ва давлат рақамларини Косовоникига алмаштириш тўғрисидаги буйруғи Косоводан Сербияга кираётган фуқароларга худди шундай талаб қўйган Белграднинг ҳаракатларига жавоб бўлганини таъкидлаган.
Ўз навбатида, Сербия Президенти Александр Вучич якшанба куни Косоводаги вазият сербия ва Косовода яшовчи этник серблар учун ҳеч қачон ҳозиргидек “қийин” бўлмаганини айтди.
“Атмосфера ўзининг бузилиш нуқтасига етди”, деган Вучич.
У агар серблар ҳужумга учраса, “Сербия ғалаба қозонади” деб огоҳлантирган.
Курти эса Вучични “тартибсизликларни” қўзғатганликда айблади.
“Кейинги соатлар, кунлар ва ҳафталар қийин ва муаммоли бўлиши мумкин”, деб ёзган сиёсатчи Facebook’да.
Косово ҳудудида хавфсизликни таъминлаш учун масъул бўлган НАТО бошчилигидаги халқаро кучлар (KFOR) Косово барқарорлигига таҳдид туғилган тақдирда Белград ва Приштина ўртасидаги чегара можаросига аралашишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда ташкилот 31 июль куни Twitter’да маълум қилди.
“KFOR Косово шимолидаги барқарорликка таҳдид соладиган бўлса, аралашишга тайёр”, дейилади хабарда.
KFOR’да таъкидланишича, Косово шимолидаги муниципалитетларда хавфсизлик билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда, аммо KFOR доимий равишда кузатиб боради ва БМТнинг 1999 йилдаги 1244-сонли қарори доирасида аралашишга тайёр.
“Бизнинг НАТО бошчилигидаги KFOR миссиямиз бутун эътиборини бутун Косово аҳолиси учун хавфсиз муҳит ва ҳаракат эркинлигини таъминлаш бўйича БМТ мандатини ҳар куни амалга оширишга қаратган”, дейилади баёнотда.
Расмий Приштина Косово ҳукуматининг Сербия фуқаролари минтақага киришда олишлари керак бўлган вақтинчалик ҳужжатларни жорий этиш, шунингдек, автомобилларни қайта рўйхатдан ўтказиш ва Косово шимолида яшовчи сербларга берилган давлат рақамларини алмаштириш тўғрисидаги буйруғини бажаришни 1 сентябргача қолдирмоқда. Бундай баёнотни 1-августга ўтар кечаси Косово Бош вазири Альбин Курти эълон қилиб, ҳаракат эркинлигини ташкил қилиш учун Косово шимолидаги баррикадаларни олиб ташлаш кераклигини таъкидлади.
“Косово ҳукумати 2022 йил 1 август кунидан бошлаб шимолда барча баррикадалар олиб ташланса ва тўлиқ ҳаракат эркинлиги ўрнатилса, 2022 йил 29 июндаги иккита қарор ижросини 2022 йил 1 сентябрга кўчириш мажбуриятини олади”, дейилади Альбин Курти Twitter’да чоп этган пресс-релизда.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Косово маъмуриятининг Сербияда рўйхатдан ўтган автомобилларни Приштинада берилган янги давлат рақамлари учун мажбурий қайта рўйхатдан ўтказиш режасини амалга оширишни 1 сентябргача кечиктириш қарорини олқишлади.
“Биз барча тўсиқлар зудлик билан олиб ташланишини кутамиз”, деб ёзган Боррель ўзининг Twitter саҳифасида.
Шунингдек у очиқ масалаларни Европа Иттифоқи воситачилигида мулоқот йўли билан ҳамда Косово ва Сербия ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама нормаллаштириш мақсадида ҳал қилиш кераклигини урғулаган.
Минтақадаги вазиятнинг жиддий кескинлашуви охирги марта 2021 йилнинг сентябрида кузатилган, ўшанда юзлаб этник серблар ҳар куни норозилик намойишлари ўтказиб, иккита чегара ўтиш жойида транспорт ҳаракатини тўсиб қўйган эди.
LiveБарчаси