“Адолатсизликни зудлик билан тузатиш зарур”. Мирзиёева 15 яшар қизни жинсий алоқага ундаганлар озод қилинганига муносабат билдирди
Жамият
−
04 Август 2022
16778Аввалроқ, Тошкентдаги мактаблардан биридаги 15 ёшли ўқувчи қизни жинсий алоқага мажбурлаган уч эркак шартли равишда озодликка чиқарилгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи - Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ўз позициясини билдирди.
“Вояга етмаган қизнинг номусига теккан уч киши шартли равишда озодликка чиқарилгани ҳақида хабар топгач, қаттиқ тушкунлик ва оғриқни ҳис қилдим. Бу одамлар нормал ҳаётга қайтишди, яна болалар билан ишлашда давом этишмоқда. Бизнинг вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонунчилигимиз болалардан кўра кўпроқ жиноятчилар ҳақида қайғуради ва менинг фикримча, бу адолатсизликни зудлик билан тузатиш зарур”, дейди Мирзиёева.
Унга кўра, Жиноят кодексининг 128 ва 129-моддалари болалар ва ўсмирларни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартларга жавоб бермайди. Бундай жиноятлар учун, истисно тариқасида, озодликни чеклаш ёки аҳлоқ тузатиш ишлари тарзида жазо қўлланилмаслиги керак. Ушбу моддаларни кучайтириш керак, уларга барвақт озод бўлиш имкониятисиз жиддий муддатлар қўлланилиши лозим.
“Ҳозир эса ҳаддан ташқари енгил жазолар потенциал жиноятчиларни қўрқитмайди ва турли “самосуд”ларга туртки бермоқда. Шуни ёдда тутиш керакки, болалар ва ўсмирларни манипуляция қилиш, уларни қўрқитиш осон, улар ўзларининг хатти-ҳаракатлари учун онгли равишда жавобгар бўлолмайдилар. Ҳар қандай ҳолатда айб бутунлай катталарга юкланади. Келинг, зўравонларга эмас болаларга ғамхўрлик қилайлик. Бу соҳага доир қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш зарур. Қанча тез булса, шунча яхши”, дейди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари.
Воқеа 2021 йил 27 апрелда рўй берган. Шу куни Тошкентдаги мактаблардан бирининг жисмоний тарбия ўқитувчиси ўз ўқувчисини аввалдан ижарага олинган квартирага олиб борган, у ерга икки танишини ҳам чақирган ва улар қизни жинсий алоқага кўндирган.
Тергов бу жараёнда қиз қаршилик кўрсатмаган деб топиб, жиноятни гуруҳ бўлиб зўрлаш моддаси эмас, 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш моддаси билан малакалаган. Она берган апелляция кўриб чиқилиб, рад этилган.
“Nemolchi” лойиҳасининг Бош прокуратурага таяниб, маълум қилишича, мактабда аввал ўқитувчи бўлиб ишлаган (1991 йилда туғилган) Х.А., 2021 йил 11 ноябрь куни ЖКнинг 128-моддаси 2-қисми "а" банди билан 4 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва муддат 2021 йил 4 майдан ҳисобланиши кўзда тутилган. Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 2022 йил 7 майдаги ажримига кўра, ўталмай қолган 2 йил 11 ой 27 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси ЖКнинг 74-моддасига асосан шу муддатга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган холда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.
Унинг дўсти, 1993 йилда туғилган Г.Б. суднинг 2021 йил 11 ноябрдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 128-моддаси 1-қисмига асосан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман судининг 2022 йил 12 майдаги ажримига кўра, ўталмай қолган 1 йил 5 ой 29 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси ЖКнинг 74-моддасига асосан шу муддатга ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган холда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.
Яна бир иштирокчи 1994 йилда туғилган М.М.га нисбатан суднинг 2021 йил 11 ноябрдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 128-моддаси 1-қисмига асосан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман судининг 2022 йил 12 майдаги ажримига кўра, ўталмай қолган 1 йил 5 ой 29 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси ЖКнинг 74-моддасига асосан шу муддатга ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган холда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.