Хитой Тайвань яқинида 5 кунлик ҳарбий машғулот бошлади

Олам

image

Хитой Денгиз хавфсизлиги бошқармасининг маълум қилишича, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга эҳтимолий ташрифи муносабати билан бугун, 2 август куни Халқ озодлик армияси Жанубий Хитой денгизида машғулотларни бошлади. Маневрлар 6 августга қадар давом этади.

2 август соат 00:00 дан (Тошкент вақти билан душанба соат 17:00) 6 август 24:00 гача (Тошкент вақти билан соат 17:00) Жанубий Хитой денгизининг бир қисмида ҳарбий машғулотлар ўтказилади”, дейилади вазирлик хабарида. 

Координаталари сайтда кўрсатилган ушбу ҳудудга кириш тақиқланади, дейилади ҳужжатда.

Ўз навбатида, Далянь шаҳри (Ляонин вилояти, Шимолий-Шарқий Хитой) денгиз хавфсизлиги бошқармаси 1 август куни соат 14:00 дан  4 август соат 24:00 гача бохай кўрфазининг шимолий қисмида жанговар ўқлар билан машғулот ўтказилишини маълум қилди.

Бу Хитойнинг шу кунларда денгизда ўтказаётган ягона машқлари эмас. Ўтган ҳафта жума куни Хитой Гуандун ва Хайнань провинциялари сувларида Жанубий Хитой денгизининг тўртта ҳудудида машғулотларни бошлади. Шанба куни Тайвань билан бўғоз бўйлаб жойлашган шарқий Фуцзянь провинцияси сувларида жанговар ўқлар билан машқлар ўтказилди.

Тайвань ОАВлари Пелоси оролга сешанба куни кечқурун етиб бориш ниятида эканини хабар қилган эди. Хитой, агар Пелоси Тайванга ташриф буюрса, бунга ҳарбий жавоб қайтарилишини уқтирмоқда. Қўшма Штатлар Хитой ҳарбий йўналишда бир қатор қадамлар қўйиши мумкинлигидан хавотирда. Пелоси чиққани тахмин қилинаётган махсус борт сўнгги маълумотларга кўра, Малайзиядан ҳавога кўтарилиб, жанубга ҳаракатланишни бошлаган.

Вашингтон ва Пекин муносабатларидаги Тайвань масаласи Украинадаги вазият фонида алоҳида аҳамият касб эта бошлади. Хитой тарихий ва сиёсий сабабларга кўра Қўшма Штатлардан унинг ички ишларига аралашмасликни талаб қилмоқда. Вашингтон “ягона Хитой тамойили”га расман риоя қилиб, Тайпей билан дипломатик алоқаларга эга эмас. Бироқ шунга қарамай нафақат орол билан алоқаларни сақлаб қолган, балки у ерга мунтазам равишда қурол етказиб беради.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Осиёга сафари чоғида Хитой ўз ҳудуди деб ҳисобловчи Тайванга ҳам бориши мумкинлиги Пекин ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларнинг яна кескинлашишига сабаб бўляпти. Хитой томони бундай ҳаракатлардан тийилишга чақириб, огоҳлантириш билан чиқди.

Пелоси Осиё турнеси давомида Малайзия, Сингапур, Корея ва Японияга бориши режалаштирилган. Сафар апрель ойида амалга оширилиши керак эди. Бироқ палата спикери коронавирусга чалингач, сафар кечиктирилди.

Хитой Пелосининг Тайванга бориши муносабатларга жиддий путур етказиши ҳақида бир неча марта огоҳлантирди. Ҳатто унинг самолётини уриб тушриши мумкинлигини кўрсатиш учун Тайваньга энг яқин вилоятида ҳақиқий ўқлардан фойдаланган ҳолда машғулот бошлади. Ҳатто вилоятга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳам жойлаштирилди.

Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолган.

Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, уларни ХХР билан ўрнатган. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР расмийларининг норозилигига сабаб бўлди. 

АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Жорий йилнинг апрель ойида Давлат департаменти Patriot зенит-ракета тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича 95 миллион долларлик шартномани маъқуллади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ-Хитой Тайвань

Баҳолаганлар

65

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг