Хитой АҚШга талаб қўйди

Олам

image

Хитой Вашингтондан АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифини бекор қилишни талаб қилади, чунки бундай ташриф “ягона Хитой” тамойилини жиддий равишда бузади ва бундан кейин барча оқибатлар учун жавобгарлик фақат АҚШ зиммасига тушади. Бу ҳақда Хитой ТИВ вакили Чжао Лицзянь бугун, 19 июль куни маълум қилди.

“Хитой АҚШдан “Ягона Хитой” тамойили ва учта қўшма АҚШ-Хитой коммюникесига қатъий риоя этишини, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифини ташкил қилмасликни, Тайвань билан барча расмий алоқаларни ва Тайван бўғозида кескинликни келтириб чиқаришни тўхтатишни талаб қилади”, деган дипломат.

Унинг таъкидлашича, агар Қўшма Штатлар Пекиннинг фикрини инобатга олмай, ўз хоҳишига кўра ҳаракат қилишда давом этса, Хитой давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун, албатта, қатъий чоралар кўради ва оқибатлар учун тўлиқ жавобгарлик АҚШ зиммасига юкланади.

Чжао Лицзяннинг таъкидлашича, Хитой бир неча бор АҚШ ва Тайвань вакиллари ўртасидаги ҳар қандай расмий алоқани қабул қилиб бўлмаслиги, ва агар Пэлоси оролга ташриф буюрса, бу “ягона Хитой” тамойили ва АҚШ-Хитойнинг учта қўшма коммюникесини бузиш бўлиши, Хитойнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига жиддий зарар етказиши, Пекин ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларнинг сиёсий асосига жиддий таъсир кўрсатиши, шунингдек, оролнинг мустақиллик тарафдори кучларига ёлғон сигнал бериши ҳақида ҳақида огоҳлантирган. 

Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолган. 

Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, уларни ХХР билан ўрнатган. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР расмийларининг норозилигига сабаб бўлди. 

АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Жорий йилнинг апрель ойида Давлат департаменти Patriot зенит-ракета тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича 95 миллион долларлик шартномани маъқуллади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ-Хитой

Баҳолаганлар

513

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг