Бир йил блокда турган учта ижтимоий тармоқнинг банди ечилди
Жамият
−
01 Август 2022
13649Бугун, 1 август кунидан бошлаб Ўзбекистонда Twitter, WeChat ва Вконтакте ижтимоий тармоқларидан тўсиқларсиз фойдаланиш имконияти тўлиқ тикланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, TikTok платформаси билан музокаралар давом этмоқда, натижалари юзасидан қўшимча хабар берилади.
"Блокировкалар ривожланишга фақат зарар келтиради", дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон ҳудудида Twitter, TikTok ва “ВКонтакте” чекланган. Ўзбекистон юқоридаги компанияларга серверларини Ўзбекистонга кўчириш бўйича талабномалар юборган. Шундан сўнг, 2021 йилнинг 2 июлида “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуннинг 27-1-моддаси талабларига зид равишда Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов берилаётгани учун айрим ижтимоий тармоқлар фаолиятига чеклов ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, QALAMPIR.UZ “Ўзбекистонда барча ижтимоий тармоқлар блокланиши керак” номли журналистик суриштирув эълон қилганди.
Унда Ўзбекистонда Теlegram, Instagram, WhatsApp, Facebook, исталган вақт блокланиши мумкинлиги, Tiktok ва Twitter эса аллақачон тақиқланганлар рўйхатида тургани ҳақида сўз боради.
Айтиш жоизки, ушбу тармоқлардан кўпчилигимиз, ҳатто, расмийлар, амалдорлар, тақиқлашга овоз берганларнинг ўзлари ҳам VPN орқали фойдаланади.