ЕИ Х'ни млрд доллар жаримага тортмоқчи
Олам
−
04 Апрель
2042Европа Иттифоқи регуляторлари америкалик миллиардер Илон Маскка тегишли X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғига “ноқонуний контент ва дезинформацияга қарши кураш тўғрисидаги қонунни бузгани учун” жиддий санкциялар жорий қилмоқчи. Бу ҳақда кеча, 3 апрель куни “The New York Times” хабар берди.
“Бу қадам Қўшма Штатлар билан муносабатларда кескинликни кучайтириши мумкин, чунки у Президент Трампнинг энг яқин маслаҳатчиларидан бирига қарши қаратилган”, дея Маскка ишора қилган газета.
Маълум қилинишича, жазолар жарима ва “маҳсулотга ўзгартиришлар киритиш” талабларини ўз ичига олади. Айни пайтда Европа Иттифоқи расмийлари Маскнинг ижтимоий тармоқларига қанча жарима солиш кераклигини муҳокама қилмоқда - аммо манбалардан бирининг сўзларига кўра, жарима бир миллиард доллардан ошиши мумкин.
Шу тариқа, европаликлар бошқа компанияларни Европа Иттифоқининг рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунини бузишдан сақлаб қолишга умид қилмоқда.
Илон Маскнинг X ижтимоий тармоғига нисбатан тергов 2023 йилда бошланган. 2024 йилнинг ёзида Еврокомиссия ижтимоий тармоқ Европа Иттифоқининг рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунининг бир қатор моддаларини бузаётганини маълум қилди. Европа Иттифоқи версиясига кўра, X микроблог хизмати “кўк белги”ли тасдиқланган ҳисоблар учун ўз интерфейсини нотўғри ишлаб чиқади ва фойдаланади, натижада фойдаланувчилар профилларнинг ҳақиқийлиги ва у ерда эълон қилинган контентнинг ишончлилигига шубҳалар ортиб боради. Бундан ташқари, ЕК маълумотларига кўра, X ижтимоий тармоғи реклама шаффофлиги талабларига риоя қилмайди ва тартибга солувчиларга умумий фойдаланишдаги маълумотлардан фойдаланиш имкониятини бермайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Илон Маск ўзининг сунъий интеллект соҳасидаги ишланмалар билан шуғулланувчи xAI компанияси унга тегишли X ижтимоий тармоғини 33 миллиард долларга сотиб олганини эълон қилди.
Tesla ва SpaceX раҳбари Илон Маск 2022 йил октябрь ойида ижтимоий тармоқни 44 миллиард долларга сотиб олиб, Twitter эгасига айланди. Тез орада ижтимоий тармоқ ўз номини X'га ўзгартирди.
LiveБарчаси
Тошкентда подстанция ёниб кетди.
11 Апрель