Келажакни башорат қилувчи янги СИ ишлаб чиқилди
Технология
−
2382 2 дақиқа
Илон Маскнинг xAI компаниясида ишлаган уч нафар мутахассис келажакдаги воқеаларни сунъий интеллект ёрдамида башорат қилишга ихтисослашган янги стартапни ишга туширди. Epochal деб номланган компания бу орқали турли соҳаларда қарор қабул қилишни осонлаштирувчи тизим яратишни мақсад қилган. Бу ҳақда “Bloomberg” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Epochal сунъий интеллектга интернетнинг ўтмишдаги архив нусхаларига кириш имконини берувчи махсус тизим ишлаб чиққан. Компания бу технологияни “вақт портали” деб атамоқда. Ушбу тизим ёрдамида сунъий интеллект эски маълумотлар асосида ўқитилиб, келажакда содир бўлиши мумкин бўлган воқеаларни башорат қилишга ўргатилади.
Компания жамоаси турли соҳаларда тўғри қарор қабул қилишга ёрдам берадиган илғор тизим яратишни мақсад қилган. Асосчиларнинг фикрича, келажакни инсондан ҳам аниқроқ башорат қилиш имконияти деярли барча соҳаларни ўзгартириши мумкин. Чунки ҳар қандай қарор қабул қилиш жараёни келажакни тахмин қилиш билан боғлиқ.
Янги компанияга Гуодонг Чжан, Чжан Даи ва Мануэл Креусс асос солган. Улар 2026 йил февраль ойида xAI компанияси SpaceX билан бирлашганидан сўнг Маск жамоасидан кетган.
Ҳозирда стартап жамоасига xAI, OpenAI, Anthropic ва Google компанияларининг собиқ ходимлари ҳам қўшилган. Манбаларга кўра, асосчилардан бири Гуодонг Чжан лойиҳага ўз маблағидан 100 млн доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америкалик миллиардер Илон Маск сунъий интеллектни ривожлантириш учун серверлар ва ҳисоблаш марказларини Ер атрофидаги орбитага олиб чиқишни таклиф қилганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси