Ўзбекистонда барча ижтимоий тармоқлар блокланиши керак
Таҳлил
−
16 Июль 2022
30487Ўзбекистонда Теlegram, Instagram, WhatsApp, Facebook, исталган вақт блокланиши мумкин. Tik-tok ва Twitter эса аллақачон тақиқланганлар рўйхатида турибди. Бу тармоқлардан кўпчилигимиз, ҳатто, расмийлар, амалдорлар, тақиқлашга овоз берганларнинг ўзлари ҳам VPN орқали фойдаланади.
Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар, айрим ижтимоий тармоқлар ўз-ўзидан блоклангани йўқ. Албатта, бунга асос бор. Қонун бор.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2019 йил 16 апрелда “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун қабул қилганди. Шу йилнинг 21 июнь куни Қонун сенаторлар столига етиб келди. Сенатнинг ялпи мажлисида иштирок этаётган 83 сенаторнинг 80 нафари қонунни ёқлаб қўл кўтарди. Бироқ, қонуннинг 2019 йилдаги таҳририда ҳозирги 271-модда, ижтимоий тармоқларни қафасга тиқадиган банд бўлмаган.
2020 йил 15 декабрь куни, тўғрироғи маҳаллий кенгашлари ва парламент қуйи палатасига сайловлар ўтказилганидан роппа-роса бир йил ўтиб, Нурдинжон Исмоилов раислигидаги парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш” тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Ушбу қонуннинг 13-моддаси айнан ижтимоий тармоқларнинг оёғи болта урадиган банд сифатида тарихда қолди, десак мублоаҳа бўлмайди. Айнан ушбу модда билан “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунда 271 – Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартлари моддаси пайдо бўлди. Сенат ҳам 2020 йилнинг 19 декабрь куни, янада аниқроғи, Олий Мажлисда қабул қилинганидан 4 кун ўтиб, миқ этмай, ушбу қонунни маъқуллади.
Энди қонун мазмунига эътибор берсак. Қонуннинг 271-моддасида шундай дейилади:
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартлари
Мулкдор ва (ёки) оператор Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилишини, тизимлаштирилишини ва сақланишини таъминлаши шарт.
Қонунлар доим шундай тушунарсиз бўлади. Ўшанда бу қонунни нафақат оддий одамлар, балки баъзи қонун чиқарувчиларнинг ўзи ҳам тушунмаган, гап нима ҳақида кетаётганини англамаган бўлса, ажабмас. Қайта-қайта ўқиб чиқишимизга қарамай, биз ҳам тушунмадик. Тушунтириб беришди. Англашилишича, ушбу моддада биз фойдаланаётган ижтимоий тармоқлар, яъни Telegram, Instagram, Facebook, Twitter, Tik-tok, Odnoklassniki, WhatsApp, VKontakte’ларнинг сервери ўзбекистонда жойлашган бўлса, фойдаланиш мумкинлиги, агар бу маълумотлар базаси бошқа давлатда бўлган тақдирда, барча (сервери йўқ) тармоқлар блокланиши ҳақида сўз боради.
Энди ижтимоий тармоқлардан қайсиларининг сервери ўзбекистонда бор деган саволга жавоб топсак. Ҳеч қайси.
Лекин норасмий манбаларга кўра 2008 йилдан 2014 йилгача тармоқларда машҳур Odnoklassniki’нинг сервери Ўзбекистонда мавжуд ёхуд Ўзбекистондаги Прокси-сервери орқали ундан фойдаланиш мумкин.
Демак, қонуннинг 271-моддасига асосан Ўзбекистонда фойдаланиладиган ҳамма тармоқлар Telegram, Instagram, Facebook, Twitter, Tik-tok, Odnoklassniki, WhatsApp, VKontakte – хуллас бизда сервери бўлмаган ҳаммаси тўлиқ блокланиши керак. Лекин қонун айрим манфаат ва мақсадлар йўлида ишлаяпти. Буни мамлакатда фақат Twitter, Tik-tok va VKontakte блокланганида кўриш мумкин.
Бир неча йилдирки, Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларнинг қайсиниси блокланиб, қай бири фаол ишлаши бўйича баҳслар тинаётгани йўқ. Ҳатто, депутатлар ҳам ўзи чиқарган қонундан ўзи бехабардек, ижтимоий тармоқларнинг блокланиши ҳақида оғиз кўпиртириб гапириб қолади. Масалан, Tik-tok’ни блоклаш бўйича олд қаторлардан ўрин олган Алишер Қодиров Facebook ва Telegram’га келганда “нафси”ни тийиб туролмайди. Ёки Қонуннинг Сенатдан ўтишига бош-қош бўлган сиёсий элита – Танзила Норбоева Twitter’нинг фаол аъзоси. Президент Шавкат Мирзиёевнинг эса деярли барча оммабоп ижтимоий тармоқларда расмий саҳифалари бор ва у ҳар куни янгилаб борилади.
2019 йилдаги қонунни тўлиқ қўллаб қувватлаган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев қонунга 271-модда қўшилганидан кейин тармоқларнинг қисман чекланиши мантиқсизлик эканини айтиб норозилик билдирган ва “Ўзкомназорат” бошлиғига Twitter’нинг блокланиши масаласида асослантирилган тушунтириш бериш ва чекловни олиб ташлаш чораларини кўриш масаласида депутатлик сўрови киритган. Кушербоевнинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, унга “Ўзкомназорат” бошлиғи Аъзам Абдуллаев имзоси билан мужмал жавоб келган. Кушербоев бундан қониқмаган ва қайта сўров киритиш ниятида.
Энди масалани яна бир томони бор. Тўғри, Ўзбекистонда Tik-tok ва Twitter блокланди. Бу тармоққа нисбатан қўйилган чеклов эди, лекин одамларга эмас.
Бу дегани сиз ҳам, мен ҳам, ҳатто, ижтимоий тармоқларни блоклаш учун қўл кўтарган депутатлар-у уни қабул қилишга бош-қош бўлган сенаторлар ҳам бу платформаларга кира олади. Албатта, VPN билан.
Бироқ, бунда қонун чиқарувчилар ҳам, уни ижро этувчилар ҳам бир нарсани ёддан чиқаряпти. Қонун шахсга доир маълумотларни ўз мамлакати ҳудудида бўлишини таъминлаш учун қабул қилиняпти. Аммо VPN ишлатиш орқали ҳамма ўз шахсий маълумотларини, телефонидаги ёзишмалардан тортиб, суратларигача қўш-қўллаб глобал серверга узатмоқда. Бу нафақат шахсий маълумотлар, балки давлат хавфсизлиги учун ҳам хавф.
VPN орқали порнографик сайтларга кириш чекланмаган. Бу эса болаларимиз тарбиясига чанг солаётган энг катта хавф.
Ўзбек элитасидан кимлар Twitter’да фаол?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Президент Матбуот котиби Шезод Асадов, Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов ва унинг ўринбосари Саида Мирзиёева, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Адлия вазирлиги, шунингдек, ҳукумат портали GOV.UZ. Бундан ташқари кўплаб фаоллар ва депутатлар ҳам Twitt ёзишни яхши кўришади.
Сиз ҳам ичингизда нега блоклашди ва нега киришяпти деган саволни ўйлаяпсизми? Яна қайтарамиз, чеклов тармоққа, одамларга эмас. Бўёғи ўзбекчилик.
Twitter мавзусида гап кетганда, бир нечта саволлар пайдо бўлади. Бу саволлар қонун ишлаб чиқувчи ва қабул қилувчи, шунингдек, уни бажарувчиларга алоқадор.
Биринчидан, агар сиз шахсга доир маълумотлар бошқа томоннинг қўлида сақланмаслигини истаб қонун ишлаб чиққан ва уни маъқуллаган экансиз, нега қонун тўлиқ ишлашини таьминламаяпсиз? Яъни сервери Ўзбекистонда бўлмаган барча тармоқлар блокланмаяпти?
Иккинчидан, қонун чала ишлаб, қайсидир тармоқлар блокланган экан блоклаганларнинг ўзи нега тармоқда фаол? Ахир биз маълумотларни четга чиқиб кетишидан қўрқмаётганмидик?
Учинчидан, агар қонунни қабул қилганлар уни айланиб ўтаркан, нега ишламайдиган қонунларни қабул қиласиз?
Тўртинчидан, ёдингизда бўлса 2021 йилнинг 3 ноябрь куни You Tube, Facebook, Telegram ва Instagram блокланди. Бунинг ортидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазиринг қарорига асосан Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Зияев Ғолибшер Мелибоевич нотўғри ва келишилмаган ҳатти-ҳаракатлари учун эгаллаб турган вазифасидан четлатилди.
Шунингдек, ИТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ҳам лавозимидан озод этилди.
Энди савол. Агар вазирлик мутассадиллари қонун асосида тармоқларни блоклаган бўлишса нега улар ишдан олинди?
Илтимос шунча гапдан кейин ҳам Ўзбекистонда қонунлар ишлайди, ижроси таъминланади деманглар.
LiveБарчаси