Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия ўртасида Тошкент декларацияси имзоланди
Жамият
−
02 Август 2022
6068Аввал хабар берганимиздек, бугун, 2 август куни “Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия” мулоқот форматининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси, Озарбайжон Республикаси ва Туркия Республикаси ташқи ишлар, савдо/иқтисодиёт ва транспорт вазирларининг Тошкент декларацияси қабул қилинди.
Вазирлар (кейинги ўринларда “Томонлар” деб юритилади):
• уч мамлакат ўртасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва умумий манфаатлар тамойилларига асосланган мустаҳкам стратегик шерикликни таъкидлаб;
• ўз давлатларининг бир-бирларининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва халқаро миқёсда тан олинган чегаралар дахлсизлигини қатъий ва сўзсиз қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган ҳолда;
• Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Устави мақсадларига, халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган тамойиллари ва нормаларига содиқ қолиб;
• савдо, инвестиция, саноат, транспорт ва коммуникациялар соҳаларида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва илгари суриш ортиб бораётган аҳамиятини англаган ҳолда;
• “Транс-Каспий-Шарқий-Ғарбий-Ўрта йўлак” (кейинги ўринларда Ўрта йўлак) – мултимодал транспорт йўналиши, жумладан, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия иттифоқчи давлатлари ҳудудлари орқали ўтувчи транзит йўлаклар салоҳиятини ошириш муҳимлигини таъкидлаб;
• Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркиянинг юқори транзит салоҳиятидан унумли фойдаланиш мақсадида, шу жумладан ТРАСЕКА доирасида халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича уч давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини эътироф этиб;
• алоқаларни, жумладан, транспорт алоқалари, ахборот-коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш орқали янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаб;
• COVID-19 пандемиясининг уч давлат ҳудудлари бўйлаб транспорт ва транзит операцияларига таъсирини эътироф этиб ва пандемиядан кейинги тикланиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш зарурлигини қайд этиб;
• Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган уч томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги форматини юқори баҳолаб қуйидагиларни эълон қилди:
1) Томонлар ўзаро манфаатдор бўлган минтақавий ва халқаро масалалар бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда қатъий эканлигини билдирадилар.
2) Томонлар ўзларининг халқаро тан олинган чегаралари доирасида бир-бирларининг ҳудудий яхлитлигини тўлиқ ҳурмат қилишларини яна бир бор таъкидлайдилар ва иштирокчи давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига таҳдид солувчи ҳаракатларга қарши бир-бирларининг саъй-ҳаракатларини халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ қўллаб-қувватлашларини маълум қиладилар.
3) Томонлар Афғонистондаги тинчлик ва барқарорлик Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили эканлигини эътироф этадилар, шунингдек, халқаро ҳамжамиятнинг тўсиқларсиз гуманитар ёрдам кўрсатиш, рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини давом эттириш ҳамда инклюзив бошқарув ва афғон манфаатдор томонлари ўртасида мулоқот муҳимлигини таъкидлайдилар.
4) Томонлар иқтисодиёт, савдо, инвестиция ва транспорт соҳасида, шу жумладан транспорт ва транзит коммуникацияларининг барча турларида ҳамкорликнинг тўлиқ салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларини давом эттиришда қатъий қарорларини билдирадилар.
5) Томонлар экспорт-импорт имкониятларини ўрганиш ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги шаклларини излаш орқали уч давлатнинг ўзаро манфаатли соҳаларга инвестицияларини янада кўпайтириш, шунингдек, ушбу йўналишда ишбилармон доиралар, савдо-саноат палаталари, шунингдек, саноат ва тадбиркорлик бирлашмалари орқали бевосита алоқаларни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирадилар.
6) Томонлар саноат, дастурий таъминот, ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамли савдо соҳаларида амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга ҳаракат қиладилар.
7) Томонлар озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратадилар ҳамда қайд этилган соҳаларда умумий хавотирларни бартараф этиш мақсадида ҳамкорлик қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттирадилар.
8) Томонлар иқтисодий ҳамкорликни барча йўналишларда кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар, шунингдек, энергетика, хусусан, қайта тикланадиган энергия соҳасида ҳамкорлик имкониятларини ўрганишга келишиб олдилар.
9) Томонлар Озарбайжон Республикасининг Қорабоғ ва Шарқий Зангазур вилоятларига сармоя киритиш орқали Озарбайжонни можародан кейинги реабилитация, реконструксия ва реинтеграция саъй-ҳаракатларига ҳисса қўшиш муҳимлигини таъкидлайдилар ва Озарбайжон томони Туркия ва Ўзбекистон компанияларининг Озарбайжоннинг озод қилинган ҳудудларини тиклаш ва қайта қуриш лойиҳалари инфратузилмасидаги иштирокини юқори баҳолайди.
10) Томонлар самарали, узлуксиз ва тўсиқсиз транспортация, ўз давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш зарурлигини таъкидлайдилар ва ҳамкорликни қуйидаги қўшма саъй-ҳаракатлар режаси орқали янада чуқурлаштириш зарур, деб ҳисоблайдилар:
• зарур транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш;
• тизим операцияларни соддалаштириш, шу жумладан транспорт, божхона ва чегарадан ўтиш тартиб-қоидаларини рақамлаштириш ҳамда eTIR, ePermit, eCMR воситалари, eCIM ва eCIM/SMGS, шунингдек, мултимодал ташиш учун БМТ/СЕФАКТ томонидан ишлаб чиқилган стандартларни тегишли тарзда қўллаш;
• рақобатдош транспорт коридорлари мавжуд бўлган минтақавий ва кўп томонлама форумларда ўз давлатлари ҳудудлари, шу жумладан Ўрта йўлак орқали ўтувчи транспорт йўналишларини илгари суриш учун минтақавий ҳамкорлик ташкилотлари доирасида умумий позицияларни шакллантириш бўйича мувофиқлаштиришни кучайтириш;
• Баку-Тбилиси-Карс линияси орқали темир йўл салоҳиятидан фойдаланган ҳолда Хитой-Европа йўналишидаги денгиз портларидан Ўрта йўлакка қўшимча юкларни жалб қилиш;
• иштирокчи давлатларнинг транспорт операторлари учун порт хизматлари ва ташиш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш;
• ўрта транспорт йўлагини тижоратлаштириш, шу жумладан, ушбу йўлак имкониятларидан самарали фойдаланиб, максимал фойда олиш мақсадида хусусий транспорт операторларининг фаол иштирокини кенгайтириш;
11) Томонлар халқаро транспорт алоқаларини кенгайтириш учун Шарқий Зангазур ва Озарбайжон Республикасининг Нахичеван Мухтор Республикасини боғловчи Зангазур йўлагини очиш зарурлигини таъкидлайдилар.
12) Томонлар Ўзбекистоннинг “Термиз – Мозори Шариф – Қобул – Пешовар” стратегик темир йўл линиясини қуриш бўйича ташаббуси муҳимлигини таъкидлайдилар ва “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темир йўл қурилиши лойиҳасини қўллаб-қувватлашларини билдирадилар.
13) Томонлар Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркиянинг инфратузилма имкониятлари ва саноат афзалликларидан, жумладан, транспорт-логистика марказлари, денгиз ва қуруқлик портлари, кемасозлик заводлари, иқтисодий зоналар, илмий-инновацион марказлар, технопарклардан фойдаланишда хусусий секторнинг фаол ролини эътироф этадилар.
14) Томонлар Ўзбекистон Республикаси, Озарбайжон Республикаси ва Туркия Республикаси аъзо бўлган халқаро ташкилотлар доирасида, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти унинг ихтисослашган идоралари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш доирасида ўзаро манфаатли масалалар бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини таъкидлайдилар.
Томонлар учрашувни муваффақиятли ташкил этгани учун Ўзбекистон томонига чуқур миннатдорлик билдирдилар.
Иккинчи уч томонлама кенгаш ўзаро келишилган санада Туркия Республикасида ўтказишга қарор қилинди.
2022 йил 2 августда ҳар бири инглиз тилида бўлган уч асл нусхада Тошкент шаҳрида имзоланди.
LiveБарчаси