АҚШ Сенати Украинага $40 млрдлик ёрдам пакетини тасдиқлади

Олам 3885
image

АҚШ Конгресси Сенати Украинага 40 миллиард долларлик янги ёрдам пакетини маъқуллаб, қонун лойиҳасини имзолаш учун Президент Жо Байденга юборди.

Вакиллар палатаси илгари маъқуллаган ташаббус учун 100 сенатордан 51 нафари аллақачон овоз берган.

Пакет Украинага ҳарбий, иқтисодий ва гуманитар ёрдам, шунингдек, у ёки бу мамлакатдаги вазият билан боғлиқ бўлган турли харажатларни ўз ичига олади. Конгресс бу миқдорни Байден сўраган 33 миллиард доллардан деярли 40 миллиард долларга оширди.

Оқ уй, Давлат департаменти ва Пентагон қонунчиларни шошилишга чақириб, 19 майда Украинага ёрдам бериш учун молиявий ресурслар тугашидан огоҳлантирди. Қонун лойиҳасига республикачи Ренд Пол тўсқинлик қилди ва у харажатлар устидан назоратни кучайтиришни талаб қилди. У таклиф қилган тузатиш киритилмади ва оммавий ахборот воситаларига кўра эътирозлар Демократик кўпчилик етакчиси Чак Шумер томонидан амалга оширилган махсус процессуал қадамлар туфайли четлаб ўтилди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 5
Рейтинг: 2.8
t
×