Россия Украина Миллий гвардиясининг Донбассга ҳужум ҳақидаги махфий буйруғини эълон қилди
Олам
−
09 Март 2022
20179Россия Мудофаа вазирлиги Украина Миллий гвардияси қўмондонининг жорий йилнинг 22 январида қабул қилинган ва жорий йилнинг март ойида Донбассга ҳужум қилишни назарда тутувчи буйруғининг асл махфий нусхасини эълон қилди. Бу ҳақда журналистларга Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-майор Игор Конашенков маълум қилди.
“Россия Мудофаа вазирлиги Украина Миллий гвардияси қўмондони, генерал-полковник Николай Баланнинг 2022 йил 22 январдаги асл махфий буйруғини эълон қилди. “Украина Қуролли Кучлари бригадаси таркибида қўшма кучлар операциясида жанговар (махсус) вазифаларни бажариш учун 4-тезкор бригаданинг батальон-тактик гуруҳини тайёрлашни ташкил этиш тўғрисида”ги буйруқ. Ҳужжат Украина Миллий гвардиясининг Шимолий Киев, Жанубий Одесса ва Ғарбий ҳудудий бошқармалари раҳбарларига юборилган”, деган Конашенков.
Генералнинг таъкидлашича, “ҳужжатда Украина Миллий гвардияси қўмондонлиги топшириқларини бажариш учун масъул мансабдор шахсларнинг асл имзолари бор”.
Унинг сўзларига кўра, “Украина Миллий гвардияси қўмондонлигига киритилган буйруқда, қўшма кучларнинг “Донбасс” операцияси деб аталадиган зонада зарбдор гуруҳлардан бирини ҳужум операцияларига тайёрлаш режаси батафсил тасвирланган.
“Ҳужжат билан Миллий гвардиянинг 4-тезкор топшириқлар бригадаси батальон-тактик гуруҳининг ташкилий ва штат тузилмаси, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни ташкил этиш ва Украинанинг 80-алоҳида ҳаво ҳужуми бригадасига бириктириш тасдиқланган. 2016 йилдан бери Украина ҳаво-десант-ҳужум кучларининг ушбу тузилмаси америкалик ва британиялик инструкторлар томонидан Львовда НАТО стандартидаги ўқув дастурлари бўйича ўқитилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман”, дея қайд этган Мудофаа вазирлиги расмий вакили.
Топширилган вазифалар
РФ Мудофаа вазирлиги вакилининиг айтишига қараганда, “буйруққа мувофиқ, Миллий гвардия қўмондони ўринбосари зиммасига 2022 йил 7-28 февраль кунлари Украина Қуролли кучларининг 80-алоҳида ҳаво ҳужуми бригадаси таркибида Миллий гвардиянинг батальон-тактик гуруҳининг жанговар мувофиқлаштиришни ташкил этиш вазифаси юклатилган.
“Эътиборингизни қаратмоқчиман - 4 банддан иборат бешта параграф кадрларни синчиклаб танлаш, барчасини психологлар томонидан текшириш ва уларнинг юқори мотивациясини таъминлаш масалаларига бағишланган. Бунинг учун Миллий гвардиячиларга “визуал ташвиқот, ахборот ва тарғибот материаллари, байроқлар ва матбаа маҳсулотлари” билан таъминлаш топширилган”, дейди Конашенков.
Унга кўра, Миллий гвардия қўмондонининг шахсий таркиб бўйича ўринбосарига “4-тезкор бригаданинг батальон-тактик гуруҳини маънавий-руҳий жиҳатдан таъминлаш, командирларнинг қўл остидагилар билан ички алоқаси, хабардор қилишнинг самарали тизимини ташкил этиш ҳамда раҳбарият қарорлари ва келгусидаги вазифаларни бажариш муҳимлигини ходимларга тушунтириш” топширилган.
“Буйруқнинг 12-бандида “хавфга тайёрлик” мезони бўйича психологик тестларда “қониқарсиз” натижа кўрсатган Миллий гвардия аскарларини жанговар ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳудуди ва жанговар махсус топшириқларни бажариш жойига юбориш тақиқланганига алоҳида эътибор қаратмоқчиман”, дея матндан иқтибос келтирди генерал.
Унинг таъкидлашича, буйруққа кўра, “Украинанинг Донбассдаги “Қўшма кучлари операцияси” доирасидаги жанговар топшириқларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида 28 февралгача кучларни жанговар мувофиқлаштириш бўйича барча чора-тадбирларни якунлаш буюрилган”.
Маълумот учун, Украинанинг Донбасс ўлкаси ҳозирда россияпараст сепаратист кучлар назоратга олган Донецк ва Луганск вилоятларининг катта қисмини ўз ичига олади. Украина ҳукумати ҳудудни расмий Киевга бўйсундириш учун 2014 йилдан кейин бир нечта ҳужумларни амалга оширган. Аммо Россия қўлловидаги тан олинмаган ДХР ва ЛХР ҳамон яшашда давом этмоқда
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси