ИИББ Бобур Ғаниевнинг қамалиши бўйича расмий ахборот берди (видео)

Жамият

Аввалроқ, Йўл-патруль хизмати ходимлари фаолиятини ёритиш билан шуғулланувчи блогер Бобур Ғаниев ички ишлар органлари ходимларини “мент” дегани учун 15 суткага қамалгани ҳақида хабар берган эдик. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси блогернинг қамалиши бўйича расмий маълумот берди.

Унга кўра, автоблогер Бобур Ғаниев ва унинг шериклари – Аброрбек Қўзибоев (Epica ҳайдовчиси), Обид Салимов (йўловчи)га нисбатан очилган иш Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида кўриб чиқилди. Суд қарори билан Бобур Ғаниев МЖтКнинг 41-моддаси билан айбли деб топилиб, БҲМнинг 20 баравари миқдорида (5,4 млн сўм) жаримага тортилди. Бундан ташқари, МЖтКнинг 194-моддаси билан БҲМнинг 1 баравари миқдорида жарима ва МЖтКнинг 195-моддаси билан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланди.

Унинг шериклари – Аброрбек Қўзибоевга БҲМнинг бир баравари миқдорида жарима ва 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси; Обид Салимовга эса 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Блогер Бобур Ғаниевнинг ўзим ҳам ҳолат бўйича фикрларини билдириб ўтган. У ЙПХ ходими уларни тўхтатганда жаҳли чиқиб тургани учун уларни ҳақорат қилганини ва инспекторларнинг қонуний талабларини бажармаганини маълум қилган. Блогер пушаймонлигини урғулаган.

Тошкент шаҳар ИИББ блогернинг қўлга олинишига сабаб бўлган ҳолатнинг видеосини ҳам эълон қилди. Видеода Бобур Ғаниев ЙПХ ходимлари билан қўпол муомалада бўлганини кўриш мумкин.

Таъкидланишича, Бобур Ғаниевнинг қўл телефонидан топилган порнографик материаллар тарқатилгани ёки тарқатилмаганлигини текшириш учун экспертиза тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 октябрь куни ижтимоий тармоқларда блогер Бобур Ғаниевнинг Ички ишлар органларида ерда ўтиргани акс этган видео ва суратлар тарқалган эди. Пойтахт ИИБ мазкур суратлар ортидан кўтарилган шов-шувлардан сўнг, блогер билан боғлиқ ҳолат юзасидан баёнот берди. 

Унда қайд этилишича, 30 сентябрь куни тахминан соат 23:30 да Учтепа тумани “Фарҳод” бозори рўпарасида ўтказилаётган “Хавфсиз пойтахт” профилактик тадбири давомида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари томонидан Epica русумли давлат рақами 01 U 909 BB бўлган автомашина тўхтатилган.

Транспорт воситаси ҳайдовчиси 1993 йилда туғилган Аброр Козубаевнинг (интернет тармоғида “Аброр блогер” номи билан танилган) ҳужжатлари текширилган. Шу жараёнда Epica русумли автомашинада йўловчи сифатида ўтирган 1987 йилда туғилган Бобур Ғаниев (интернет тармоғида “Автоблогер Бобур Ғаниев” номи билан танилган) ЙПХ инспекторларини ҳақорат қилиб, жанжал кўтарган. ИИО ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан жамоат тартибини бузган. Шундан сўнг транспорт воситасининг ҳайдовчиси Аброр Козубаев, йўловчилари Бобур Ғаниев ва О.Салимов Учтепа тумани ИИО ФМБга олиб борилган.

Ҳолат юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш ва текширув ўтказиш жараёнида Бобур Ғаниевнинг шахсий уяли телефон аппаратида порнографик мазмундаги қонунда тақиқланган видеоматериаллар ва фотосуратлар борлиги аниқланган.

Кейинроқ, Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати раҳбари Нилуфар Исахонова QALAMPIR.UZ журналистни Феруза Нажмиддинова билан суҳбатда ИИБга олиб келинган блогер Бобур Ғаниевнинг ерда ўтирган ҳолатда сўроқ қилинаётгани акс этган фото ва видеоматериалларни тарқатган ходимларга нисбатан хизмат текшируви тайинланганини маълум қилди.

Бобур Ғаниевнинг жияни Азамат Абдужабборов QALAMPIR.UZ журналисти билан суҳбатда акасининг олдига яқинлари ва адвокати киритилмаётганини айтди. Блогернинг адвокати Садриддин Абубакиров эса мижози билан учрашиши кераклигини, бу қонунга зид эканини таъкидлади. Адвокат блогерга қарши очилган иш “заказной” эканини ҳам айтиб ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

ЙПХ блогер Бобур Ғаниев

Баҳолаганлар

532

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг