Блогер 15 суткага қамалди. У адвокати ва қариндошлари билан учраштирилмаётгани айтилмоқда

Жамият 5848

Йўл-патруль хизмати ходимларини ҳақорат қилишда айбланиб, ички ишлар идораларига олиб кетилган автоблогер Бобур Ғаниев устидан иш қўзғатилиб, аллақачон суд мажлиси ҳам ўтказиб бўлинган. Суд қарорига кўра, у 15 суткага қамалган. Бу ҳақда блогернинг адвокати ва яқин қариндошлари билан суҳбатда бўлган QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова хабар қилмоқда. 

Таҳририятга етиб келган маълумотларга кўра, Бобур Ғаниев пойтахтдаги “Панельный” номи билан тилга тушган ҳибсхонага жойлаштирилган. Айни вақтда унинг қариндошлари ва адвокати билан учрашишига рухсат берилмаяпти. Бу ҳақдаги мурожаатдан сўнг, QALAMPIR.UZ таҳририяти аъзолари маҳкумларни сақлаш масканига етиб бориб, Ғаниевнинг қариндошларига микрофон тутди. 

“Эрталаб (1 октябрь куни) уйғонганимда, келинойим телефон қилиб, интернетда акамни видео ва расмлари тарқалиб кетганини айтди. Интернетга кирсак, акамни тиз чўкиб тургани акс этган расм ва видеоларини кўрдик. Кейин Учтепа тумани ИИБга келдик. Ҳеч кимни киритишмади. Бизга ҳеч ким нега ички ишларга олиб келингани, нега бундай қилгани ҳақида маълумот бермади. "Суд бўляпти, туришингиздан фойда йўқ, "Панельный"га олиб кетишади”, дейишди. Ўшанда соат 20:00 дан ўтган эди. 

Акамнинг исмини айтганимизда, бизга маълумот беришмади, фақат ёнидаги болани исмини айтганимизда, уларнинг суди бўляпти, 20 дақиқада тугайди, дейишди”, дейди Бобур Ғаниевнинг жияни Азамат Абдужабборов. 

Бобур Ғаниевнинг яқинлари сўзида давом этаркан, бугун, 2 октябрь куни адвокат ёллаб, “Панельный”га олиб келинганда, қўриқчилар адвокатнинг ҳам, яқин қариндошлари ҳам ичкарига киришига рухсат бермаганини айтади. 

“Кеча адвокат ёлламоқчи эдик, лекин вақт тугаб қолди, кеч бўлиб кетди. Бугун адвокат билан келдик, лекин адвокатни ҳам киритмаяпти. Бу ерда айтишларича, айнан 3-4 кишининг ёнига ҳеч кимни киритмаслик ва ҳеч нарса қабул қилмаслик бўйича оғзаки буйруқ келган. Эрталаб 9:00 дан бери шу ерда турибмиз”, дейди автоблогернинг жияни. 

Ғаниевнинг қариндошларига кўра, аввал ҳам унга “йўқ қилиб юбораман”, деган босимлар бўлган. 


Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 октябрь куни ижтимоий тармоқларда блогер Бобур Ғаниевнинг Ички ишлар органларида ерда ўтиргани акс этган видео ва суратлар тарқалган эди. Пойтахт ИИБ мазкур суратлар ортидан кўтарилган шов-шувлардан сўнг, блогер билан боғлиқ ҳолат юзасидан баёнот берди. 

Унда қайд этилишича, 30 сентябрь куни тахминан соат 23:30 да Учтепа тумани “Фарҳод” бозори рўпарасида ўтказилаётган “Хавфсиз пойтахт” профилактик тадбири давомида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари томонидан Epica русумли давлат рақами 01 U 909 BB бўлган автомашина тўхтатилган.

Транспорт воситаси ҳайдовчиси 1993 йилда туғилган Аброр Козубаевнинг (интернет тармоғида “Аброр блогер” номи билан танилган) ҳужжатлари текширилган. Шу жараёнда Epica русумли автомашинада йўловчи сифатида ўтирган 1987 йилда туғилган Бобур Ғаниев (интернет тармоғида “Автоблогер Бобур Ғаниев” номи билан танилган) ЙПХ инспекторларини ҳақорат қилиб, жанжал кўтарган. ИИО ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан жамоат тартибини бузган. Шундан сўнг транспорт воситасининг ҳайдовчиси Аброр Козубаев, йўловчилари Бобур Ғаниев ва О.Салимов Учтепа тумани ИИО ФМБга олиб борилган.

Ҳолат юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш ва текширув ўтказиш жараёнида Бобур Ғаниевнинг шахсий уяли телефон аппаратида порнографик мазмундаги қонунда тақиқланган видеоматериаллар ва фотосуратлар борлиги аниқланган.

Кейинроқ, Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати Нилуфар Исахонова QALAMPIR.UZ билан суҳбатда ИИБга олиб келинган блогер Бобур Ғаниевнинг ерда ўтирган ҳолатда сўроқ қилинаётгани акс этган фото ва видеоматериалларни тарқатган ходимларга нисбатан хизмат текшируви тайинланганини маълум қилди.

Феруза Нажмиддинова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 113
Рейтинг: 3
t
×