Блогер Бобур Ғаниевнинг қамалиши “заказ”ми? Сўз адвокатга
Жамият
−
02 Октябрь 2021
13817Ички ишлар вазирлиги Йўл-патруль хизмати ходимлари фаолиятини ёритиш билан шуғулланиб келаётган блогер Бобур Ғаниевнинг олдига ҳеч кимни киритмаслик бўйича оғзаки топшириқ бўлган. Бу ҳақда блогернинг адвокати Садриддин Абубакиров QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова билан суҳбатда маълум қилди.
Ғаниевнинг оила аъзолари билан бирга маҳбусларни вақтинча сақлаш маскани “Панельний”га етиб борган адвокат ичкарига киритилмаганидан норозилигини билдирар экан, инсон ҳуқуқлари топталаётгани, мижози билан кўришиши кераклигини урғулади.
“Нима сабабдан мижозим билан кўришишга рухсат берилмаётгани ҳақида сўраганимда, вазир муовинининг карантин чекловлари бўйича буйруғи борлигини айтишяпти. Карантин муносабати билан махсус кўрсатма келмагунча, ичкарига киритиш мумкин эмасмиш. Кўзимизни олдида бошқа адвокатлар ичкарига киришди. Шу билан бирга бошқа фуқароларнинг яқин қариндошлари томонидан кийим-кечаклар киритилди. Адвокатлар бўйича қонун бор. Шу қонунга асосан мен киришим керак. Апелляция ёзишим, мижозимни у апелляция билан таништиришим, қўл қўйдиришим зарур. Муассаса бошлиғи 15 суткага қамалганлар олиб келинганидан сўнг, икки кунга қадар ҳеч ким киритилмаслигини айтди. Икки кун ўтиб қайта келишга ва ичкарига киришга келишиб олдим”, дейди Бобур Ғаниевнинг адвокати.
Садриддин Абубакиров Бобур Ғаниев билан бўлган ҳолат унинг ИИБга олиб кетилиши, видеога олиб уни тарқатилиши, қолаверса, ЙПХ ходимини хақорат қилганликда айбланиб, қўл телефонини титкилашларига муносабат билдириб, шундай дейди:
“Ғаниев билан бўлган ҳолат маъмурий ҳуқуқбузарликка киради. Агар жиноят бўлганида Жиноят-процессуал кодексининг 221-227-моддаларида ёзилгани каби, чўнтагидан ҳамма нарсаларни чиқариб қўйиб, тинтув қилиб, баённома тузиш зарур эди. Бобурнинг ҳолатида эса маъмурий иш қўзғатилган.
Ғаниев олиб кетилган куни кечаси турмуш ўртоғига қўнғироқ қилган. У олиб кетилиб, тергов давомида чўнтагидан нима чиққан ёинки қўл телефони текширилган вақтда нималар кўрилгани ҳақида ҳужжатларга ёзилади. Лекин, ҳозиргача бу ҳақда ҳеч қандай аниқ маълумотимиз йўқ. Мижозимнинг олдига киритилмаслигимга асосий сабаб карантин қоидалари эканини айтишяпти. Қонун бўйича адвокат сифатида у билан кириб, гаплашиш ҳуқуқига эгаман. Шу билан бирга унга кийимлар берилиши ҳам мумкинлиги ёзилган. У олиб кетилганда ёзги кийимда бўлган, ҳозир эса ҳаво совуқ. Бу ҳақда муассаса раҳбарига айтганимда ичкари иссиқ эканини билдирди”, дейди адвокат Абубакиров.
Блогернинг яқинлари оғзаки буйруқ сабабли ичкарига киритилмагани, қолаверса, адвокатнинг кириб маълумот олиши учун юқоридан рухсат йўқлигини иддао қилишганди. Муассаса бошлиғи билан суҳбатлашган адвокат бу иддаоларга ўз муносабатини билдириб, блогерга қарши очилган иш “заказной” эканини таъкидлади.
“Тасдиқлайман. Муассаса раҳбари билан учрашдим. У Бобур ва у билан бирга келган 3-4 кишининг олдига ҳеч ким ва ҳеч нарса киритмаслик тўғрисида кўрсатма бўлганини маълум қилди. У бир одам орқасидан ишдан кетишни хоҳламаслигини айтди”, дейди Садриддин Абубакиров.
Адвокатга кўра, муассаса бошлиғи буйруқ кимдан келганини очиқламаган. Суҳбат давомида маҳбусларни вақтинча сақлаш маркази бошлиғи фақатгина буйруққа бўйсунаётганини алоҳида урғулаган.
Маълумот учун, “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқлари келтирилган бўлиб, унда шундай дейилади:
Маъмурий қамоққа олинган шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- маъмурий қамоқни ўташ тартиби ва шароитлари, ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида ахборот олиш;
- аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш;
- махсус қабулхона бошлиғига ёки у ваколат берган шахсларга шахсан қабул қилиш тўғрисида мурожаат қилиш;
- ўзларининг шахсий хавфсизлиги ва соғлиғи сақланиши таъминланадиган шароитларда сақланиш, тегишли тиббий ёрдам олиш;
- почта жўнатмаларини ва йўқловларни олиш ҳамда жўнатиш;
- адвокат, қариндошлари ёки бошқа шахслар билан учрашиш;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйича телефон орқали ҳар куни лимитланган бир марталик сўзлашиш;
- тунги вақтда узлуксиз саккиз соат ухлаш;
- махсус қабулхона ҳудудида махсус ажратилган жойларда кундузги вақтда давомийлиги икки соатдан кам бўлмаган ҳар кунги сайр қилиш;
- диний расм-русумларни адо этиш, агар бу ички тартиб қоидаларини, шунингдек бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузмаса;
- меҳнатга жалб қилинган тақдирда тегишли ҳақ олиш ва меҳнатининг муҳофаза қилиниши;
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 октябрь куни ижтимоий тармоқларда блогер Бобур Ғаниевнинг Ички ишлар органларида ерда ўтиргани акс этган видео ва суратлар тарқалган эди. Пойтахт ИИБ мазкур суратлар ортидан кўтарилган шов-шувлардан сўнг, блогер билан боғлиқ ҳолат юзасидан баёнот берди.
Унда қайд этилишича, 30 сентябрь куни тахминан соат 23:30 да Учтепа тумани “Фарҳод” бозори рўпарасида ўтказилаётган “Хавфсиз пойтахт” профилактик тадбири давомида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари томонидан Epica русумли давлат рақами 01 U 909 BB бўлган автомашина тўхтатилган.
Транспорт воситаси ҳайдовчиси 1993 йилда туғилган Аброр Козубаевнинг (интернет тармоғида “Аброр блогер” номи билан танилган) ҳужжатлари текширилган. Шу жараёнда Epica русумли автомашинада йўловчи сифатида ўтирган 1987 йилда туғилган Бобур Ғаниев (интернет тармоғида “Автоблогер Бобур Ғаниев” номи билан танилган) ЙПХ инспекторларини ҳақорат қилиб, жанжал кўтарган. ИИО ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан жамоат тартибини бузган. Шундан сўнг транспорт воситасининг ҳайдовчиси Аброр Козубаев, йўловчилари Бобур Ғаниев ва О.Салимов Учтепа тумани ИИО ФМБга олиб борилган.
Ҳолат юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш ва текширув ўтказиш жараёнида Бобур Ғаниевнинг шахсий уяли телефон аппаратида порнографик мазмундаги қонунда тақиқланган видеоматериаллар ва фотосуратлар борлиги аниқланган.
Кейинроқ, Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати Нилуфар Исахонова QALAMPIR.UZ билан суҳбатда ИИБга олиб келинган блогер Бобур Ғаниевнинг ерда ўтирган ҳолатда сўроқ қилинаётгани акс этган фото ва видеоматериалларни тарқатган ходимларга нисбатан хизмат текшируви тайинланганини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь