Ҳар куни 30 минг қочоқ Украинага қайтмоқда – БМТ
Олам
−
15 Апрель 2022
11072Украинада уруш бошланганидан бери мамлакатни тарк этган 870 мингдан кам бўлмаган қочқин аллақачон ўз Ватанига қайтган. Ҳар куни эса 30 минг киши қайтмоқда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гуманитар агентликлари Украина давлат чегарасини қўриқлаш хизмати маълумотларига таяниб, хабар берди.
Қайд этилишича, Украинани камида 11,7 миллион одам ташлаб кетган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси сўнгги маълумотлари шундан далолат беради.
4,6 миллиондан ортиқ украиналиклар бошқа мамлакатлардан бошпана топган, 7,1 миллион киши эса мамлакат ичида кўчирилган.
Россия Федерацияси, ўз навбатида, 24 февралдан буён Украинадан 783,6 мингга яқин одам, жумладан, 147 мингдан ортиқ болалар мамлакатга келганини маълум қилган.
Халқаро ташкилотнинг прогнозларига кўра эса, Украина аҳолиси ўз ватанларига қайтишда давом этади. Ва бу муқаррар равишда гуманитар ёрдам кўрсатишда янги муаммоларни келтириб чиқаради.
Маълумот ўрнида, БМТ гуманитар ёрдамга муҳтож 2,1 миллион украиналикка ёрдам кўрсатган. Ташкилотнинг Украинага 1,1 миллиард доллар ёрдам кўрсатиш ҳақидаги мурожаати эса ҳозирда 64 фоизга молиялаштирилган.
БМТ маълумотларига кўра, 24 февралдан бери Украинада 1 932 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, улардан 150 нафари болалар.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси