“Ҳамма нарсага кўз юминг”. Қодиров Путиндан урушни 2 кунда тугатиш учун рухсат сўради

Олам

image

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россия Президенти Владимир Путинга мурожаат қилиб, жангчиларга Харьков, Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларини эгаллашга “буйруқ” беришни сўради.  

“Жангчиларимизга Харьков, Киев ва бошқа барча шаҳарларни тез, аниқ, самарали эгаллашга буйруқ беринг. Ўртоқ Президент, ўртоқ Олий қўмондон, мен сизнинг пиёда аскарингизман, деб бир неча бор айтганман, мен сиз учун ҳаётимни беришга тайёрман. Лекин мен аскарларимиз, Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия ва бошқа тузилмалар ҳалок бўлаётганига қараб тура олмайман. Сиздан ҳамма нарсага кўз юмишингизни ва у ерда содир бўлаётган воқеаларни бир-икки кунда якунлашга имкон беришингизни илтимос қиламан. Давлатимиз ва халқимизни фақат бу қутқаради. Бу менинг ишончли фикрим”, деган Қодиров Telegram’даги каналида. 

Чеченистон раҳбари Украинадаги вазиятни бутун давлат учун таҳдид деб атаган. 

“Музокаралар яхши, демократия, сўз эркинлиги, инсон ҳаёти яхши, лекин у ерда биродарларимиз, яқинларимиз, дўстларимиз ўлиб кетмоқда. Жангчиларимизга ўз имкониятларини тўлиқ кўрсатиш имкониятини беришингизни, уларга бир марта ва бутунлай тугатиш учун барча мумкин бўлган ва имконсиз кучларини ишга солиш имкониятини беришингизни сўрайман”, дея қўшимча қилган Қодиров. 

Қодиров Украина Президенти Владимир Зеленскийга ҳам мурожаат қилган. 

“Президент билан боғланиб, у билан музокара олиб боришга уринманг. Президентдан менга музокаралар олиб боришга кўрсатма беришини сўранг. Буларнинг барчасини ярим соат ичида ҳал қиламиз. Бу эса урушнинг, шайтонларнинг охири бўлади”, деган у.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

501

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг