“Ўзбекистон ҳеч кимга мустамлака бўлмайди”. Норбоева Прилепинга жавоб берди (видео)
Жамият
−
25 Декабрь 2023
10173Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева “Путин жамоаси” ижтимоий ҳаракати аъзоси, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари ва “Справедливая Россия – за правду” партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни Россия Федерациясига қўшиб олиш ҳақидаги гапларига муносабат билдирди. Бу ҳақда у бугун, 25 декабрь куни “Сенат раиси ва ёшлар” очиқ мулоқотида сўз очди.
“Мана кўряпсизлар, интернетда “Ўзбекистонни у қиламиз, бу қиламиз”, деган қанақадир чиқишлар бўлиб кетди, тўғрими? Ўзбекистон ҳеч қачон ҳеч кимга мустамлака бўлмайди. Бундан кейин бўлмайди. Мана шу нарсани миянгизга қўйиб олинг! Биласизлар, буни мен сизларга тарғибот қилишим керак эмас. Ҳаммангизнинг юрагингизда шу бор”, деган Норбоева ёшлар билан учрашувда.
Сенат раиси мамлакатда жадидлар фаолиятини ўрганишга эътибор кучайганини ва бунинг нима учун муҳим эканини тушунтирган.
“Мана жадидчилик фаолиятини нима учун Президент олдинга суриб, ҳаракат қиляпти? Шуни ҳар биримиз ўрганишимиз керак. Буни ҳар бирини ўрганинглар, деяпти Президент. Чунки қаранглар, жадид оталаримиз-оналаримиз (уларнинг ичида аёллар ҳам бўлган экан, шундан хурсанд бўлдик) нима деган? Айтганки, ўй-хаёлимиз ҳам, ишимиз ҳам бир хил бўлиши керак. Мана шуларнинг ҳаммаси битта бўлиши керак ва давлат сифатида ҳар хил нарсалардан ўзимизни ҳимоя қилиб, ёруғликка чиқишимиз, замонавий илм-фан, замонавий касбларни эгаллашга даъват қилган бизнинг жадид оталаримиз-оналаримиз. Улар қоронғиликда қолиб кетган. Мана ҳозир Президентнинг саъй-ҳаракатлари билан улар ёруғликка чиқди”, дея таъкидлайди Норбоева.
Эслатиб ўтамиз, Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сурганди. Бу Ўзбекистонда норозилик ва кенг мунозараларга сабаб бўлди. Ўзбекистонлик фаоллар ва депутатлар бу борада ўз муносабатларини эълон қилди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов Прилепиннинг баёнотига муносабат билдираётиб, “Ақлсиз дўст ақлли душмандан ёмонроқдир”, нақлини эслатди. Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербоев эса Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам мазкур вазиятдан норозилик билдириб, Россияга расмий нота юбориши кераклигини таъкидлади. “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Миродил Абдураҳмонов ҳам бу бўйича муносабат бериб, Киевни эгаллаш Россия учун орзулигича қолишини айтди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса Прилепиннинг бундай ҳаракати на Ўзбекистон, на Россия қонунчилигига тўғри келмаслигини эслатди. Яна бир депутат Умида Раҳмонова эса бир давлатнинг суверенитет ҳуқуқини бошқа давлатларга нисбатан бузишни ғирт иккиюзламачилик деб атади.
Жамоатчилик орасидаги норозиликлардан сўнг, Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Мальгинов 21 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Учрашувда Россия вакилига “Россия сегодня” матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда “Справедливая Россия – за правду” партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи Тошкентда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова эса Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни босиб олиш ҳақидаги тажовузкор гапларига муносабат билдириб, бу Прилепин шахсий фикри эканини, Москва билан боғлиқлик жойи йўқлигини айтди.
“Справедливая Россия – за правду” партияси раиси Сергей Миронов Захар Прилепинга Ўзбекистонни Россия Федерациясига қўшиб олиш ҳақидаги гаплари учун ҳеч қандай жазо берилмаслигини билдирди.
LiveБарчаси
Афруза Ҳамдамова 2 карра жаҳон чемпиони.
09 Ноябрь