Танзила Норбоева Бойсунда ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди
Жамият
−
20 Сентябрь
5460Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (М-25) конидан водород сульфид гази сизиб чиқиши оқибатида ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда у бугун, 20 сентябрь куни Сенатнинг эллик еттинчи ялпи мажлисида сўз очди.
“1 сентябрь куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (М-25) газ конидан бурғилаш ишларини олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида олтингугурт, яъни водород сульфид гази чиқиши кузатилди. Бу бугунги кунда жамоатчиликнинг диққат марказида бўлиб турган масала. Ҳаммамиз буни эшитдик. Шу муносабат билан вафот этган фуқароларимиз бор. Уларнинг яқинларига сабр тилаймиз. Уларнинг оилалари давлатимиз, Президентимиз назоратида. Буни ҳаммаларингиз эшитдингиз. Уларнинг таъминоти масаласида алоҳида топшириқ ҳам бўлган. Шу масалада биз ҳам ҳамдардлигимизни билдирамиз”, деди Норбоева.
Маълумот учун, 1 сентябрь куни “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига қарашли 604-сонли қудуқда бурғилаш ишлари олиб борилиши вақтида технологик жараённинг бузилиши оқибатида олтингугурт (водород сульфид) гази чиқиши кузатилганди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. Шундан сўнг, Бош вазир ўринбосари ва бир нечта мутасадди раҳбарлар конга етиб борди. 14 сентябрь куни тахминан соат 13:05 да минорадан чиқиб турган қувурнинг устига ПВО (сизиб чиқишга қарши қурилма) ўрнатилиб, 15 сентябрь куни тўлиқ тизимни пресслаш жараёни олиб борилган ва шу куни соат 16:40 да Барит номли махсус эритма юборилган ва 16:50 да минорадан ва чиқарувчи ускуналардан газ чиқиши тўхтатилди.
17 сентябрь куни тушдан кейин газ конида яна водород сульфид сизиб чиқиши юз берди. 18 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Бош прокуратура Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев мазкур ҳолат ортидан 2 нафар шахс вафот этганини айтди. Шу куни Бойсун тумани “Кўлқамиш” МФЙ ҳудудида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Абдулла Қўлдошев иштирокидаги брифингда эса ҳалок бўлганлар 4 кишини ташкил этиши, 11 нафар фуқаро эса тан жароҳати олиб, шифохонага юборилгани маълум қилинди.
LiveБарчаси