Бойсундаги кондан яна газ чиқа бошлади. 2 киши ҳалок бўлган
Жамият
−
18 Сентябрь
11149Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ конида 17 сентябрь куни тушдан кейин яна водород сульфид сизиб чиқиши юз берди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалганди ва буни бугун, 18 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Бош прокуратура Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев тасдиқлади.
Ҳолат ортидан 2 нафар шахс вафот этди.
“Воқеа жойига вилоят прокурорининг ўзи чиққан. Ҳозирда терговолди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Натижаси бўйича ОАВга ахборот берилади. Ўлим ҳолати бўлган. Икки нафар шахс ўлган. Яна тан жароҳати олинган ҳолатлар ҳам бор. Ҳозир терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. Натижаси бўйича сизларга маълумот берилади”, дейди у.
Унинг айтишича, Кафрум, Кудана, Даштиғоз қишлоқлари аҳолиси эвакуация қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков эса ҳудуддан юқори концентрациядаги водород сульфид чиқмаётганини айтди ва юзага келган вазият ишлаб чиқариш билан боғлиқ техник ҳолат эканини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрь куни “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига қарашли 604-сонли қудуқда бурғилаш ишлари олиб борилиши вақтида технологик жараённинг бузилиши оқибатида олтингугурт (водород сульфид) гази чиқиши кузатилганди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. Шундан сўнг, Бош вазир ўринбосари ва бир нечта мутасадди раҳбарлар конга етиб борди. 14 сентябрь куни тахминан соат 13:05 да минорадан чиқиб турган қувурнинг устига ПВО (сизиб чиқишга қарши қурилма) ўрнатилиб, 15 сентябрь куни тўлиқ тизимни пресслаш жараёни олиб борилган ва шу куни соат 16:40 да Барит номли махсус эритма юборилган ва 16:50 да минорадан ва чиқарувчи ускуналардан газ чиқиши тўхтатилганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15