“М-25” конидаги аварияни жиловлаш бошланди
Жамият
−
17:06 1579 2 дақиқа
Бугун, 15 август куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конидаги авариявий қудуқни ёпиш бўйича амалий ишлар расман бошланди. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” матбуот котиби маълум қилди.
Қайд этилишича, шу муносабат билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Абдуғани Сангинов, Бойсун туман ҳокими Баҳодир Шукуров ва бошқа маҳаллий даражадаги мутасаддилар конга бориб “Кофрун” қишлоғи фаоллари ҳамда мазкур лойиҳада иш бошлаётган Хитойнинг CNPC корпорацияси мутахассислари билан учрашув ўтказган.
Унда лойиҳанинг аҳамияти, авариявий қудуқларни ёпишда ойлар кесимида бажариладиган муҳим чора-тадбирлар ҳақида батафсил тушунтиришлар берилган. Маҳаллий аҳоли билан самимй суҳбат ташкил этилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 1 сентябрь куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани “Кофрун” МФЙда жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига қарашли 604-сонли қудуқда бурғилаш ишлари олиб борилиши вақтида технологик жараённинг бузилиши оқибатида олтингугурт (водород сульфид) гази чиқиши кузатилганди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. 2025 йилнинг 11 июнь куни ҳам “Кофрун” МФЙда жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ-кимё мажмуасига қарашли 202-сонли қувурда содир бўлган техник носозлик сабаб водород сульфиди отилди. Жорий йилнинг февраль ойида Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича йиғилишда “Мустақилликнинг 25 йиллиги” йирик газни қайта ишлаш мажмуасидаги технологик мураккаб масалага ҳамкорлар билан илмий ечим топилганини маълум қилди.