Раматов ва бир нечта масъул раҳбарлар олтингугурт гази чиққан конга борди
Жамият
−
02 Сентябрь
17051Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан ташкил қилинган Бош вазир ўринбосари ва бир нечта мутасадди раҳбарлар Сурхондарё вилоятидаги олтингугурт гази чиққан конга етиб борди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, Фавқулодда вазиятлар вазири генерал майор Абдулла Қўлдошев, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқов ҳодиса жойига етиб борган. У ерда барча тегишли вазирлик ва ташкилотларни жалб этган ҳолда, Тезкор штаб ташкил қилинган.
“Техноген ҳодиса асоратларини бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Ҳодиса тўғрисида яна батафсил маълумот берилади”, дейилган вазирлик хабарида.
Маълумот учун, вилоятнинг Бойсун тумани “Кўлқамиш” МФЙ ҳудудида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига қарашли 604-сонли қудуқда бурғилаш ишлари олиб борилиши вақтида технологик жараённинг бузилиши оқибатида олтингугурт (водород сульфид) гази чиқиши кузатилган. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган.