Учинчи жаҳон уруши яқин?! Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
28 Сентябрь
42685Айтиш оғир бўлса ҳам рости шу. Дунё учинчи жаҳон урушига тайёргарлик кўрмоқда. Тайёргарлик кўряпти деймизу, балки у аллақачон бошланиб бўлган ҳам. Фарқи шу, у аввалги икки муҳораба сингари бутун дунёни қарига тортмай, муайян мамлакатлардагина бўлаётгандек. 8 миллиардлик нуфузга эга Ер шари бугун жар ёқасига келиб қолгандек. Қаерга қараманг уруш, қаердан сўраманг, нотинчлик, қаерга қулоқ тутманг, дод-фарёд. Бегуноҳ одамларнинг қони иси дунёни тутса ҳам, бу геосиёсий мақсадлари сари ҳеч нарсадан, ҳар қандай хунрезликдан тап тортмаётганларни безовта қилмаяпти. Ассалому алайкум. Кутганингиздек ва билганингиздек QALAMPIR.UZ’да Ҳафта воқеалари таҳлили.
НАТО учинчи жаҳон уруши режаларини ишлаб чиқмоқда
Гапим исботи билан бўлсин. Дунёнинг энг йирик ҳарбий блоки – НАТО учинчи жаҳон уруши режаларини ишлаб чиқмоқда. Россия билан эҳтимолий уруш юзага келган тақдирда, альянс ярадорларни фронтдан эвакуация қилиш режасини тузяпти. Бу ҳақда альянснинг логистика қўмондонлиги бошлиғи, генерал-лейтенант Александр Соллфранк маълум қилди.
Унинг фикрича, бундай уруш катта эҳтимол билан кенг жанг майдонида содир бўлади ва НАТО учун жиддий йўқотишларга олиб келади. Генерал Россия Аэрокосмик кучларининг кенг имкониятлари туфайли ярадорларни ҳаво орқали эвакуация қилиш ўта хавфли бўлиши мумкинлиги, шунинг учун тез ёрдам поездларидан фойдаланиш маъқул эканини билдирмоқда.
Тиббий эвакуацияни режалаштириш НАТОнинг Россия билан бўлиши мумкин бўлган урушга тайёргарлигининг бир элементидир. Жорий йил 22 январдан 31 майгача НАТОнинг 1988 йилдан бери энг йирик “Steadfast Defender 2024” машқлари бўлиб ўтди. 90 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар, 50 дан ортиқ кема, жумладан, авиаташувчи ва эсминецлар, 80 дан ортиқ самолёт, вертолёт ва дрон, шунингдек 1,1 мингдан ортиқ жанговар техника, шу жумладан 133 танк ва 533 пиёда унда иштирок этди.
Ушбу манёврлар Россиянинг мумкин бўлган тажовузига тайёргарликнинг бир қисми эди ва бутун Европа мамлакатларини, жумладан Буюк Британия, Германия, Венгрия, Греция, Польша, Финляндия, Швеция ва бошқаларни қамраб олди.
2024 йил январида Германия Мудофаа вазири Борис Писториус Ғарб давлатлари яқин 3-5 йил ичида Россия билан эҳтимолий урушга фаол тайёргарлик кўришлари кераклигини айтган эди. Ҳарбий экспертларнинг фикрича, Россияга йирик ҳарбий амалиётларга тайёргарлик кўриш учун бир неча йил керак бўлади.
Путин ядровий доктринани ўзгартирмоқчи
Бир вақтлар Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг дунё учун ядро қуролли хавф солаётгани, дунёга учинчи жаҳон уруши керакмаслиги, агар яна уруш бошланса, бу Ер курраси учун охиргиси бўлиши ҳақидаги хавотирлари тобора ҳақиқатга айланиб бораётгани кишини ўйлантиради. Россия Президенти Владимир Путиннинг жорий ҳафта ядро қуроли борасида қабул қилган навбатдаги қарори эса бу хавотирларни янада ошириб, жаҳон уруши ҳақидаги тахминларни тасдиқлашга уринаётгандек таассурот уйғотади.
Президент Путин шу ҳафта бўлиб ўтган Федерация Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ядровий қуролдан фойдаланиш тамойилларини ўзгартириш ва ядровий тўсиқ бўйича давлат сиёсати асосларини янгилашни таклиф қилди.
Путиннинг фикрича, ҳар қандай ядровий бўлмаган давлат томонидан, лекин ядровий давлат иштирокида ёки кўмагида Россияга қарши тажовуз уларнинг Россия Федерациясига қўшма ҳужуми деб ҳисобланади.
У мавжуд меъёрларни тузатиш зарурлигини ҳозирги ҳарбий-сиёсий вазиятдаги динамик ўзгаришлар ҳамда Россия Федерацияси ва унинг иттифоқчилари учун ҳарбий таҳдидлар ва хавфларнинг янги манбаларининг пайдо бўлиши билан боғламоқда.
Путин Россия Федерацияси ва Беларусга қарши агрессия содир бўлган тақдирда ядро қуролидан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини айтмоқда. Беларусь ҳукмдори Александр Лукашенко билан эса бу масалаларнинг барчаси келишилган.
Путинга кўра, ядро қуроллари, агар душман оддий қуроллардан фойдаланган ҳолда Россия Федерацияси ёки Беларусь суверенитетига жиддий хавф туғдирса ҳам қўлланилади.
Кремль сўзамоли Дмитрий Песковнинг айтишича, Россиянинг ядровий доктринасидаги ўзгариш дўстона бўлмаган мамлакатларга Россия қилиши мумкин бўлган эҳтимолий ҳужум оқибатлари ҳақида огоҳлантиришдир.
Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда ядровий тўхтатиб туриш параметрлари Россия чегаралари яқинида юзага келаётган кескинликни ҳисобга олган ҳолда тузатилмоқда. Россия ўзининг ядровий арсеналларини яратмайди, чунки унинг ядровий триадаси “ядровий тийиб туришнинг мутлақ кафолати” ҳисобланади.
Европа Иттифоқи эса Путиннинг баёнотини “ўта масъулиятсиз ва қабул қилиб бўлмайдиган хатти-ҳаракатларининг давоми” деб атади. ЕИ ташқи сиёсати вакили Питер Станога кўра, бу Путиннинг ядровий арсенал билан биринчи марта қимор ўйнаши эмас.
“Биз халқаро ҳамжамиятдаги бошқа ҳамкорларга ҳам БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган давлат вакили томонидан кўрилаётган бепарволик ва масъулиятсиз хатти-ҳаракатларни кўрсатиб, ушбу позицияни етказишга ҳаракат қилмоқдамиз”, деди ЕИ ташқи сиёсати вакили Питер Стано.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эса Россиянинг ядровий қурол таҳдиди масъулиятсиз қарор экани ва дунё кўпроқ қуролсизланишга муҳтожлигини айтди.
“Ўйлайманки, дунёда кўпчилик аввал ҳам ядро қуроли билан таҳдид қилган, масалан, Хитой. Шунинг учун мен ҳозир кўпроқ қуролсизланиш ва қуролларни тарқатмаслик ҳақида мулоқот қилишга чақирган бўлардим”, деди Блинкен.
Шу ҳафта бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 79-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка борган Украина Президенти Владимир Зеленский эса жаҳон минбаридан туриб, Россия Украина ядровий иншоотларига ҳужум қилишни режалаштираётганидан ёзғирди.
“Украина разведкаси Россия Президенти Владимир Путиннинг Украина атом электр станциялари ва инфратузилмаларини энергия тизимидан узиб қўйиш мақсадида уларга зарба бериш режалари ҳақида хабар берди. Ҳар қандай ракета ёки дрон зарбаси, энергия тизимидаги ҳар қандай муҳим воқеа ядровий фалокатга олиб келиши мумкин. Бундай кун ҳеч қачон келмаслиги керак. Москва буни тушуниши керак ва бу қисман сизнинг тажовузкорга босим ўтказиш қарорингизга боғлиқ”, деди Зеленский.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса ядровий хавф ҳақида гапираркан, жаҳон минбаридан туриб геосиёсий тафовутлар кучайиб бораётганига ишора қилди.
“Сайёра қизиди, урушлар авж олди, охири биз билмаймиз. Ядровий куч ва қуролларнинг намойиши қоронғи сояга ўхшайди. Биз ўйлашни ҳам истамайдиган нарса томон кетяпмиз: портлашга тайёр бўлган бомба бутун дунёни еб қўйиши мумкин”, деди БМТ Бош котиби.
Энди сизга савол: одамлар, дунё аҳолиси устидан чиқарилаётган қарорлар, улар устидан учиб ўтаётган ракета-ю ўқлар ҳақида сиз нима дейсиз? Дунё тинч ва фаровон яшаши учун уруш бўлиши, ядро қуроли ҳар гапда эслатиб турилиши керакми?
Россия Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашмоқда
Бутун дунёга хавф солаётган Россия энди очиқдан очиқ Ўзбекистонга ҳам таҳдид қилишни ва Украина тақдиридан хулоса чиқаришни баралла айтишни бошлади. Гап нима ҳақида кетаётганини тушунган бўлсангиз ҳам, менимча, эслатиб ўтганимни, ҳафта давомида рўй берган воқеаларни бир бошдан кўриб чиққанимизнинг зарари йўқ.
Хўш, нима бўлди ўзи? Ҳафта бошида ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 188-мактабда рус тили фанида ўқитувчи 6-синф ўқувчисини гап қайтаргани учун калтаклагани акс этган видео тарқалди.
Орадан кўп ўтмай, худди Россиядек катта давлатда қиларга иш қолмагандек, Федерация Ташқи ишлар вазирлиги воизи Мария Захарова заҳарнок баёнот билан чиқиб, Ўзбекистондан мазкур ҳолатга изоҳ беришини сўради. Айтишларича, Захарова хонимнинг мазкур ҳолат акс этган видео мазмунидан ниҳоятда ташвишланганидан қон босими ошиб кетибди.
“Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган дўстона муносабатларда ҳеч қандай адоватга, айниқса, тил масаласидаги адоватга ўрин йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”, дейди ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги келишмовчиликни сиёсийлаштиришга уринаётган Захарова.
Камига бу хоним, болага нисбатан шафқатсизлик қилган айбдорга қарши чоралар кўришни сўраган ва бу масалани диққат-эътиборида тутишини қўшимча қилган. Ростан ҳам, Россиядек катта давлатнинг қиларга иши қолмадими, Ўзбекистондаги мактабда содир бўлган воқеалар билан шуғулланса? Шунчалар ҳам паст кетиш бўладими?
Бошқа томондан 2022 йилнинг февралидан буён тинмай келаётган Россиянинг Украинага босқинида бугунгача 600 нафар бола ҳалок бўлди. Қарийб 1,5 минг бола жароҳат олди. Ўзбекистонда ўқитувчисидан калтак еган боланинг ҳуқуқини ҳимоя қилаётган Захарованинг эсидами бу рақамлар? Ё Украинада қонга беланган болалар одам боласи эмасми?
Албатта, Захаровага нисбатан жавоб қилган ўзбекистонлик фаоллар кўплаб топилди. Рўйхат бошидан доимгидек Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров ўрин олди.
“Бизнинг ички ишларимиз ҳақида бош қотиргунча муаммоларга тўла ўзларининг ишлари билан шуғулланишса тўғри бўлар эди. Текис жойда тўполондан фойда чиқмаслигини тушуниб етишди, деган хулосага эртароқ шекилли”, деди Алишер Қодиров.
Лекин эътирозларга қарамай, ўқувчини дўппослаган ўқитувчи барибир қамалди. Фақат Захарованинг талаби билан эмас, балки бунгача бошқа бир қанча ҳуқуқбузарликларни содир этгани учун жавобгарликка тортилгани айтилди.
Гап шундаки, ўқитувчи жорий йилнинг 24 сентябрь куни қизи таҳсил оладиган Яшнобод туманидаги 204-умумий ўрта таълим мактабига бориб, мактаб раҳбарияти билан тортишиб, мактаб директорининг ўринбосарига нисбатан жисмоний куч ишлатган. Аёлдан жамоат жойида тартибига риоя қилиши сўралганида, мактаб ҳудудида Миллий гвардия ва ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан кескин қаршилик кўрсатган.
25 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида мазкур иш кўриб чиқилган ва аёл Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-, 194-модда 1-қисми ва 197-5-моддаси билан айбдор деб топилиб, унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси, БҲМнинг 3 баравари ва БҲМнинг 7 баравари сўм жарима жазоси тайинланган.
Воқеалар эса бу билан тугамади. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Ботиржон Асадовга тақдимнома киритди.
Россиянинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, чет элдаги ватандошлар ва халқаро гуманитар ҳамкорлик бўйича федерал агентлиги (Россотрудничество) расмийлардан Тошкентдаги мактабда ўқувчини урган ўқитувчининг Россия Федерациясига киришини тақиқлаш имкониятини кўриб чиқишни сўради. Ва умуман алоқаси йўқ ҳолда ўқитувчини русофоб деб аташни бошлади.
“Россотрудничество ваколатли органларга ушбу “русофоб” шахснинг Россияга киришини тақиқлаш имкониятини кўриб чиқишни сўраб мурожаат қилади. На бу шахс, на унинг яқин қариндошлари... Улар ҳеч қачон Россияда таълим олмайди, стажировкаларда қатнашмайди ва ўзлари учун ҳеч қандай имкониятга эга бўлмайди, чунки улар Россотрудничество томонидан умрбодга ҳисобга олинади”, деди Евгений Примаков.
Примаковга кўра, Россотрудничество томонидан мактаб ўқувчисини калтаклашни қўллаб-қувватловчи ушбу воқеалардаги ҳар қандай бошқа шахсларга нисбатан, хусусан таълим муассасаси раҳбариятига ҳам, агар улар бу ҳолатни яширса ёки тегишли маъмурий чоралар кўрмаса, худди шундай чора-тадбирларни қўлланилади. Да вы что люди. Что сума сошли? Бир мустақил мамлакатнинг ички ишларига аралашиш шунчалик бўлар, ахир. Бу гапни кимлар айтмади?! Бир Ташқи ишлар вазирлиги узоқ сукут қилди. Лекин БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка борган вазир Бахтиёр Саидов россиялик мавқедоши 74 яшар ёшулли Сергей Лавров билан учрашиб, ўзаро ички ишларга аралашмаслик масаласини муҳокама қилгани айтилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг ўзбекона андиша ва назокат билан тарқатган баёнотида шундай дейилган:
“Ўзаро ишончни мустаҳкамлаш йўлида давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилиш муҳимлиги таъкидланди. Биз иттифоқчилик руҳидаги доимий мулоқотимизни давом эттиришга келишиб олдик”, деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.
Россия ТИВ эса учрашувни ёритаркан, унда Саидовнинг мамлакатларнинг ички ишларга аралашмаслик борасидаги гапларига тўхталмай, миллатлараро муросасизлик кўринишларига қарши курашиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилганини ёзди, холос.
Россия Федерацияси парламенти юқори палатаси халқаро ишлар бўйича қўмита раисининг ўринбосари Андрей Климов эса Ўзбекистон парламенти спикери ўринбосари Алишер Қодировнинг Россияга “ўз ички ишлари билан шуғулланиш” чақириғига “жавобан” Украинага шама қилиб, мамлакат тақдирини эслатди.
“Ҳар қандай ҳодиса юзасидан дарҳол бундай оҳангда гапиришга қаршиман. Ўзини ўқитувчи деб атаётган шахснинг қилган иши нафақат ҳуқуқбузарлик, балки бундан ҳам кўпроқ. Вице-спикернинг сўзлари эса таажжуб уйғотади. Узоқ вақт давомида ўзини шундай тутган битта мамлакат бор эди. Энди у жуда оғир аҳволга тушиб қолди”, деди Андрей Климов.
Сенатнинг ўтган ҳафта бўлиб ўтган ялпи мажлисида “Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхати” юритилишига қарор қилинган эди. Олий Мажлиснинг собиқ депутати Расул Кушербоев агар Ўзбекистонда шундай рўйхатни юритиш бошланса, Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Ўзбекистон учун номақбул шахслар рўйхатининг бошида бўлиши кераклигини айтиб чиқди. Хўш, сиз нима дейсиз?
БМТда кўтарилган уруш масалалари
Инсоният ер юзида содир бўлаётган воқеалардан хавфсираётган, дунё қайси томонга кетаётганини билмаётган ва келажакка нисбатан умидсизлик ортиб бораётган бир пайтда АҚШ Президенти Жозеф Байденнинг истиқболга нисбатан ишончи катта. У бу ҳақда БМТ Бош Ассамблеясининг жорий ҳафта бўлиб ўтган 79-сессиясидаги нутқида сўз очди.
“Мен биламан, кўп одамлар бугун дунёдаги вазиятга боқиб, машаққатларни кўради ва уларга умидсизлик билан муносабатда бўлади. Лекин мен бундай деб ўйламайман. Дунё етакчилари сифатида бизда бундай ҳашамат йўқ. Мен Украина, Ғазо, Судан ва ундан ташқаридаги муаммоларни тан оламан – уруш, очарчилик, терроризм, кўчирилган одамлар, иқлим инқирози, таҳдид остидаги демократия... Рўйхатни давом эттиришимиз мумкин. Лекин ўнлаб йиллар давомида бирга қилган ишларимиз туфайли умидим бор. Олдинга йўл борлигини биламан”, деди Байден.
Шунингдек, қария Байден БМТ Хавфсизлик Кенгашини дунёдаги ҳозирги вазиятга кўпроқ мос келиши учун ислоҳ қилиш тарафдори эканини билдирди.
Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг дунёдаги вазиятга бераётган баҳоси эса Байденникичалик баландпарвоз эмас. Унинг фикрича, Исроилнинг Ғазодаги қирғинида нафақат одамлар, балки БМТ тизими ва ҳақиқат ўлмоқда. Ғарб ҳимоя қилмоқчи бўлган қадриятлар ўлиб бормоқда. Инсониятнинг адолатлироқ дунёда яшаш умидлари бирин-кетин сўниб бормоқда. 353 кундан буён давом этаётган қирғин оқибатида 41 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлгани, 10 мингдан ортиқ фаластинлик бедарак кетгани, 100 мингга яқин одам жароҳат олганини эслатган Эрдўған, Ғазони дунёнинг энг катта болалар ва аёллар қабристони деб атади.
“Эй, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари! Ғазодагилар ва Ғарбий Соҳилдагилар инсон эмасми? Фаластиндаги болаларнинг ўқиш, яшаш ва кўчада ўйнашга ҳаққи йўқми? Эй, халқаро матбуот ташкилотлари! Исроил жонли эфирда ўлдирган, идоралари босқинга учраган журналистлар ҳамкасбларингиз эмасми? Эй, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши, Ғазо қирғинининг олдини олиш, бу зулм ва ваҳшийликка чек қўйиш учун нимани кутяпсиз?” деди Эрдўған.
Эрдўған, шунингдек, жаҳон минбаридан туриб уйғурлар масаласида ҳам сўз очди. Унинг билдиришича, Туркий давлатлар ташкилоти Хитойнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига ҳурмат сақлаган ҳолда ушбу мамлакат билан уйғурлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мулоқот олиб бормоқда.
Уйғурлар масаласи очиларкан, Хитой ҳам бу ҳақида гапиришдан тийилмади. Фақат риторика бироз бошқача бўлди. Хитой Ташқи ишлар вазири Ван Ининг фикрича, АҚШ Хитойдаги мусулмонларнинг ҳуқуқлари бўйича ташвиш билдириш билан бирга, Яқин Шарқда урушлар келтириб чиқармоқда ва бу орқали кўплаб мусулмонларнинг ўлишига сабаб бўляпти.
“Ҳаммада савол туғилади: нега АҚШ мусулмонлар ҳуқуқларига шунчалик қайғуриб, Яқин Шарқда урушларни келтириб чиқаради, бу масъулиятсизлик эса мусулмонлар орасида катта қурбонликларга олиб келади?” деди Ван И.
Вазир АҚШнинг бундай ҳаракатлари “иккиламчи стандартларни” яна бир бор намойиш этганини таъкидлади ва нега АҚШ араб халқларига нисбатан тарихий ноҳақликка кўз юмаётганини, Фаластиннинг БМТда тўлиқ ҳуқуқли аъзолигини қўлламаслигини савол остига қўйди.
Бош Ассамблея сессиясининг умумий муҳокамасида чиқиш қилган ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш эса дунё мамлакатлари раҳбарлари ва ҳукумат раислари эътиборини Ливанга қаратди. Унинг фикрича, Ғазодаги вазият давом этаётган даҳшатли тушга ўхшайди ва Ливан тез орада иккинчи Ғазога айланиши мумкин.
Бош котиб Ғазо секторидаги вазиятни “бутун минтақани қамраб олиши” мумкин бўлган “туганмас даҳшат”га қиёслади.
“Фаластин халқининг жамоавий жазоланишини ҳеч қандай тарзда оқлаб бўлмайди. Ғазо секторидаги ўлим ва вайронагарчилик тезлиги ва кўлами мисли кўрилмаган даражада”, деди Гутерриш.
Буни биз жуда яхши билиб турибмиз? А нима, сизга энди етиб бордими, жаноб Гутерриш? Нега бунга нуқта қўймаяпсиз, қўёлмаяпсиз? Ҳолбуки, тарихда ташкилотнинг энг ёмон ва энг сўнгги Бош котиби сифатида қолиш чекингизга тушишини ҳам билсангиз керак?! Аллақачон ишончсиз тузилмага айланиб қолган БМТ қуруқ мажлисбозлик ва сафсатадан нарига ўтмай қўйгани унинг ҳам тақдири Миллатлар Лигасидек якун топишидан дарак бераётгандек.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг айтишича, Исроил нафақат Ғазога, балки Ливанга ҳам зарба беришда давом этади.
Шунингдек, БМТ минбарида чиқиш қилган Нетаньяху Эронда Исроилнинг узун қўли етмайдиган жой йўқлиги ва бу бутун Яқин Шарққа тегишли эканини айтди. Бундан кўринадики, Эрдўғаннинг Исроил фақат Ғазо билан чекланмаслиги, хавф гуруҳи рўйхатининг бошида Туркия келиши ҳақида бундан бир неча ой аввал билдирган хавотирлари ўринли.
Нетаньяху БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессиясидаги чиқиши бошланиш арафасида кўплаб делегациялар ўз ўрнини тарк этди. Нетаньяху Исроил "ваҳший душманлар" олдида ўз ҳаёти учун курашаётганига қарамай, “тинчлик”ка интилаётганини айтди.
“Менинг мамлакатим “уруш”да ўз ҳаёти учун курашмоқда. Биз бу “ваҳший қотиллар”дан ўзимизни ҳимоя қилишимиз керак. Душманларимиз нафақат бизни йўқ қилишга, балки умумий цивилизациямизни вайрон қилишга, барчамизни зулм ва террор асрига қайтаришга интилмоқда”, деди Нетаньяху.
Нетаньяху Исроил Ливан жанубидаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати позицияларига зарба беришда давом этар экан, ҳужумлар кенг қамровли минтақавий урушга олиб келиши мумкинлигидан “хавотирда”. У, шунингдек, ўз нутқида расмий Теҳронга таҳдид қилиш билан бирга, минтақадаги можаро учун айбни Эронга юклашга ҳаракат қилди.
У минбарга “барака“ ва “лаънат” сўзлари ёзилган хариталарни кўтариб чиқди. “Барака“ харитасида Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Миср ва Судан яшил рангда белгиланган ва ушбу мамлакатлар улуғланган. Нетаньяху “Лаънат” харитаси деб таништирган иккинчи расмда эса Эрон, Сурия, Ироқ ва Яман қора рангда тасвирланган. Хариталарни ушлаб турган Нетаньяху дунё "барака" ва "лаънат" ўртасида танлов қилиши кераклигини айтди. Иккала харитада ҳам Ғазо ва Ғарбий Соҳил Исроил ҳудуди сифатида кўрсатилган.
Марказий Осиё мамлакатларининг эса ҳамон БМТдан умиди катта. Сессияда қатнашган икки Президенти Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон ва Қирғизистондан Садир Жапаров урушларни тинч, сиёсий йўллар ва дипломатия воситалари билан тугатишга чақирди. Жапаров урушга сарфланадиган пулларни бунёдкорликка харжлашга ундади.
БМТда Афғонистон масаласи ҳам кўтарилди
Албатта, Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Афғонистон масаласи ҳам кўтарилмай қолмади. Энг аввало, АҚШ Президенти Жозеф Байден АҚШ кучлари Афғонистонни ўз холига қўйиб, мамлакатдан чиқиб кетгани тўғри қарор бўлганини айтди. Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон эса халқаро ҳамжамиятни Афғонистоннинг узоқ азоб чекаётган халқига, жумладан, табиий офатлардан жабр кўрган ҳудудларига ёрдам кўрсатиш учун саъй-ҳаракатларни амалга оширишга яна бир бор чақирди. Бу сафар у Афғонистонга террорчилик ва гиёҳванд моддалар макони сифатида ном бермади.
БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида шу ҳафта бўлиб ўтган Афғонистон бўйича юқори даражадаги тадбирда эса ташкилот Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари ДиКарло афғон ҳукуматига мамлакатнинг аёл аҳолисига нисбатан барча камситувчи чекловларни зудлик билан бекор қилиш талаби билан чиқди.
“Мақсад “Толибон”ни биринчи навбатда афғон халқи ва халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини бажаришга мажбурлаш. Афғонистон халқаро ҳамжамиятга қайтиши мумкин бўлган ягона йўл шу”, дейди у.
Шу десангиз, Афғонистонда чекловлар нафақат аёллар, балки эркакларга нисбатан ҳам ошиб бормоқда. Масалан, шу ҳафта “Толибон” муваққат ҳукумати эркакларга жинси шим кийишни ва турли соч турмагини тақиқлади.
Ҳа дарвоқе, жорий ҳафтада “World Happiness Report” Жаҳон бахтиёрлик рейтингини янгилади ва унда аҳолининг бахтлилик даражаси энг паст бўлган давлат Афғонистон бўлди
Исроил Ливанга зарба бера бошлади
Ливан янги уруш ўчоғига айланяпти. Балки Гутерриш таъбири билан айтганда, жаҳаннам. Жорий ҳафта бошидан бери Исроилнинг Ливанга зарбалари жами 800 га яқин кишининг ҳаётига зомин бўлди. Энг қизиғи, Фаластинни, Ғазони бизнинг ҳудуд, деб иддао қилаётган Исроилнинг Ливанда нима иши бор?
Сўнгги қирғинбаротлар фонида Ливан шимолида яшовчи аҳоли қўшни мамлакатлар – Сурия ва Ироқ томон қочмоқда. 27 сентябрь ҳолатига кўра, 110 мингдан ортиқ одам яшаш жойини тарк этишга мажбур бўлган. Ироқ ҳукумати мамлакатга келаётган ливанликларга бепул виза беришни ва виза муддати тугаганларга уни узайтиришни буюрди. Сурия томони келаётган қочоқларга ёрдам кўрсатиш учун чегара пунктларига махсус тиббиёт ходимларини юбориб, шифохоналарни 24 соатлик режимга ўтказди.
“Ҳизбуллоҳ” аъзолари ҳам бир неча бор Исроил томон ракета учиргани ҳақида хабар берган.
25 сентябрь куни Исроил мудофаа кучлари Бош штаб раҳбари Герзи Ҳалеви Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қарши қуруқликдаги операция тайёрлашини маълум қилди.
26 сентябрь куни Франциянинг Европа ва ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Баррот БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Франция илтимосига кўра ташкил этилган Ливандаги вазиятга бағишланган фавқулодда йиғилишида АҚШ ва Франция Исроил ва Ливан ўртасида шошилинч 21 кунлик ўт очишни тўхтатиш бўйича қўшма чақирув эълон қилди. 11 давлат ва Европа Иттифоқининг қўшма баёнотида Исроил ва “Ҳизбуллоҳ”ни уч ҳафталик сулҳ эълон қилишга ва шу вақт ичида можарони тинч йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилишга чақирди.
Шу хабарлар фонида Франция Президенти Эммануэль Макрон АҚШни Исроилни Ливан бўйича 21 кунлик сулҳ режасини қабул қилишга мажбурлашга чақириб, бу босқин катта хато бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
27 сентябрь куни Исроил АҚШ томонидан етказиб берилган бункерларни йўқ қилишга мўлжалланган оғир типдаги бомбалар билан Байрутдаги бутун бир квартални ер билан битта қилди. Кадрларда тинч аҳолининг ҳаётига зомин бўлган Исроил ҳужуми оқибатида даҳшатли вайронагарчиликларни кўриш мумкин. Исроил армияси баёнотига кўра, “аниқ зарба” гуруҳнинг марказий қароргоҳига қаратилган.
Байрутга зарбалар Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг БМТ Бош Ассамблеясидаги узоқ ва ўта эмоционал нутқидан кўп ўтмай бошланди.
5 вазир ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзди
Тугаётган ҳафтада Ўзбекистонда ҳукуматнинг 5 нафар вазири депутатликка номзодини қўйди ва агар сайланса, лавозимидан воз кечиши ҳақида ариза ёзгани маълум бўлди. Булар – Адлия вазири Акбар Тошқулов, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов.
Сайлов кодексининг 72-моддасига кўра, депутатликка номзоди кўрсатилган шахснинг ўз номзоди тегишли бир мандатли сайлов округидан овозга қўйилишига ёки партия рўйхатига киритилишига рози эканлиги, башарти у Қонунчилик палатаси депутати этиб сайлангудек бўлса, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисида ариза ёзади.
Сиёсий партияларнинг парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига қўйилган номзодлари таркибида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов ҳам бор.
Шунингдек, маданият ва санъат вакиллари ичидан Ёдгор Саъдиев, Раъно Шодиева, Гавҳар Зокирова, Раъно Зокирова ва Дилноза Кубаева ҳам депутатликка ўз номзодини қўйган.
Маълумот учун, қонунчилик палатаси депутатлари ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин эмас. Қонунчилик палатаси депутатига унинг депутатлик фаолияти билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда қопланади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири лавозими ишлаб келаётган Беҳзод Мусаев эса сайловгача етиб бормай, шу ҳафтанинг ўзидаёқ курсисидан айрилди ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига раҳбар этиб тайинланди. Вазир лавозимини эса Шайхонтоҳур тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Ботир Зоҳидов эгаллади.
Ўзбекистон эса Марказий Осиёда энг бахтли мамлакат сифатида етакчилик қилмоқда
Дунёда қон тўкилиши тинмаётгани бор гап. Бироз аввал Афғонистон Ер куррасининг энг бахтсиз мамлакати бўлганини айтгандим. Финляндия, Дания, Исландия, Швеция жаҳоннинг энг бахтли мамлакатлари қаторида эътироф этилди. Ўзбекистон эса Марказий Осиёда энг бахтли мамлакат сифатида етакчилик қилмоқда. Умумий рейтингда эса 47-ўринни эгалладик. Хўш, ўзингизга ўзингиз савол беринг? Бахтлимисиз? Бахт сиз учун нима? Бахтли бўлишингиз учун нима керак ва у сизда борми? Жавобларингизни изоҳларда кутамиз. Саломат бўлинг!
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь