Таксичилик бозорининг ҳажми салкам 6 трлн сўмга етди
Жамият
−
11:11
16832024 йилда Ўзбекистонда такси бозорининг ҳажми 5,89 трлн сўмга етди. Бу ҳақда Солиқ қўмитасининг такси бозорини қонунийлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида тақдим этган ҳисоботи келтирилган.
Ҳисоботга кўра, бир қатнов учун ўртача тўлов 18 минг 456 сўмни ташкил қилди. Солиқ органлари ахборот тизимлари билан интеграция қилинган такси агрегаторлари сони ўтган йилнинг апрель ойида 6 та, август ойида 142 тани ташкил қилган бўлса, 2024 йил охирига келиб уларнинг сони 155 тага етди.
Ушбу вақт ичида 319 миллион 57 минг 965 марта йўловчи ташиш амалга оширилган. Йўловчи ташиш айланмаси 5,9 триллион сўмга етган. Уларнинг қарийб 4,5 триллион сўми (76,3 фоизи) нақд пул, 1,4 триллион сўми (23,7 фоизи) карта орқали тўланган.
Агрегаторлар орқали йўловчи ташиш билан 498 мингга яқин ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар шуғулланмоқда. Ҳайдовчиларнинг ярмидан кўпи (57 фоиз) 30-50 ёшда – 283 минг 680 киши, 30 ёшгача – 179 минг 245 киши (36 фоиз), 50 ёшдан катталар – 35 минг 4 киши (7 фоиз).
Шундан аёл ҳайдовчилар сони деярли 4 баробарга ошган: ўтган йил бошида 1053 нафарни ташкил қилган бўлса, йил охирига келиб 4 124 нафарга етган.
Йил давомида такси хизматини кўрсатган 4,7 мингга яқин ҳайдовчи 100 миллион сўмдан ортиқ даромад олган. Шунингдек:
- 50-100 миллион сўм – 23,1 минг ҳайдовчи;
- 10-50 миллион сўм – 114,6 минг ҳайдовчи;
- 5-10 миллион сўм – 63,5 минг ҳайдовчи;
- 1-5 миллион сўм – 136,4 минг ҳайдовчи;
- 1 миллион сўмгача – 155,5 минг ҳайдовчи.
Йўловчилар асосан Nexia (17,8 фоиз), Cobalt (16,9 фоиз), Lacetti (13,9 фоиз), Spark (10,7 фоиз) ва Matiz (7,9 фоиз) автомашиналарида ташилади. Сафарларнинг катта қисми Тошкент шаҳрига тўғри келади – 51,6 фоиз. Шунингдек, Самарқанд вилоятида – 7,65 фоиз, Фарғона вилоятида – 7,56 фоиз, Бухоро вилоятида – 6 фоиз, Андижон вилоятида – 5,74 фоиз ва Қорақалпоғистонда – 5 фоиз.
2024 йилда такси агрегаторлари томонидан 156,8 миллиард сўм солиқ тўланган бўлса, шундан 66,2 миллиард сўми қўшилган қиймат солиғи ҳисобланади.
LiveБарчаси
Самарқанд шаҳрида метро қурилади.
14 Январь
Доллар курси пастлади.
14 Январь