“Миллий тикланиш” етакчиси Киевни эгаллаш Россия учун орзулигича қолишини айтди

Жамият

image

Ҳозирда Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Захар Прилепиннинг собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сургани Ўзбекистонда норозилик ва кенг мунозараларга сабаб бўлмоқда. “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Миродил Абдураҳмонов ҳам бу бўйича муносабат берди. Унинг баёноти партиянинг Telegram'даги расмий каналида эълон қилинди.

“Россиялик ҳарбий Захар Прилепинларнинг борлиги, уларнинг айрим гуруҳлар иситмасини ошкор қилаётгани яхши. Ўрта бўғиндаги ҳарбий аъённинг иддаоси яқиндагина шу мавзуда фикр билдирган Россия Думаси депутати жаноб Толстой фикрларининг яланғочланган шакли, аслида”, дейди Абдураҳмонов. 

Унинг айтишича, ҳозирда глобаллашаётган дунё таҳдидлари, тобора кучлироқ намоён бўлаётган ўзаро ишонч инқирозлари юртни севишнинг ўзи кифоя эмаслигини кўрсатяпти.

“Бас, шундай экан устувор вазифа – ҳар лаҳза шу юрт учун жон фидо қилишга тайёр бўлган, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаган, бутун вужуди кўҳна тарихимиз, миллий қадриятларимиз асосида парваришланган авлодни тарбиялашга эътиборни янада кучайтиришимиз керак. Акс ҳолда кутилган мақсадга эришишимиз кечикаверади”, дейди Миродил Абдураҳмонов.

Шунингдек, у кинояли тарзда Прилепинга “тилимизни, меҳнат мигрантлари ҳамда ҳозирча Сиз учун орзу саналган Киев парадини эслатиб, хушёрликка ундаган”и учун “миннатдорлик” билдирган.

Бироқ Миродил Абдураҳмоновнинг мазкур баёноти “Миллий тикланиш” демократик партиясининг расмий каналида эълон қилинганидан кўп ўтмай негадир ўчириб ташланди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов Прилепиннинг баёнотига муносабат билдираётиб, “Ақлсиз дўст ақлли душмандан ёмонроқдир”, нақлини эслатганди. Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербоев эса Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам мазкур вазиятдан норозилик билдириб, Россияга расмий нота юбориши кераклигини таъкидлаганди.

Аввалроқ эса Россия Давлат Думаси вице-спикери Пётр Толстой собиқ Совет иттифоқига кирган давлатларда, хусусан, Ўзбекистонда Россияда ишлаётган мигрантлар ҳисобидан рус тилида ўқитиладиган мактаблар қуришни таклиф қилганди. Бунга “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров ўз муносабатини билдириб, шундай деганди:

“Биз ўзбек тилини билмайдиган хизматчиларни ишдан ҳайдашни таклиф қилишимиз керак(ми?) Биз бошқа йўлдан борамиз – уларга ўзбек тилини ўргатамиз. Сиз эса ўзингиз ишлашни ўрганинг. Бу рус тилига қачонлардир ҳақиқий ҳурмат пайдо бўлишига олиб келиши мумкин”.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ўзбекистон Миллий тикланиш Захар Прилепин Миродил Абдураҳмонов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг