Кушербоев Ташқи ишлар вазирлигини Россияга норозилик билдиришга чақирди
Жамият
−
21 Декабрь 2023
20554Аввалроқ, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сургани хабар қилинганди. Ўзбекистонда Прилепиннинг мазкур баёноти норозилик билан қабул қилинди. Хусусан, Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербоев вазиятга муносабат билдириб, Россия сиёсатчилари томонидан бу каби баёнотлар берилиши кўпайиб бораётганини айтди.
“Афсуски Россия сиёсатчилари томонидан бу каби баёнотлар берилиши кўпайса кўпаймоқдаки, асло камаймаяпти. Бу эса хавотирли”, дейди Кушербоев.
У ўзбекистонликлар бошқа мақсад йўлида бирлашмаса-да, мамлакат мустақиллигини сақлаб қолиш йўлида бирлаша олишига ишонч билдирган.
Шунингдек, Расул Кушербоев расмий Кремль мамлакат ва халқлар ўртасида уруш ва адоватини қўзғаётган бу каби “шовинистлар”га нисбатан қонуний чоралар кўриши кераклигини эслатган.
“Акс ҳолда Ўзбекистонни босиб олиш бу кўпчилик томонидан Кремлнинг келажакдаги стратегик режаси сифатида қабул қилинади”, дея қўшимча қилган вазир маслаҳатчиси.
Бундан ташқари, у Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам мазкур вазиятдан норозилик билдириб, расмий нота юбориши кераклигини таъкидлаган.
“Дарвоқе, Шимолий Кореяни ракета учирганидан ташвишга тушадиган Ташқи ишлар вазирлигимиз ҳеч бўлмаса ҳозир уйғониб, бу бўйича расмий Нота юбориши керак”, дейди Расул Кушербоев.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов Прилепиннинг баёнотига муносабат билдираётиб, “Ақлсиз дўст ақлли душмандан ёмонроқдир”, нақлини эслатганди.