Толстой Ўзбекистонда мигрантларнинг пулига русча мактаблар қуришга чақирди
Олам
−
15 Ноябрь 2023
12221Россия Давлат Думаси вице-спикери Пётр Толстой собиқ Совет иттифоқига кирган давлатларда, хусусан, Ўзбекистонда Россияда ишлаётган мигрантлар ҳисобидан рус тилида ўқитиладиган мактаблар қуришни таклиф қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзди.
“Рус тили барча собиқ иттифоқ республикалари ҳудудида миллатлараро мулоқот тили бўлиши керак. Афсуски, бугунги кунда Россия муҳожирларга нисбатан пассив позицияда”, дейди Толстой.
У собиқ СССР таркибига кирган давлатларда рус мактаблари тизимини ривожлантириш муҳим эканини, чунки бугунги кунда рус тили миллатлараро мулоқот тили сифатида фақат Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистонда қўлланилишини айтган.
“Аммо Арманистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқа давлатларда бундай эмас. У ерда рус тилидаги мактабларни қуриш, 90-йилларда "ўлдирилган" совет интеграция тизимини ривожлантиришда бизнинг ҳисобимиздан эмас, юқоридаги давлатлар ҳисобидан мустақил равишда, уларнинг фуқаролари Россияда ишлаш вақтида ўз ватанларига юборадиган даромадлар ҳисобига амалга оширилишини таклиф қиламан”, деган Дума вакили.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ёшлар сиёсати департаментининг раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев Москвага бориб, Россия Давлат Думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашувда Россия ҳукуматидан ўзбек диаспораси ҳисобидан мамлакатда меҳнат муҳожирларининг фарзандлари учун хусусий боғча ва мактаблар очишда ёрдам сўраганди. Шундан сўнг, Россиялик депутат Михаил Делягин мазкур ташаббус мамлакат қонунларига мос келмаслигини айтиб, Ўзбекистон Россиядан фуқароларини олиб кетиши кераклигини иддао қилганди. Бунга жавобан депутатнинг Ўзбекистондаги мавқедошлари, жумладан, “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров Россияда ўзбеклар ва ўзбек тилига муносабат “Делягинча” бўлса, Ўзбекистонда ҳам рус тилига муносабат буткул ўзгариши кераклигини айтган, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса ўзбекистонликлар ҳалол меҳнатлари эвазига ўз оилаларини моддий таъминлаётганини, Россия уларни текинга боқмаётганини эслатган эди.