Захарова Прилепиннинг тажовузкор сўзларига муносабат билдирди
Олам
−
21 Декабрь 2023
37042Россиялик сиёсатчи Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни босиб олиш ҳақидаги тажовузкор гапларидан сўнг Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова ўз муносабатини билдирди. Унинг сўзлари мамлакат ТИВ сайтида келтирилган.
Захарованинг сўзларига кўра, Россия ва Ўзбекистонни ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари боғлаб туради.
“Бу шунчаки ёқимли ибора эмас. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил октябрь ойида мамлакатимизга расмий ташрифининг таъсирчан якунлари, кенг кўламли йиғилишда ҳукм сурган илиқ муҳит бунинг яққол далилидир”, дейди Захарова,
Шунингдек, у 2004 йил 16 июндаги стратегик шериклик ва 2005 йил 14 ноябрдаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномаларни эслатиб ўтган.
“Ўзаро мажбуриятларга кўра, ҳамкорлигимиз суверенитетни ҳурмат қилиш, аралашмаслик, дўстлик ва яхши қўшничилик асосида қурилган. Икки давлат вакилларининг МДҲ, ШҲТ ва БМТдаги фаолияти тенг ҳуқуқлилик ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш руҳи билан суғорилган. Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ўсиши манфаатларидан келиб чиқиб, Москва Тошкентга Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомини ҳисобга олган ҳолда ёрдам бермоқда”, дея иддао қилган у.
Бундан ташқари, у икки давлат ҳар доим бир-бирига ёрдам беришга тайёрлигини айтиб ўтган.
“Бу бир неча бор амаллар билан тасдиқланган (коронавирус пандемияси даврида ўзаро ёрдам, жабрланган ҳудудлар аҳолисига инсонпарварлик ёрдами, Марказий Осиёда ғайритабиий совуқлик даврида Россия энергия ресурсларини етказиб бериш, ва бошқалар.)”, дея Захарова Россиянинг ёрдамларини рўкач қилган.
У миграция мавзусига ҳам тўхталиб ўтган.
“Россия томони чет элдан, биринчи навбатда, дўст мамлакатлардан меҳнат ресурсларини жалб қилиш ҳам Россия, ҳам бундай хизматларни экспорт қилувчи давлатлар манфаатларига жавоб беришини бир неча бор таъкидлаган. Айни пайтда миграция соҳасидаги ҳамкорликни янада тартибли ва ўзаро манфаатли бўлишини таъминлаш мақсадида бир қатор тартибга солиш, ташкилий, ахборот ва бошқа чора-тадбирлар бўйича ишлар олиб борилмоқда”, дейди Россия ТИВ вакили.
Унинг айтишича, Прилепиннинг баёнотлари унинг шахсий фикри бўлиб, Россия Федерациясининг расмий позициясини узоқдан ҳам акс эттирмайди.
Эслатиб ўтамиз, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сургани хабар қилинганди. Бу Ўзбекистонда норозилик ва кенг мунозараларга сабаб бўлди. Ўзбекистонлик фаоллар ва депутатлар бу борада ўз муносабатларини эълон қилди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов Прилепиннинг баёнотига муносабат билдираётиб, “Ақлсиз дўст ақлли душмандан ёмонроқдир”, нақлини эслатди.
Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербоев эса Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам мазкур вазиятдан норозилик билдириб, Россияга расмий нота юбориши кераклигини таъкидлади. “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Миродил Абдураҳмонов ҳам бу бўйича муносабат бериб, Киевни эгаллаш Россия учун орзулигича қолишини айтди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса Прилепиннинг бундай ҳаракати на Ўзбекистон, на Россия қонунчилигига тўғри келмаслигини эслатди. Яна бир депутат Умида Раҳмонова эса бир давлатнинг суверенитет ҳуқуқини бошқа давлатларга нисбатан бузишни ғирт иккиюзламачилик деб атади.
LiveБарчаси