СССР васвасаси. Рус пропагандачилари ақлдан озган…ми?

Таҳлил

Сездингизми, сўнгги пайтларда айрим рус пропагандачилари томонидан Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистонга нисбатан "тош отишлар" кўпайиб бормоқда. Олдинроқ “Справедливая Россия – за правду” партияси ҳамраиси Захар Прилепин Ўзбекистонни босиб олиш ҳақида гапириб чиққан бўлса, эндиликда ўзини “тарихчи” деб ҳисоблайдиган шовинист Михаил Смолин ўзбек халқининг гўёки 1917 йилдаги инқилобгача мавжуд бўлмаганини иддао қилди.

“Қозоғистон қандай пайдо бўлди? Аслида, у дастлаб РСФСР таркибида Қозоғистон ССР деб аталган. Унгача қозоқлар умуман йўқ эди. Кейин Қозоғистон ССР ичида Қирғизистон ССР ташкил этилди ва шундан сўнг уни РСФСРдан ажратишди. Ўшанда миллатларнинг шаклланишига оид қарорлар шу қадар ихтиёрий равишда қабул қилинган. Масалан, ўзбеклар инқилобгача ҳеч қачон бўлмаган, бундай ном йўқ эди. Марказий Осиёнинг бир қанча халқларидан ўзбекларни олиб яратишди. Озарбайжонлар кимлар? Бундай миллат йўқ эди. Инқилобдан олдин бундай халқ бўлмаган”, деган Смолин.

Кўрганингиздек, у нафақат ўзбек халқи, балки қозоқ ва озарбайжон халқлари ҳақида ҳам шундай фикрда. Ўз ўрнида савол туғилади: Наҳотки тарих фанлари номзоди бўлган Смолин Марказий Осиёдаги халқларнинг бир неча минг йиллик тарихидан бехабар бўлса. Ёки била туриб тан олгиси келмаяптими? 

Аслида масала бунда ҳам эмас. Ўз тадқиқотларини Россия империяси мафкурасига бағишлаган, рус халқининг бугунги кундаги сиёсий мақсади ўша империяни тиклаш деб биладиган Смолин бундай тутуриқсиз гапларини НТВда, яъни Бутунроссия федерал телеканали эфиридан туриб айтяпти. 

Ўзбекистонни босиб олишни таклиф қилган Захар Прилепин эса ўша таҳдидли гапларини “Россия Сегодня” халқаро мультимедиа матбуот марказида бўлиб ўтган анжуманда айтганди. 

Очиқ маълумотларга кўра, НТВ акцияларининг катта қисми “Газпром медиа” холдингига тегишли, “Россия Сегодня” эса давлат корхонаси саналади.

Смолиннинг тарихни бузиб кўрсатадиган сафсаталари Ўзбекистонда акс-садо бериши тайин эди, албатта. Биринчилардан бўлиб Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербоев бундай иддаоларга муносабат билдирди. Унинг айтишича, катта эҳтимол билан Кремль буюртмаси асосида рус зиёлилари секин-аста Марказий Осиё мамлакатларини босиб олишга ўз жамиятини руҳан тайёрлаяпти. Кушербоев бу каби сценарийлар Украина босқинидан олдин ҳам қўлланилганини эслатди.

“Афсуски, бу ишлар Украинага уюштирилиши кутилган босқиндан олдин ҳам бўлган. Яъни худди шу сценарийдан кетилган. Украинани босиб олиш керак, украинлар нотўғри қиляпти, деган гапларни бир муддат давомида бутун каналлар орқали пропаганда қилишди ва жамият кейинчалик буни нормал қабул қилишни бошлади. Худди шу сценарий ҳозирда Марказий Осиё халқларига нисбатан ҳам кетяпти. Шуни кузатиб ўтираверамизми, деган савол бор. Ўтган сафар Ташқи ишлар вазирлиги зўрға гапирди (муносабат билдирди). Энди, бу сафар улар тарихимизни ҳам ўзгартирмоқчи, ҳеч бўлмаса биз Ўзбекистон ҳудудида Россия пропагандаси билан шуғулланаётган барча телеканал ва бошқа каналларни ёптириш ҳақида қарор қабул қилмасак бўлмайди. Тезлик билан ҳаммасини ёпиш керак. Рус пропогандаси билан шуғилланаётган ҳамма каналларни Ўзбекистон ҳудудида тарқатилишини тўхтатиш керак, вассалом. Чунки улар босқинчилик сиёсатини ахборот орқали амалга оширишни бошлаб юборди. Ҳеч бўлмаса, биз ўзимизнинг жамиятимизни бундан асрашимиз керак. Ҳеч бўлмаса, келажакда ўзимизни ичимиздан сотқинлар чиқишига йўл қўймаслигимиз керак”, дейди Кушербоев.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо ҳам аҳолини заҳарли ғоялардан сақлаш учун Ўзбекистондаги хорижий давлатлар пропагандасига хизмат қилаётган барча радио-телевидение каналлари ҳамда уларнинг интернетдаги сайтларини зудлик билан чеклаш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди.

“Тарихий ҳақиқатни англамайдиган ёки англашни истамайдиган Михаил Смолинга ўхшаганлар бундай қарашлари билан бир бутун халқларни ҳақорат қилмоқда. Бу кечирилмайдиган ва шунчаки “алаҳсираш” деб қараб бўлмайдиган ҳолдир! Бугун шовинистик пропаганда юзидаги ниқобни йиртиб, ўзининг ҳақиқий башарасини намойиш қилар экан, уларнинг хатти-ҳаракатида фашизмнинг “қўланса ҳиди” анқийди... Афсуски, шовинистларнинг жиноий ҳаракатлари ўзларининг жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланаётгани ўта аянчлидир. Аслида, Михаил Смолин ва унга ўхшаш “сиёсатдон”ларнинг оғзида айланаётган “тил” қора ният эгасининг тилидир”, дейди Маънавият ва маърифат маркази раҳбари. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров эса тарихчига тарихдан баъзи нарсаларни эслатиб қўйди ва 1395 йилда Амир Темур имкони бўла туриб, Москвани эгалламагани унинг энг катта хатоси бўлганини айтди.

“Янглишларнинг энг каттаси, фикримча, қудратга тўла даврида Темурнинг Московиянинг устидан эмас, ёнидан ўтиб кетгани бўлса керак. Устидан ўтиб кетганида, қаердан келганимизни муҳокама қилиш даражасида ақлсизлик қилишмаган бўлар эди”, деб таъкидлайди Алишер Қодиров.

Бошқа миллатларнинг бир неча минг йиллик тарихини йўққа чиқарган Смолиннинг иддаоларидан сўнг, расмий Москва ҳам тилга кириб, тарихчининг гаплари фақат ўзининг субъектив фикри эканини айтди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Россия ва Марказий Осиё мамлакатларини умумий тарих ва инсонпарварлик алоқалари, савдо-иқтисодий муносабатлар боғлаб туришини урғулади. 

“Қайд этилган ғалати баёнотлар табиатан соф субъективдир, юқорида айтиб ўтилган воқеликлар билан ҳеч қандай умумийлик йўқ ва бу бутунлай муаллифнинг виждонига ҳавола”, дейди Захарова. 

Айтиш керакки, ўтган сафар Прилепин билан боғлиқ вазиятда ҳам Захарова худди шундай баёнот билан кифояланганди. 

Алишер Қодиров эса расмий Москванинг шовинистларни “ғалати” чиқишларини таъкидлашдан нарига ўтмаётгани улар бундай риторикадан манфаатдор, деган таассурот уйғотишини билдирди.

“Сўнгги вақтларда рус тилида шовинистик баёнотлардан бошқа нарса эшитмаяпмиз. Бу ҳолатда муносабатлар ўз йўлига, амалий чоралар ҳақида ўйлашимиз керак”, дейди у.

Шу ўринда у Ўзбекистонда таълим ва телевидениеда рус тилидан фойдаланишни қисқартиришни таклиф қилди. Унинг айтишича, мамлакат аҳолисининг 3 фоизини ҳам ташкил қилмайдиган рус миллатига мансуб фуқаролар учун таълим ва телевидениеда рус тили номутаносиб даражада кўп ва бу тузатилиши керак.

“Биринчидан, Ўзбекистонда бошланғич таълимни она тилида ўқитилиши бўйича норма қонунга киритилиши мумкин.

Иккинчидан, қозоқ, озар, қирғиз, туркман, турк ва тожик қардошлар билан телекўрсатувлар алмашишни йўлга қўяйлик”, дейди Қодиров.

Юқорида айтилган таклифлар таклифлигича қоладими, ёки амалиётга кўчадими, бизга номаълум. Лекин, шуниси аниқки, Смолин ва Прилепинга ўхшаганлар яна чиқмаслиги учун, албатта, чора кўриш керак. Бошқача қилиб айтганда, ҳозирги геосиёсий вазият қанчалик таҳликали бўлмасин, улар зимдан ишора қилаётган нарсанинг олдини олиш шарт.

Бу борадаги фикрларингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг, воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ’да кузатиб боринг.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Расул Кушербоев Ўзбекистон Москва Алишер Қодиров Марказий Осиё Мария Захарова пропаганда Захар Прилепин Михаил Смолин Минҳожиддин Мирзо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made