Алишер Қодиров телевидение ва таълим тизимида рус тилини қисқартиришни таклиф қилди
Жамият
−
25 Январь
11063Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров Ўзбекистонда таълим ва телевидениеда рус тилидан фойдаланишни қисқартиришни таклиф қилди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзди.
"3 фоизга ҳам бормайдиган рус ватандошлар учун таълим ва телевидениеда рус тили номутаносиб даражада кўп! Бу тузатилиши керак”, дейди Қодиров.
У, биринчи навбатда, Ўзбекистонда бошланғич таълимни она тилида ўқитилиши бўйича норма қонунга киритилиши мумкинлигини айтди.
Шунингдек, депутат бошқа давлатлар билан телекўрсатувлар алмашишни йўлга қўйишни таклиф қилди. У "Миллий тикланиш" партияси фракциясида бу масалаларни муҳокама қилинишини билдирган.
“Қозоқ, озар, қирғиз, туркман, турк ва тожик қардошлар билан телекўрсатувлар алмашишни йўлга қўяйлик”, дейди Қодиров.
Қайд этиш жоизки, Алишер Қодировнинг бу таклифи россиялик шовинист тарихчи Михаил Смолиннинг Марказий Осиёдаги халқлар, хусусан, ўзбеклар ва қозоқларнинг гўёки 1917 йилдаги инқилобгача бўлмагани ҳақидаги иддаолари фонида билдирилди. Бундан сал олдинроқ эса Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сурганди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса уларнинг гаплари ўзларининг шахсий фикри экани ва бу расмий Москванинг позициясини англатмаслигини айтиб чиқди.
“Расмий рус томони шовинистларни “ғалати” чиқишларини таъкидлашдан нарига ўтмаяпти. Бу уларни бундай риторикадан манфаатдор деган таассурот уйғотади. Сўнгги вақтларда рус тилида шовинистик баёнотлардан бошқа нарса эшитмаяпмиз. Бу ҳолатда муносабатлар ўз йўлига, амалий чоралар ҳақида ўйлашимиз керак”, дейди Алишер Қодиров.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо аҳолини заҳарли ғоялардан сақлаш учун мамлакатдаги хорижий давлатлар пропагандасига хизмат қилаётган барча радио-телевидение каналлари ҳамда уларнинг интернетдаги сайтларини зудлик билан чеклаш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь