Ўзбекистонда Россия пропагандасига хизмат қиладиган каналларни чеклаш таклиф қилинди
Жамият
−
24 Январь
16252Аввалроқ, Россиялик шовинист тарихчи Михаил Смолин Россиянинг НТВ каналида уюштирилган ток-шоуда ўзбеклар, қозоқлар ва озарбайжонлар 1917 йилгача мавжуд бўлмаганини иддао қилганди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо аҳолини заҳарли ғоялардан сақлаш учун мамлакатдаги хорижий давлатлар пропагандасига хизмат қилаётган барча радио-телевидение каналлари ҳамда уларнинг интернетдаги сайтларини зудлик билан чеклаш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзди.
“Ўзбек кеча пайдо бўлган”, деб томоқ йиртаётган “тарихчи” ҳаққоний тарихни жуда яхши билади. Лекин унинг шовинизм билан “эмланган тафаккури” азалдан буюк давлат, буюк тарих, буюк маданият яратган халқнинг кимлигини тан олгиси келмайди”, дейди Минҳожиддин Мирзо.
У тарихий ҳақиқатни англамайдиган ёки англашни истамайдиган Михаил Смолинга ўхшаганлар бундай қарашлари билан бир бутун халқларни ҳақорат қилаётганини таъкидлади.
“Бу кечирилмайдиган ва шунчаки “алаҳсираш” деб қараб бўлмайдиган ҳолдир! Бугун шовинистик пропаганда юзидаги ниқобни йиртиб, ўзининг ҳақиқий башарасини намойиш қилар экан, уларнинг хатти-ҳаракатида фашизмнинг “қўланса ҳиди” анқийди... Афсуски, шовинистларнинг жиноий ҳаракатлари ўзларининг жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланаётгани ўта аянчлидир. Аслида, Михаил Смолин ва унга ўхшаш “сиёсатдон”ларнинг оғзида айланаётган “тил” қора ният эгасининг тилидир”, дейди Маънавият ва маърифат маркази раҳбари.
Шунингдек, Минҳожиддин Мирзо ҳозирда Россиядаги айрим шахслар СССР тузумини қўмсаб айюҳаннос солаётганини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова тарихчи Михаил Смолиннинг гапларини “ғалати” деб атаган ва бу унинг субъектив фикри экани ҳамда нима дейиш “муаллифнинг виждонига” ҳавола эканини айтганди. Ўзбекистон Табиат ресурслари вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоев эса Кремль буюртмаси асосида рус зиёлилари секин-аста Марказий Осиё мамлакатларини босиб олишга ўз жамиятини руҳан тайёрлаётганини, бу каби сценарийлар Украина босқинидан олдин ҳам қўлланилганини айтганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров эса Смолиннинг иддаоларига муносабат билдирар экан, Амир Темурнинг қудратга тўла даврида Москвани эгалламагани янглиш бўлганини айтди.
LiveБарчаси