“Темурнинг Московия устидан ўтмагани янглиш бўлган”. Қодиров Смолиннинг иддаосига муносабат билдирди
Жамият
−
24 Январь
21586Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров россиялик шовинист тарихчи Михаил Смолиннинг Марказий Осиёдаги халқлар, хусусан, ўзбеклар ва қозоқларнинг гўёки 1917 йилдаги инқилобгача бўлмагани ҳақидаги иддаоларига муносабат билдирди. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида пост қолдирди.
“Қадимги туркий миллатлар, жумладан, уларнинг энг мустаҳкам қўлларидан бири қарлуқнинг боши – ўзбекларнинг 3 минг йиллик давлатчилигини оддий инсон билмаслиги мумкин, лекин тарихчиман дегани билмаса, бундай илмсиз тарихчини эътиборсиз қолдириш керак”, дейди Қодиров.
У “3 минг йилнинг етарлича тўғри ва янглишлари бўлган”ини айтар экан, шундай хатолардан энг каттаси Амир Темурнинг Москвани эгалламагани бўлганини қўшимча қилган.
“Шу янглишларнинг энг каттаси, фикримча, қудратга тўла даврида Темурнинг Московиянинг устидан эмас, ёнидан ўтиб кетгани бўлса керак. Устидан ўтиб кетганида, қаердан келганимизни муҳокама қилиш даражасида ақлсизлик қилишмаган бўлар эди”, деб таъкидлайди Алишер Қодиров.
Шунингдек, у халқни бирлашишга чақирган.
“Давлатчилик тажрибамизнинг муҳим хулосаси – эл бўлмасдан ўзимиз билан ўзимиз тортишаверсак, яна зўравонга қул бўламиз!”, дея хулоса қилади Қодиров.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова тарихчи Михаил Смолиннинг гапларини “ғалати” деб атаган ва бу унинг субъектив фикри экани ҳамда нима дейиш “муаллифнинг виждонига” ҳавола эканини айтганди. Ўзбекистон Табиат ресурслари вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоев эса Кремль буюртмаси асосида рус зиёлилари секин-аста Марказий Осиё мамлакатларини босиб олишга ўз жамиятини руҳан тайёрлаётганини, бу каби сценарийлар Украина босқинидан олдин ҳам қўлланилганини айтганди.
LiveБарчаси