Прилепин жазоланмайди – Миронов
Олам
−
23 Декабрь 2023
37917Россиядаги “Справедливая Россия – за правду” (СРЗП) партияси раиси Сергей Миронов “Путин жамоаси” ижтимоий ҳаракати аъзоси, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари ва ўз партиясининг ҳамраиси Захар Прилепинга Ўзбекистонни Россия Федерациясига қўшиб олиш ҳақидаги гаплари учун ҳеч қандай жазо берилмаслигини айтди. Бу ҳақда у СРЗПнинг сайловолди съезди чоғида айтиб ўтди.
“Захар Прилепин ёзувчи, бу унинг ҳис-туйғулари. Совет Иттифоқини соғиниши аниқ. Ўзбекистон бундан ташвишга тушгани ва ҳатто Ташқи ишлар вазирлигимиз муносабат билдирганидан ҳайрон бўлдим. Мен бунга унчалик аҳамият бермаган бўлардим. Унинг жазоланиши мумкин эмас”, дейди партия раиси Миронов.
Сергей Миронов Прилепиннинг сўзлари унинг ёзувчи сифатидаги шахсий фикри эканлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сурганди. Бу Ўзбекистонда норозилик ва кенг мунозараларга сабаб бўлди. Ўзбекистонлик фаоллар ва депутатлар бу борада ўз муносабатларини эълон қилди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов Прилепиннинг баёнотига муносабат билдираётиб, “Ақлсиз дўст ақлли душмандан ёмонроқдир”, нақлини эслатди. Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербоев эса Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам мазкур вазиятдан норозилик билдириб, Россияга расмий нота юбориши кераклигини таъкидлади. “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Миродил Абдураҳмонов ҳам бу бўйича муносабат бериб, Киевни эгаллаш Россия учун орзулигича қолишини айтди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса Прилепиннинг бундай ҳаракати на Ўзбекистон, на Россия қонунчилигига тўғри келмаслигини эслатди. Яна бир депутат Умида Раҳмонова эса бир давлатнинг суверенитет ҳуқуқини бошқа давлатларга нисбатан бузишни ғирт иккиюзламачилик деб атади.
Жамоатчилик орасидаги норозиликлардан сўнг, Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Мальгинов 21 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Учрашувда Россия вакилига “Россия сегодня” матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда “Справедливая Россия – за правду” партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи Тошкентда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова эса Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни босиб олиш ҳақидаги тажовузкор гапларига муносабат билдириб, бу Прилепин шахсий фикри эканини, Москва билан боғлиқлик жойи йўқлигини айтди.
LiveБарчаси