АҚШ Навальний қамоқхонада вафот этса, Россияни нима кутаётганини маълум қилди
Олам
−
19 Апрель 2021
26558Агар Россия мухолифатининг етакчиси Алексей Навальний қамоқда вафот этса, Россияни бунинг ёмон оқибатлари кутмоқда. Бу ҳақда АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан CNN’га берган интервьюсида айтиб ўтди.
Унга кўра, Вашингтон сиёсатчининг соғлиги ёмонлашиши билан боғлиқ воқеалар ривожини хавотир билан кузатмоқда.
“Биз Россия ҳукуматига Навальний қамоқдалик пайти нима бўлса ҳам, бу учун улар жавобгар бўлишини айтдик. Биз уларга Навальний вафот этса, бунинг оқибати ёмон бўлиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантириш бердик”, дейди Салливан.
Маслаҳатчининг таъкидлашича, у Москвага қарши эҳтимолий қадамлар ҳақида ҳозирча гапира олмайди, аммо агар шундай вазият юзага келса, бу аниқ намойиш этилади.
Уч ҳафтадан кўпроқ вақт олдин Навальний қамоқхона маъмурияти қаттиқ оғриқ, орқа ва оёқларида сезгирликни йўқотгани сабабли уни хусусий шифокор кўригидан ўтказишга рухсат бермаганига норозилик сифатида очлик эълон қилди.
Шифокор Навальнийдан олинган тест натижаларида мухолифатчи танасида калий миқдорининг тўсатдан кўпайгани, бунинг оқибати юрак хуружи ва буйрак етишмовчилигига олиб келиши мумкинлигини амаълум қилди.
“Бемор бундай вазиятда ҳар қандай дақиқада ўлиши мумкин”, деганди олдинроқ Навальнийни кузатаётган Ярослав Ашихмин.
Эслатиб ўтамиз, Путиннинг давлат маблағи асосида ўзи учун сарой қурдирганини даъво қилиб чиққан Навальний Германиядан қайтган заҳоти аэропортда ҳибсга олиниб, кейинчалик 2,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Шундан сўнг, уни ватанпарвар мухолифатчи, деб билган омма намойишлар уюштирди. Навальний бир неча бор очлик эълон қилди, яқинлари ва адвокатлари унинг қамоқда қийноққа солинаётгани ва соғлиги ёмонлашганини айтиб чиқди.
Озодликка эришиш учун турли йўлларни қўллаб кўраётган Навальний ўтган ҳафта Қуръон китобини бермагани учун колония раҳбарини судга берди. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса буни провокация деб атади.
Ҳозирда Навальний жамоаси ўзи фаолиятини давом эттирмоқда ва яқинда эски мавзу бўйича янги суриштирув эълон қилди.
Шунингдек, Россия прокурорлари томонидан Навальнийнинг фаолиятини “экстремистик” деб баҳолаш таклиф қилинди.
LiveБарчаси