Навальнийнинг фаолиятини “экстремистик” деб баҳолаш таклиф қилинди

Олам 2585
image

Россиядаги бир қатор прокурорлар суддан қамоқдаги мухолифат лидери Алексей Навальнийга алоқадор гуруҳларни “экстремистик ташкилотлар“ деб белгилашни сўради. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.

Агар кеча, 16 апрель куни тақдим этилган таклиф маъқулланса, бу икки ярим йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Навальний томонидан тузилган гуруҳлар тармоғига нисбатан энг жиддий қадамлардан бири бўлади. 

Россиянинг “экстремистик ташкилотлар“ рўйхати ҳозирда 33 субъектдан иборат. “ИШИД” қуролли гуруҳи, “Толибон” ва “Яҳованинг шоҳидлари” шулар жумласидан. Россияда ушбу гуруҳларнинг фаолияти тақиқланган ва уларнинг аъзолари узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилиниши мумкин.

Россия қонунларига кўра, бундай гуруҳлар фаолиятини ташкил қилаётган шахслар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиб, уларда иштирок этаётганлар эса жиноий жавобгарликка тортилади.
 
Москва давлат прокурорининг таъкидлашича, Навальнийнинг Коррупцияга қарши курашиш фонди ва мамлакатнинг турли минтақаларида тузган ташвиқот гуруҳлари ўрганиб чиқилиб, судга мурожаат қилиш қарорига келинган.

“Либерал шиорлар ниқоби остида ушбу ташкилотлар ижтимоий ва ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш учун ҳаракат қилмоқдалар”, дейилади прокурор баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, Путиннинг давлат маблағи асосида ўзи учун сарой қурдирганини даъво қилиб чиққан Навальний Германиядан қайтган заҳоти аэропортда ҳибсга олиниб, кейинчалик 2,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Шундан сўнг, уни ватанпарвар мухолифатчи, деб билган омма намойишлар уюштирди. Навальний бир неча бор очлик эълон қилди, яқинлари ва адвокатлари унинг қамоқда қийноққа солинаётгани ва соғлиги ёмонлашганини айтиб чиқди

Озодликка эришиш учун турли йўлларни қўллаб кўраётган Навальний ўтган ҳафта Қуръон китобини бермагани учун колония раҳбарини судга берди. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса буни провокация деб атади.

Ҳозирда Навальний жамоаси ўзи фаолиятини давом эттирмоқда ва яқинда эски мавзу бўйича янги суриштирув эълон қилди.

 

Иқбол Эргашова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 76
Рейтинг: 2.9
t
×