Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси ўз миссиясини якунлади

Жамият

image

Украинанинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенко Тошкентдаги дипломатик миссиясини якунлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.  

Қайд этилишича, Дорошенко ва Саидов Ўзбекистон ТИВ биносида учрашув ўтказган. 

“Мамлакатимизда ўз фаолиятини якунлаган Украинанинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенко жанобларини ТИВда қабул қилдик”, дея ёзган Саидов. 

Учрашувда икки ва кўп томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича батафсил фикр алмашилган. Ўзбекистон ва Украина ўртасида савдо ҳажмидаги кучли ижобий динамика алоҳида қайд этилган. 

Шунингдек, Саидов элчига миннатдорлик билдириб, кунинг келсуси фаолиятига омад тилаган. 

“Йиллар давомида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни бойитиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун элчи жанобларига миннатдорлик билдирамиз ва янги фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаймиз”, дея ёзган ТИВ раҳбари. 

Маълумот учун, Микола Дорошенко 2020 йил июлдан бери Укриананинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида ишлаб келаётганди. У 2020 йил 1 июль куни Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга ишонч ёрлиқлари нусхаларини тақдим қилган. 2020 йилнинг 16 октябрь куни “Кўксарой” қароргоҳида хорижий давлатларнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчилари қаторида Дорошенко ҳам Президент Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиқларини топширган. Унинг элчилиги даврида Ўзбекистон бир неча бор Украинага инсонпарварлик ёрдами жўнатди ва украиналик болалар ёз ойларида Ўзбекистондаги лагерларда дам олди.  

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дорошенконинг ўзи ҳам Facebook саҳифасида Ўзбекистондаги фаолиятини якунлаётгани ҳақида ёзганди. Элчи ҳамкорлиги ва Украинани қўллаб-қувватлагани учун барчага миннатдорлик билдирган, ўзгармас қўллаб-қувватлаш ва ёрдам учун турмуш ўрторғи Наталья Дорошенкога алоҳида раҳмат айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина элчи Микола Дорошенко

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг