Ўзбекистон Украинага иккинчи гуманитар ёрдамни юборди
Жамият
−
07 Июнь 2022
9560Кеча, 6 июнь куни Ўзбекистон Украинага навбатдаги гуманитар ёрдам жўнатди. Бу ҳақда Закарпат вилояти маъмурияти раҳбари Виктор Микита маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 19 тоннадан ортиқ дори-дармонлар самолёт орқали Словакиядаги гуманитар марказига олиб келинган, сўнг улар Закарпат вилоятига етказилган.
“Биз антибиотик ва витаминлар ҳақида гапиряпмиз — жами 200 минг донадан ортиқ миқдорда 12 та маҳсулот. Ёрдам миқдори 1 миллион доллардан ошади. Бу Ўзбекистон вакиллари билан ҳамкорлик доирасидаги иккинчи гуманитар ёрдамдир”, дейди Виктор Микита.
Таъкидланишича, ёрдам зудлик билан жанговар ҳудудлардаги ҳарбий шифокорларга ва ҳимоячилар даволанаётган госпиталларга юборилади.
“Биз ёрдам учун ўзбекистонлик дўстлар, тадбиркорлар, кўнгиллилар ҳамда шахсан Украинанинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Николай Дорошенкога мувофиқлаштириш ҳамда самарали гуманитар йўлак ташкил этгани учун чин дилдан миннатдорлик билдирамиз”, дейди Виктор Микита.
Эслатиб ўтамиз, бу Ўзбекистоннинг Украинага юборган иккинчи гуманитар ёрдамидир. Биринчи марта 8 апрель куни Ўзбекистондан Украинага 34 тоннадан ортиқ гуманитар ёрдам юборилган. Ёрдам таркиби дори-дармон, индивидуал дори қутилари, узоқ муддат сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари, жами 400 минг донадан ортиқ бўлган 21 та позициядаги маҳсулотлардан иборат эди.
LiveБарчаси